Карим Зокирийнингўғли

Инсон умри давомида ўзи билиб-билмай ҳаёт майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашга, уни ўзгалар учун таассуротларга тўлдиришга уриниши сир эмас… бу йўл машаққатини ҳар ким ўз тарозисида ўлчайди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жамшид Зокировнинг ҳаёт йўли эзгу ниятлар билан ҳамоҳанг кечди, десак хато бўлмайди.
Эсимда, бу одамнинг юзида ҳамиша ним табассум бўларди. Ҳеч қачон ҳеч кимни бегона билмаган санъаткор чеҳрасида доим камтарликни кўрардим… “Жамшид Зокиров вафот этибди…” бу хабарни эшитганимда “Нима учун?!” деган савол фикримда қаттиқ туриб олганди. Гўёки яхши одамларнинг бу дунёни тарк этиши адолатсизликдек туюлганди… Жамшид Зокировнинг бу дунёни тарк этганига ҳам эртага ўн бир йил бўлади.

Жамшид Зокиров 1948 йил 11 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. Машҳур Зокировлар сулоласининг вакили бўлган Жамшид аканинг келажаги албатта санъат билан боғланиши шарт эди гўё… Ўзбекистон халқ артисти Карим Зокировнинг санъатга нисбатан ҳурмати, ўзига хос эътиқоди таъсирида улғайган фарзандлар ўзбек санъати ривожига ўзининг муносиб улушларини қўшди.
1967 – 1971 йилларда ҳозирги Ўзбекистон санъат ва маданият институтининг кино ва театр актёрлиги бўлимида ўқиган. Институтда Ёдгор Саъдиев, Ойбарчин Бакирова, Марат Азимов, Саидкомил Умаров каби халқимизнинг севимли санъаткорлари билан бирга таҳсил олган Жамшид Зокиров умри давомида улар билан ёнма – ён ишлади. Жамшид Зокиров фаолияти давомида қатор спектаклларда, бадиий фильмларда ўзига хос образларни яратди. Экрандаги “Темир хотин”даги Олимтой, “Келинлар қўзғолони”даги ўғил образларида актёр юмористик характерини муносиб кўрсатган бўлса, кўп қисмли “Шайтанат” фильмида ўзига хос мураккаб образи билан томошабин меҳрини қозонди. Театрда эса актёр кўплаб турфа хил образлари билан ўзбек саҳна санъати ривожига улуш қўшди. Жамшид Зокиров 2012 йилнинг 7 апрелида 63 ёшида саратон хасталиги сабаб оламдан ўтди. Агар ҳаёт бўлганиларида, бу йил 75 ёшни қарши оларди.

Ўзбекистон халқ аристи Эркин Комилов:

— Шундай одамлар бор, улар ҳақида ҳар қанча яхши гап айтсанг оздек туюлаверади… Жамшид ҳақида ҳам худди шундай фикр айтиш мумкин. У, аввало, чин инсон, яхши дўст эди. Назаримда, у санъат учун туғилгандек эди… Саҳнада шундай енгил ҳаракат қилардики, ҳеч бир қадами бежиз қўйилмасди. Ижросида хоҳ комедия, хоҳ драма, хоҳ фожиа ўзининг авж нуқтасига етарди. Биз кинода охирги марта “Сув ёқалаб” фильмида бирга ишладик. Эсланг, унинг ижросидаги миробнинг тақдири у қадар узоқ бўлмаган дақиқаларда қандай ечим топади… Жамшид Зокиров чинакам истеъдод эгаси эди. Унинг рақсларини кўрган одам мафтун бўларди. “Дилхирож”дан “Тановар”гача у мусиқанинг ҳар бир оҳангини қалбан ҳис этиб, ўзига хос дард, қувонч билан ўйнарди… Пазанда, ишбилармон йигит эди… Умрининг сўнгги кунларида рафиқам билан уни йўқлаб бордик. Кўзлари кўз олдимда қолди… Нима дейишни билмай “Жамшид туш кўрдим, сен оқ отда юрибсан… Энди худо хоҳласа тузалиб кетасан”, дедим. Гавҳар менга қараб қўйди… Аслида, мен ўша тушни кўрмагандим, шунчаки, чин дилдан уни ростдан ҳам тезроқ тузалиб, яна аввалгидек сафимизга қайтишини истагандим…


Жамшид Зокировнинг акаси — Фаррух Зокиров:

  • Оиламизда беш ўғил ва битта қиз Луиза опам… Жамшид билан бошқа жигарларимдан кўра яқин эдим, сирдошим эди. Қўқонга кўп борардик, шунда қариндошлар, отамни билганлар “Карим ака шу Жамшидингиз сизга ўхшайди, жуда бошқача-да шу ўғлингиз”, дейишарди. Эшитиб, баъзида рашким ҳам келарди. Лекин у умрининг охиригача Жамшид Карим Зокирийнинг ҳақиқий ўғли, деган эътирофга муносиб яшади. Ростдан ҳам у отамга ўхшарди, меҳрибон, ҳамманинг кўнглига қарарди. Унинг истараси иссиқ эди, Худо берган бошқача файзи бор эди… Бугун менга унинг меҳри етмайди, унинг ўрни ҳаммадан кўпроқ билинади. Укамнинг руҳлари шод бўлсин.

Оилавий муносабатларда Жамшид Зокиров ўзига хос бўлган “самимий принцип”га эга эди. Муҳаббат, ака – укаларнинг ўзаро оқибати, оилага, турмуш ўртоққа нисбатан самимий меҳр бу инсон учун оддий ва одатий қоидага айлангандек…
Театрда ҳамиша турмуш ўртоғи Гавҳар опа билан билан бирга кўрардим. Тўғриси, бу жуфтликни алоҳида-алоҳида тасаввур қилишнинг иложи йўқдек эди…
Уларнинг ўртасидаги муҳаббат риштаси талабалик кезлари боғланган эди. 1971 йилнинг 9 май санасида Жашид ака Гавҳар опа билан умр йўлларини боғлади. Уларнинг бир ўғил, бир қизи бор. Жавоҳир Зокиров актёр, Оҳиста Зокирова санъатшунос, хонанда


Гавҳар Зокирова — Жамшид Зокировнинг рафиқаси:


— 1971 йилнинг баҳори… Ўшанда қайнотам касалхонада эди. Бетоблиги туфайли ховотир биланми бизни тезроқ расмий никоҳдан ўтишимизни истаган. Иккимиз ҳам ёш эдик… У пайтларда чиройли бахт уйлари йўқ, Сергелидаги кичкина ФҲДЁда никоҳимиз қайд этилган эди. Луиза опамнинг турмуш ўртоғи Пўлат ака гармончини олиб келганини ҳам эслайман. Йўл бўйи пиёда гармон оҳанглари билан келганмиз. Жамшид акам “Одамлар русларнинг тўйи бўлаяпти деб ўйлаяпти, нимага гармончини олиб келибди”, дея бир неча бор гапирган. Шу кетишда касалхонага бориб, қайнотамни кўргандик. Фатани юзимга ташлаб, келинсалом қилганим эсимда. “Хурсандман болаларим, бахтли бўлинглар”, деб қайнотам дуо қилганди. Кейин бизни Науфал ака дастурхонга таклиф қилган. Ўшанда илк бор Ботир акамни кўрганман. Оқ костюм-шимда келиб, бизга бахт тилаган эди. Ҳаётнинг менга берган туҳфалари кўп. Шуларнинг орасида энг қадрлиси, шубҳасиз, турмуш ўртоғимнинг муҳаббати эди. Умримни шундай бағрикенг инсон билан яшаганимдан, унинг хотираси билан бугун бахтиёр эканимдан Яратганга шукр айтаман. Мен баъзан нималардандир норози бўлардим, эътирозларим бор эди. Лекин умр йўлдошим ҳеч қачон оғринмасди. Кимгадир ёрдам берса, нимагадир қайғурса “қўйинг, сизга нима”, деган пайтларим бўлган. Шунда Жамшид ака “Гули қўй, ахир қўлимдан келаяптику, менга қийинмас”, дерди. Гапимдан уялиб қолардим… Мен улардан кўп нарсани ўргандим. Ёмон бўлиш осон, йўқ, деган сўзни айтиш қийин эмас. Яхши бўлиш, одамларга беминнат меҳр бериш бу меҳнат. Умрининг сўнгги кунлари… Эсласам, юрагим эзилиб кетади. Бир куни Жамшид акам бемор ётган жойларида “Гули Ёқуб акага айтинг, мен бугун спектакль ўйнай олмайман”, деди… тўкилиб кетдим… Лекин “хўп”, дедим-у, ташқарига чиқдим. Ҳеч кимга ҳеч нарса деёлмасдим… Тақдирни қаранг ўша куни Ёқуб ака Аҳмедов телефон қилди: “Қадрдонларим қалайсиз?”… Мен Жамшид акамнинг гапларини айтдим… “Гули бир театрга олиб келмайсанми?”, дедилар. “Йўқ, энди кеч… Одамлар кўз ўнгида Жамшид акамнинг қиёфаси аввалгидек қолишини истайман”, дедим…


Жавоҳир Зокиров — Жамшид Зокировнинг ўғли

Ҳар бир фарзанд учун отаси ҳамиша азиз ва қадрли бўлади. Айниқса, ўғил бола илк бора отасига тақлид қилади. Мен ҳам болалигимда худди адамга ўхшаб гапиришни, кийинишни истардим… Ота-онамни доим бирга кўриб ўрганганман. Болалигимдан уларни ҳеч қачон айро тасаввур қила олмасдим. Ишда ҳам, уйда ҳам, меҳмондорчиликларда, ижодий учрашувларда улар бир – бирини қўллаб – қувватлашарди. Шу кадрлар мен учун ниҳоятда қадрли… Жамшид Зокиров халқ кўз ўнгида маҳоратли актёр, яхши одам сифатида гавдаланади. Менинг қалбимда, нигоҳимда бу инсон аввало, дунёдаги энг яхши, бағрикенг, меҳрибон ОТА сифатида из қолдирган. Танбеҳларида ҳам меҳрини сезиш қийин эмас. Илк бора сигарета чекканимда жуда қаттиқ урушганди…
“Болалар” гуруҳи жуда машҳур бўлган кезларида отам менга Москвага ўқишга борасан, деди. Қандай қилиб шундай пайтда кетиш мумкин? Машҳурмиз, кунда-кунора концертлар, топишимиз ҳам яхши. Нима учун мен ҳаммасини ташлаб ўқишга кетишим керак, деган исёнлар бўлган менда… Ота-онам мажбурлаб Москвага санъат сирларини профессионал ўрганишим учун жўнатди. Жуда хафа бўлганман… Лекин энди тушундимки, ўша пайтларда яхши ҳам шу ишга мени мажбурлашгани! Ҳозир актёр сифатида нимагадир эришган бўлсам, ота-онамнинг ҳиссаси катта. Мен отамга ўхшамайман, улардек сабрли, ҳокисор бўлолмайман. Жиззакироқман… “Жавоҳир Карим Зокирийнинг набираси, Жамшид Зокировнинг ўғли”, деган эътироф мен учун ниҳоятда азиз.


Театрга иш юзасидан бордим. Аммо учрашув белгилаган одам белгиланган вақтга келмади. Кетган вақтимга ачиниб, асабийлашиб турсам, театр фоесида Жамшид ака пайдо бўлди. “Ассалому алайкум, Жамшид ака”, дедим. Саломимга ўша қадрдон табассум билан алик олиб “Ҳа, қизим нима бўлди”, деб сўради. Имкон қадар вазиятни сездирмасликка уриндим. Жамшид ака бошқа ҳеч нарса сўрамади, лекин “Ҳар бир вазиятдан яхшилик топиш керак. Бунақа ҳолатлар иш фаолиятинг давомида ҳали кўп бўлади. Ўша одамнинг иши чиқиб қолгандир, балки ноқулай вазиятга тушиб қолгандир… Сен хафа бўлма…”, деди. Шу тасалли кўнглимдаги ғашликни тарқатиб юборганди… Бугун бу инсон орамизда йўқ. Лекин Жамшид Зокировни билган, таниган ёки у ҳақда нимадир эшитганлар қалбида яшаяпти… Ўша ширин сўзи, қадрдон табассуми ва камтарона қиёфаси кўз ўнгимизда…

Севдо НИЁЗОВА тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *