Ўзбекистон халқ артисти Зайнаб СадриеванингЎзбекистон халқ артисти Астрахандан Тошкентгача бўлган умр йўли

Ижодда вақт ва вазият инсоннинг руҳий ҳолатларини бошқара олиш қудратига эга. Бу икки омилни ҳаётий принципларда тўғри тақсимлай олиш эса мураккаб САНЪАТ. Санъат – ўзидан йироқлашиш эмас, балки ўзини топиш баробарида юзага келади. Ижро маҳорати юрак ҳарорати билан уйғунлашмаса, у ҳеч қачон даврларга дахл қила олмайди. Зайнаб Садриева вақт ва вазият бирлигига эриша олганлардан. Ижросидаги самимият даврлар билан ҳамнафас бўла олиши бунга исбот. Бу аёл сиймоси ҳар бир ўзбек хонадонида қадрли. Қаттиққўл, содда ва самимий қиёфаси юзимизга табассум, қалбимизга ҳамиша илиқлик олиб келади. Агар арзирли муболаға билан айтсак, уни узоқдан таниймиз, қадамларидан, овози ва ўзбекона лутфларидан… 

Муваффақият – меҳнатлар, изланишлар самараси. Балки бу қисматдир, балки тақдирнинг тасодифий туҳфаси… Хуллас, нима бўлганда ҳам Зайнаб Садриева саҳнада ва экранда ўз сўзини айта олганлардан. Санъатда миллий қаҳрамон даражасига кўтарилишини, балки ўйламагандир, кутмагандир лекин ҳалқнинг меҳрини, эътирофини орзу қилгани рост.
Зайнаб Садриева 1912 йилнинг 25 октябрида Астрахан шаҳрида туғилган. Отаси Садри бобо Астрахандаги ун заводида оддий ишчи бўлиб ишлаган. Онаси уйда фарзандлар тарбияси билан шуғулланган. 1916 йилда Астрахандаги ун заводи Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига кўчирилади ва шу сабабли Зайнаб Садриеванинг отаси барча оила аъзолари билан Янгийўлнинг  Қовунчи қишлоғига кўчиб келишади. Ўшанда Зайнаб Садриева тўрт ёшда эди. Шундай қилиб бўлажак актрисанинг болалиги Янгийўлнинг Қовунчи қишлоғида ўзбеклар орасида ўтади. У вояга етгач, Тошкентдаги хотин-қизлар билим юртига ўқишга киради. Техникумда Зайнаб Садриева Зулфияхоним билан бирга таҳсил олади. Тақдир бу икки аёлни чин маънода юртнинг “маликаси”га айлантирди. Зулфияхоним адабиётда, Зайнабхоним эса санъатда ҳақиқий юлдузга айланди. 
	Техникум рўпарасидаги Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (Ҳозирги Ўзбек Миллий академик театри)да танлов (кастинг)да ўн етти ёшли Зайнаб Садриева машҳур санъаткорлар эътиборига тушади ва бутун умрини санъат билан боғлайди. 
1929 йилда дастлаб ишчи – сайёр труппасида фаолиятини бошлаган актриса умрининг охирига қадар Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (Ҳозирги Ўзбек Миллий академик театри) саҳнасида ижод қилди. 
	Зайнаб Садриева театрда ишлаб юрган кезлари актёр Обид Ҳасанов билан танишади ва турмуш қуради. Ўзбекистон халқ артистлари Обид Ҳасанов ва Зайнаб Садриева икки ўғил ва икки қизни дунёга келтиришади. Афсуски, уларнинг икки ўғли ҳаётдан эрта кўз юмади. Уларнинг қизлари Розахон Ҳасанова ва Дилбархон Исмоилова. Ўзбекистон халқ артисти, кино ва театр, дубляж актрисаси  Дилбар Исмоиловани халқимиз яхши танийди. 
Ўзбекистон халқ артисти Зайнаб Садриева ижоди давомида турли хил образларни яратиб томошабинлар эътиборини қозониш баробарида, уларнинг меҳрига, муҳаббатига сазовор бўлди.
	Санъатда шундай қиёфалар борки, беихтиёр уларга эргашгинг, улардек бўлгинг келади. Шу маънода Зайнаб Садриева ўзининг яратган образларига ирода, ҳақгўйлик, қаттиққўллик, жасурлик каби туйғуларни маҳорат билан сингдирган эдики, томошабин унинг ижросидан куч, ҳаётий сабоқни топа оларди. 
	Актриса умрининг сўнгги йилларида саҳнада яна бир карра ўзини намоён эта олди ва халқ қаҳрамонига айланди.
	У 1975 йилда катта режиссёр Баҳодир Йўлдошев саҳналаштирган Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон қаҳрамони Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғалони” спектаклида Фармонбиби образини гавдалантирди ва барча учун янада севимли қиёфага айланди. Баҳодир Йўлдошев бош қаҳрамон танлашда янглишмаган эди. Ижрода актриса ҳақиқий ўзбек аёлининг ҳаётий ҳақиқатларини, ақидаларини миллий қадриятларга шу қадар маҳорат билан қориштирганки, ҳеч бир томошабин унинг қаттиққўллигидан, қўрслигидан озор чекмайди. Аксинча, унга эргашади…
Айнан шу спектаклдаги ижродан илҳомланган кинорежиссёр Мэлис Абзалов Зайнаб Садриева учун навбатдаги муваффақиятни, томошабин учун эса навбатдаги завқни тақдим эта олди. 1982 йилда суратга олинган “Суюнчи” кинокартинаси ўзбекона қадриятларнинг соф ва самимий чизгиларини намоён этади. Ушбу фильм давомида томошабин Анзират кампирнинг ёнидан бир зум жилмайди, унинг ташвишларига, қувончларига ўзини шерик қила олади. Зеро, санъатдаги энг катта муваффақият ҳам айнан шу бўлса керак. Шу ўринда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Суюнчи” фильмининг сценарий муаллифи Рихсивой Муҳаммаджонов Зайнаб опа ҳақида “Суюнчи” фильми, аслида, чол  ҳақида бўлиши керак. Лекин негадир, танлаган образимдан ҳаққонийлик топа олмадим. Узоқ ўйладим ва “нима учун ўз онам ҳақида ёзмаслигим керак”, деган қарорга келдим. Тўғриси, Анзират кампир айнан Зайнаб опа учун ёзилмаган эди. уларнинг саҳнадаги маҳоратини билардим, кузатардим. Лекин хаёлимга шу аёл келмаган. Кейин Анзират кампир образи учун Марям Ёқубова ва Зайнаб Садриевани тавсия этишди. Назаримда, Анзират кампир фақат Зайнаб Садриеванинг ижросида ўзини топадигандек туюлди. Кўпчилик Марям Ёқубованинг номзодини қўллаб-қувватлашди. Лекин мен: “Агар Зайнаб опа ўйнамаса, фильм суратга олинмаса ҳам майли”, деб туриб олдим... Анзират кампир образида кексаликнинг катта фожиаси бор. Фақат ўша ҳолат ниҳоятда сиполик, синчковлик билан берилган. Зайнаб Садриева образнинг меъёрини топа олган” деган эди. 
	Сўзимиз аввалида “Санъат – ўзидан йироқлашиш эмас, балки ўзини топиш баробарида юзага келади”, деган фикрни айтган эдик. Шу маънода, Ўзбекистон халқ артисти Зайнаб Садриева санъатдан ўзини топа олган буюк санъаткор эди. 
	Актрисанинг Астрахандан Тошкентгача бўлган умр йўли бугун барчамиз учун қадрли. 1952 йилда Ўзбекистон халқ артисти, кейинчалик эса Давлат мукофотига сазовор бўлган Зайнаб Садриева 1991 йил Тошкентда вафот этди. 
 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *