Ҳилол НАСИМОВ: “ҲАММАНИНГ ФИКРИ БИЛАН ҲИСОБЛАШСАНГИЗ ФИЛЬМ ОЛОЛМАЙСИЗ!”

Кино – томоша, кино – завқ, кино – ижод, кино – саёҳат, кино – санъат! Кино – дунёнинг ўзига хос сиёсати ҳам! Ҳилол Насимов – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр. “Ёдгор”, “Алданган аёл”, “Тубанлик”, “Ажал жодуси”, “Ҳаёт”, “Ватан остонаси”, “Мерос” каби бир қатор фильмларнинг режиссёри. Ҳилол ака билан суҳбатимиз кино ҳақида бўлди.

– Кино – сиз учун тақдирми ёки тасодиф?

– Аслида кино – томоша! У қайси жанрда бўлишидан қатъий назар уни томоша қиламиз. Мен ҳам фильмларни томоша қилиб бу санъатнинг шайдосига айландим. “Ажойиб хаёлпараст” фильмининг суратга олиниш жараёнларида кинони касб сифатида қабул қилдим. Ўша картинадаги кичкина роль мени катта кинога етаклади. Тақдирнинг бу тақдимидан миннатдорман! Яна бир гап биз суратга олган фильмлар ҳам томошабиннинг тақдирига таъсир кўрсатади, хулосаларига хизмат қилади.

– Сўнгги йилларда суратга олган фильмларингиздаги қаҳрамонларнинг тақдири томошабинни хавотирга солади, қўрқитади… Мавзулар бир-бирига яқин…

– Ҳар бир фильмда томошабин образлардан қай биригадир эргашиши шарт! У картинадаги қаҳрамонларнинг адвокатига айланиши лозим. Сўнгги йилларда асосан ҳарбий-ватанпарварлик мавзусида ишладим. Бу жуда нозик мавзу. Чунки, Ватан ҳақида, ватанпарварлар ҳақида шунчаки тўртта актёр, уч-тўртта баландпарвоз сўзлар билан кино қилиб бўлмайди. Эҳтимол комедияда, фантастикада юз фоиз тўқима образлар, сюжетлар бўлиши мумкин. Лекин Ватан ҳақида албатта реал қаҳрамонлар, бўлиб ўтган воқеалар билан ижод қилиш шарт! Мен кўрсатаётган қаҳрамон эҳтимол айтганингиздек томошабинни қўрқитар, хавотирга солар… Лекин улар ҳаётимизда бор одамлар! Адашганлар, пушаймонлар, Ватан қаҳрамонлари ўйлаб топилмайди! Мен улар билан учрашганман, суҳбатлашганман. Ҳеч нима осмондан олиб ёзилмайди. Баъзида қулоққа ёқмайдиган гапларни, туҳматларни эшитаман… Хафа бўлардим, сўнгги пайтларда эътибор қилмаяпман. “Ватан остонаси” фильмининг тақдимотида менга: “Раҳмат, мана бор эканку, мард ўғлонларимиз”, дейишди. “Ҳаёт” фильмимдаги ҳар бир қаҳрамон замондошимиз. “Алданган аёл” қанчадан-қанча адашганлар қисматини акс эттирган. Мен режиссёр сифатида Ватан олдидаги бурчимни адо этаяпман. Фильмларимда халқнинг қаҳрамонлари бор, бу билан фахрланаман!

– “Мерос”ни кўрдим… Аллақандай психологик, фантастик фильмлардан чарчаган томошабин учун оддий, самимий картина бўлибди… Фильм бир неча катта халқаро миқёсдаги кинофестивалларда эътироф этилди. Ўзингиз режиссёр сифатида мана шундай халқона ижодни соғинганингиз билинди…

– Тўғри айтасиз, соғинган эканман! Миллий қадриятлар, дўстона муносабатлар, икки дилнинг достони… Атрофимдаги ижодий гуруҳ ҳам босим билан жангари руҳда ишлаб толиққан экан шекилли, улар ҳам ўзимдек яйраб ишлади. Энг яхши фильм – халқчил бўлади. Томошабин учун тушунарли фильм бўлади. “Мерос” Сингапурда “Singapore International Film Festival-2022”, Ҳиндистоннинг “Олтин тулпор” (“Golden Horse Film Festival”), Покистоннинг “Gandhra Independent Film Festival” ва яна бир қатор халқаро кинофестивалларида алоҳида эътироф этилганидан хурсандман. Буюртма фильмларда ҳам албатта режиссёрнинг муносабати, позицияси бўлади, меҳнати “Мерос”, “Ёдгор”, “Номус” каби фильмлардан юз карра оғир, лекин ижодкор сифатида ўзимга ҳам оддий одамлар ҳақида, одамгарчилик ҳақида кино қилиш бошқача завқ беради.

– Фильмларингизга нисбатан берилган эътирофлар ёқимли. Лекин эътирозларнинг бўлиши ҳам табиий… Танқидни қандай қабул қиласиз?

– Агар дўстона бўлса ҳар қандай фикрни қабул қиламан. Ҳатто кейинги ижодий жараёнларда айнан ўша айтилган фикрларга таянаман ҳам. Лекин муносабатда ғайирликни сезсам… Жавоб бермайман. Аммо нима бўлганда ҳам ҳар бир айтилган муносабатни ўйлаб кўраман, таҳлил қиламан. Чунки бу менинг ижодим ҳақидаги гаплар. Масаланинг яна бир томони бор: агар сиз ҳамманинг фикри билан ҳисоблашсангиз, ҳар бирига муносабат билдирсангиз фильм ололмайсиз!

– Ҳилол ака, ўзингизнинг актёрларингиз бор…

– Ўғлимни айтаяпсизми?..

– Йўқ, мен ўғлингизни эмас Бобур Йўлдошев, Фарҳод Абдуллаевларни назарда тутаётган эдим…

– Сиз айтган актёрлар профессионаллар! Улар билан ишлаш завқли. Фильмдан фильмга бир хил ўтмайдиган актёрлар! Фикри бор ижодкор билан ишлаш бошқача!

– Режиссёрни тортиб кетадиган актёрлар билан ишлаш осон бўлса керак?

– Сиз айтаётган режиссёрлар чироқ қўйиш, объектларни белгилаш, монтаж жараёнлари, рассомнинг вазифаси ва яна ҳақиқий кинога оид тушунчаларнинг фарқига бормайди! Бутун ишни операторга ташлаб, актёрларга таяниб, “ижод” қилади. Актёрга айтарли топшириқ бера олмайди, ўйнаганига қарсак чалиб ўтиради. Режиссёр – майдоннинг эгаси бўлиши керак! Ўзаро суҳбатлар, ижодий баҳс-мунозаралар бу бошқа масала!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *