Ўзбекистон халк артисти Тургун Азизов Майда гаплар галабалар олдида сезилмайди ёхуд Аброр тоганинг жияни

Ўзбек киносида илк мусиқали фиьлм сифатида эътироф этилувчи “Мафунингман” мелодрамасининг намойишига ҳам 65 йил бўлди. Ушбу лойиҳада бош роллардан бирини ижро этган Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов ўша кезларда 23 ёшда эди. Ҳозир устоз санъаткор 89 ёшда! Умр шундай, оқар сув каби ўтиб кетади. Аммо одам ҳаётидаги ёрқин эсдаликлар борлиги учун ҳам ўтган йилларга хаёлан қайтиб, ўша дамларнинг завқини соғич билан қалбдан ўтказади.

Илк томоша
Бир куни уйда шомга яқин ойим, дадам чиройли кийиниб қаергадир тайёргарлик кўрди. Ўшанда мен 9-10 ёшлар атрофида эдим. Менга уларнинг борар манзиллари қизиқ эди ва қаерга кетаётганини сўрадим. Шунда ойим ““Отелло” спектаклига, тоғанг рол ўйнаган кўргани борамиз”, деди. Мен ҳам боргим келаётганини айтдим ва улар билан бирга театрга бордим. Ана ўша ерда тоғам Аброр Ҳидоятовни Отелло образида кўрганман. Асарнинг маъносини тушунмадим, аммо санъатга меҳрим тушди. Мактабни тамомлагач, ҳужжатларимни Санъат институтига топширдим. Отам изларидан боришимни ва иқтисодчи бўлишимни истарди. Доим отам билан нонушта қилардик. Тонгларнинг бирида дастурхон бошида ниятимни айтдим. Ўшанда отам онамга “Сизнинг авлодингизда артист бор, шу учун бу ҳам ўша йўлни танлаяпти”, деб жаҳл қилди. Онам хотиржамлик билан “Ўлманг хожам, ўзингиз ҳам санъаткорларни яхши кўрасизку”, деди. Ҳақиқатдан ҳам отам санъатни яхши кўрарди. Хонадонимизга Мукаррама Турғунбоева, Карим Зокирий каби замоннинг энг улуғ санъаткорлари келар эди. Шундай қилиб менинг санъатдаги ҳаётим бошланди.

Аброр тоғанинг қарори
Тақдирни қаранг, институтда мен Радун домла билан танишдим ва у маҳоратимга қараб “Сени иккинчи курсдан бошлаб ўқийсан”, деди. Ўзимда йўқ хурсандман. Тезда Аброр (Аброр Ҳидоятов) тоғамнинг олдига бордим ва хушхабарни айтдим. Лекин бу хабарни Аброр тоғамга ёқмади. Тезда институтга қўнғироқ қилиб “Менинг жиянимни биринчи курсдан ўқитиб берасизлар, иккинчи курс керак эмас, ҳаммасини бошидан ўргансин”, деди. Шу билан мен биринчи курсдан ўқий бошладим.

Рақсга тушиб киносиновдан ўтдим
Кино – сеҳрли. Актёрман дегани борки, экранда кўринсам дейди. Кинохроникада ҳужжатли бир асарнинг суратга олиш жараёнларида иштирок этганимдан кейин кинога янада кўпроқ меҳрим тушди. Бир куни трамвайда тасодиф сабаб режиссёр Йўлдош Аъзамов билан кўришиб қолдим. Шу учраушвда Йўлдош ака менга “Турғунжон, бугун соат икки-учлар атрофида киностудияга келинг”, деди. Кейин хайрлашдик. Театрга келиб, ишларимни бажариб айтилган вақтда манзилга қараб кетаётсам, Шукур ака (Буерхонов)ни кўриб қолдим, устоз қаерга кетаётганимни айтдим. Шунда Шукур ака: “Борма, барибир у ерда сен ашула айтмайсан. Таваккал Қодировларни чақирган, қўй”, деди. Мен: “Ёши улуғ одам, ваъда қилгандим…”, дедим. Кейин Шукур ака “Ҳа, майли бора қол”, деди. Киностудияга бордим. Павильонда йигит билан қиз вальсга тушадиган саҳна учун тайёргарлик кўрилган экан. Мен ҳам рақсга тушиб синов топширдим. Фурсат ўтиб мени ролга тасдиқланганимни маълум қилди. “Мафтунингман” мелодрамаси менинг ижодимда янги саҳифани очди. Бакир Назаров… Орадан қанча йиллар ўтди, ҳамон мени кўрганлар ўша тракторчи ошиқ йигитни эслайди. Бу ҳам саодат!

Трамвай бекатидаги танбеҳлар
Ўзбек Миллий академик драма театрига ишга кирдим. Ўша кезларда тоғам Ҳикмат Латиповни чақирди. Ҳикмат ака билан Аброр тоғам Москвада бирга ўқишган, жуда қадрдон эди. “Ҳикмат сен театрдасан, кўп вақтинг шу ерда ўтади. Биласан, ўзим театрга “Отелло” қўйилганида келаман. Шунинг учун Турғуннинг ҳар бир ижодий ишини сен назорат қил, унга қўз-қулоқ бўл”, дегани эсимда. Ҳикмат ака шу-шу менинг ҳар бир ролимга жиддий эътибор қилди, маслаҳатларини берди. Ҳатто театрдан кетгандан кейин ҳам трамвай тўхтайдиган бекатда мени спектаклни тугатиб чиқишимни кутиб турарди. Эринмай, оғринмай ҳар бир ижроимга баҳо берарди, таҳлил қиларди, ўрни бўлса танбеҳ ҳам эшитардим. Ҳикмат ака Латиповнинг ҳатти-ҳаракатларида ҳар доим санъатга, саҳнага бўлган юксак ҳурматни ва тоғамга нисбатан оқибатни кўрардим. Шундай устозларни кўрганман, уларнинг суҳбатларини олганман.

Қадрдонлик аввалгидек иссиқ бўлмайди!
Ҳаётимиз давомида кўплаб одамлар билан учрашамиз, танишамиз, ҳамсуҳбат бўламиз. Йиллар давомида қадрдон дўстига айланамиз. Аммо қандайдир сабаблар билан муносабатлар дарз кетади. Қадрдонлик йўқолади, фақатгина кўришгандагина салом-алик қиламиз. Ҳаётнинг мураккабликлари шундай кезларда яққол кўринади. Тўғри, воз кечиб кетилмайди, саҳналарда бирга ишлаймиз, тўйига, азасига борамиз. Аммо қадрдонлик аввалгидек иссиқ бўлмайди. Шу ҳолатлар мени кўп ўйлантиради.

Санъаткорнинг фожиаси
Саҳна муқаддас. У ерда доимий кураш бор, меҳнат бор. Агар майдонда ўзингни исботламасанг, ўз-ўзидан у ерда сени ҳеч ким сезмайди. Санъатда сезилмаслик, намоён бўлмаслик фожиа. Лекин рақобат ҳар доим ҳам соғлом бўлмайди. Баъзида қадрдонлар билан муносабатлар совуқлашади… Энг ёмони ёшинг ўтгани сари секин-секин атрофингда одамлар камаяди, ёлғизланиб қоласан. Бу ҳам ҳаётнинг ўзига хос қонуни. Касбимиз – мусобақа. Бу мусобақада иродали одамлар ғолиб бўлади. Лекин соғлом рақобатдан кўз юмиб бўлмайди. Ҳаёт – меҳнатдан иборат. Бу майдонда кимдир ютади, кимдир ютқазади. Энг муҳими сен санъатдан ўзингни топа олишинг! Агар саксонга кириб ҳам саҳнадан ўзингни қидираётган бўлсанг, умрингни бекор ишга сарфлаган бўласан.

Армоним…
Бир куни турмуш ўртоғимга “Турмуш ўртоғингизни рашк қиласизми?”, деб савол беришди. Шунда аёлим “Санъаткорнинг аёли бўлиш осон эмас. Актёр саҳнада чиройли актриса билан рол ижро этса… унинг шаънига ширин сўзлар айтса… унинг умр йўлдошига улар осон ҳазм бўлмайди. Барибир юракда нимадир содир бўлади.
Аммо ўртада муҳаббат, ишонч бўлса ҳаммаси чиройли бўлади”, деган эди. Мен Розахон билан чиройли яшадим, мазмунли турмуш кечирдим. Лекин қалбимда битта армон қолди… у ҳам бўлса турмуш ўртоғим Розахон мендан аввал бу ёруғ дунёни тарк этгани…

Миннатдорман
Мен бахтлиман, ҳаётимдан миннатдорман. Ўзим севган аёл билан оила қурдим, фарзандларим бор, набираларим ёнимда. Ўзим истаган ҳатто хаёлимга келмаган ролларни ижро этдим. Ҳамон халқнинг ҳурматидаман. Бир одамга, бир ижодкорга бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Тўғри, майда-чуйда гаплар бўлади, лекин ғалабалар олдида улар сезилмайди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *