КИНЕМАТОГРАФИЯ ФИДОКОРЛАРИ

Сўнгги йилларда ўзбек киносида янги давр бошланди. Янги фильмлар, янги лойиҳалар, кинофестиваллар… Буларнинг барчаси фикримизга далил. Янгиланаётган ўзбек кино оламида умрини санъатга бахшида қилган устоз санъаткорларнинг босиб ўтган йўли, ижодий мероси ҳам муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

Янги йил арафасида миллий кинематография соҳасини ривожлантириш, бадиий ва ғоявий жиҳатдан етук фильмлар яратиш, шунингдек, миллий фильмларни кенг тарғиб қилиш ишларига муносиб ҳисса қўшган қирқ бир нафар устоз санъаткорга “Кинематография фидокори” кўкрак нишони топширилди.

Дилором Каримова,

Ўзбекистон халқ артисти:

– Янги йил – янги режалар дегани! Ушбу эътироф режаларимизга куч бўлди. Камтарона хизматимизни тақдирлаганларидан миннатдорман. Кино – янги йўлга чиқди. Биз мана шу йўлда борлигимиздан хурсандман. Аслида актёрга, актрисага энг катта мукофот – роллар! Яхши роллар бўлса шуларни биз ижро этиб, халқимиз меҳрига тушиб, олқишлар олсак мана шу биз учун энг катта мукофот!

Ражаб Адашев,

Ўзбекистон халқ артисти:

– Актёрга эътибор керак, агар уни вақти-вақти билан эътироф этиб турилса шунинг ўзи катта бахт! Бугун санъатга ёшлар кириб келаяпти, қилган хизматларимиз билан уларга ўрнак бўла олаётган бўлсак, демак умримиз беҳуда кетмабди.

Рихси Иброҳимова,

Ўзбекистон халқ артисти:

– 85 ёшга кирдим. Ҳозир ўзбек киноси гуллаб-яшнамоқда. Қайтадан туғилганимда эди, энг зўр ролларни ижро этардим. Бугун тақдирланганларнинг барчаси хурсанд. Президентимизга раҳмат. Илоҳим юртимиз тинч бўлсин. Бизнинг ўзбекона фильмларимиз дунё экранларини забт этсин.

Бойсафар ХОЛМИРЗАЕВ

тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *