Гавҳар Зокирова: Муҳаббат учун меҳнат қилиш керак!

Бу аёл билан суҳбатлашсангиз баҳри-дилингиз очилади. Истаган мавзуда табассум билан ажиб бир оҳангда юрагингизга йўл олади. Гавҳар Зокирова! Ўзбекистон халқ артисти! Машҳур Зокирийлар сулоласининг келини, маърифатпарар Абдулла Авлонийнинг муносиб авлоди!

– Бир пайтлар суҳбатимизда муҳаббат учун меҳнат қилиш керак деган эдингиз…

– Ҳа, ҳамон меҳнатдаман. Кимнидир яхши кўриш, унга меҳр бериш осон иш эмас. Ўзингдан кечиб, ўзингга лойиқ кўрганларингни ким биландир бўлишиш машаққат. Аммо шу мураккаб ишни уддасидан чиқсанг, марра сеники бўлади. Аслида, одамзод бутун умр меҳнат қилади, моддий бойлик учун ҳам, маънавият ва руҳият учун ҳам фақат меҳнат қиламиз. Агар сиз меҳнатингиз ортидан обрў топсангиз, меҳнатингиз сабаб юксалсангиз, бу чинакам бахт.

– Бахтни нисбий тушунча дейишади…

– Ҳа, нисбий… Лекин уни ҳаётингизга муҳрлаш ўзингизга боғлиқ. Масалан, мен ўзим севган касбимда фаолият
юритяпман, яхшими ёмонми ўзимга яраша ролларим бор. Баъзида арзимаган гапларга, ишларга нолиётганларни кўриб қоламан. Нолишдан ким бахт топган? Ҳаётнинг йўллари бир текис эмас, унинг ўнқир-чўнқирлари бор. Йиқилдим, тамом деб ётиб олиш хато, туриб яна йўлингда давом этишга мажбурсан, аслида. Нима учун одам қўлидан келадиган ишга эринади, қўлидан келмаганига интилади… Кўраяпсизми, зид саволлар кўп бу дунёда. Энг қизиғи, ўтирсангиз ҳам, ҳаракат қилсангиз ҳам ВАҚТ ўтади. Яна ўша гап ҳаммаси меҳнат! Яна бир гап мен меҳнат қилаяпман деб айюҳаннос солиш шарт эмас. Қандай иш қилсанг меҳр билан, завқ билан қил.

– Жамшид ака билан севгингиз ниҳоятда гўзал эди… Ўзаро муносабатларда бир-бирингизга катта эҳтиром кўрсатар эдингиз… Худдики, келишмовчиликлар бўлмагандек…

– Жамшид акамнинг ён дафтарчалари бўларди. Унга “Гавҳар билан 10 май кунида бирга бўлишга аҳд қилдик”, деб ёзиб узоқ йиллар расмим билан олиб юрган. Одатда сизни севишларини истайсиз, аммо аслида, севилгандан кўра сева олган одамга ҳавас қилиш керак. Мен Жамшид акамда муҳаббат оғринмаган катта юракни кўрдим. Бир умр одамларга меҳр, муҳаббат улашди ва бу туйғу малол келмади. Қабул қилиш эмас, севиш бахт экан. Мен бир умр Жамшид акада мана шундай олий туйғуни кўрдим. Эслайман, тўйимиз ҳам ажойиб бўлган эди. Институтни битириш арафасида у пайтлар талабалар вилоят театрларига йўлланма билан маълум бир вақт ишга мажбурий жўнатилар эди. Қайнотам “ЗАГСдан ўтиб қўйинглар, Тошкентда қоласизлар, тағин иккингиз икки томонга ишга кетиб қолманг”, деб айтган экан. Ўшанда мен дугонамнинг битирув оқшомига кийган оқ кўйлагини, Жамшид акам Науфал акасининг туфли, костюмларини кийган. Жамшид ака 40-ўлчамдаги оёқ кийим кияди, Науфал аканинг ўлчами 43 эди. Кетаяпмиз, Жамшид акамнинг оёқларида жуда қиммат, ялтироқ, саҳналарга мўлжалланган оёқ кийим, катталигидан оёғидан чиқиб кетади. “Жамшид ака нима бўлди”, десам, “Оёғимга катта-да нима қилай”, деганлари эсимда… Ўша пайтларда қайнотам касалхонада даволанаётган эди. Биз расмий никоҳдан ўтиб, уларни йўқлаб борганмиз. Раҳматли қайнотам хурсанд бўлган эди. Кейин Науфал ака бизнинг шарафимизга зиёфат қилиб берган. Ўшанда мен биринчи марта Ботир Зокировни кўрганман. Май ойида расмий никоҳдан ўтган бўлсак, тўй сентябрда бўлган. Қариндошлар “тўй бўладиганми”, деб роса сўраган. Қайнотам Карим Зокирий жуда чиройли тўй қилиб берган. Қаранг, ўшанда қарз олган экан. Биз буни улар оламдан ўтгандан кейин билдик. Лекин бирон марта “Сизларни тўйингизни қарзга қилдим…”, деб айтмаган эди. Жуда олийжаноб инсон эди.

– Интернетда мен сизларнинг тўйингизнинг видеосини кўрдим…

– Қаранг, кимдир олган экан видеога. Бир марта ҳам кўрмаган эдик. Жамшид акам оламдан ўтгач, Жавоҳир ўша видеони топибди. Қаранг, ўша бахтиёр кунларимиз кинотасмаларга мухрланган экан. Йиллар ўтиб кўриш… бу бошқача туйғу. Тақдиримдан миннатдорман. Мени ҳаёт кўп сийлади. Ниҳоятда олийжаноб оилага келин бўлдим ва мен кўп яхши хислатларни Зокирийлар оиласида ўргандим.

– Санъатнинг нонини ейиш осон эмас. Ташқаридан қараганда ҳаммаси ҳавасли аммо… парда ортидаги машаққатларга мардонавор туриб бериш ҳаммага ҳам эмас. Саҳнага, экранга интиқ бўлган йилларингиз кўпми?

– Биз Жамшид акам билан охирги ўттиз йилда кутмадик. Театрда олтмишта актёр бор, бир мавсумда эса 4-5 та спектакль олинади. Шундай йиллар бўлди, кетма-кет икки-уч мавсумлаб роллар кутганмиз. Ўша пайтларда эр-хотин ўзимиз учун ўзимиз асар қидирдик. Ўзимизга мос келадиган пеьсаларни топдик, театрга тақдим этдик. “Севаман дедимми”, “Эргинамнинг орзуси”, “Танҳо юлдуз” каби спектаклларимиз шу тариқа саҳнага чиққан. Ёқуб Аҳмедов раҳбаримиз эди, доим бизни жамоага мақтарди. Изланаяпти, қидираяпти, деб эътироф этарди. Кутмас эдик… Чунки, кутсангиз йиллар ўтиб кетади, тушкунликка бериласиз. Изланиш керак, одам ўзининг йўлида дадил давом этиши учун ҳам интилиш керак.

– “Ўзгалар дарди” Гавҳар Зокированинг дардими?

– Драматург Нурилло Аббосхон билан янги асар ҳақида гаплашганимизда бир гапни айтдим, Ўткир Ҳошимовнинг “Яхшилик” деган кичкина асари бор. У ерда бир дарахт ҳақида ёзган. Ўша дарахтнинг тагида одамлар сояда дам олади, меваси билан қорнини тўйдиради, яна фурсати келиб, инсон унинг шохидан ҳасса ясаб йўлида давом этади. Дарахт беминнат яхшилик қилаверади. Мен мана шундай яхшиликни саҳнада кўргим келди. Менинг қаҳрамоним ҳам одамларга яхшилик қилади, ҳамманинг дардини эшитади. Аммо ўзининг дарди ҳамманикидан ҳам оғир… Театр асарни яхши қабул қилди. Мени қувонтиргани, саҳнада Жамшид Зокировнинг суратлари бор. Спектакль давомида мен у билан суҳбатлашаман… Одамлар ҳар хил бўлиши мумкин, лекин уларни дард бирлаштиради. “Ўзгалар дарди” яхшилик ҳақидаги асар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *