“Осмондаги болалар 3” йигирма йиллик соГинч!“Осмондаги болалар 3”

2002 йилда илк бор катта экранларга чиққан “Осмондаги болалар” фильмини қайта-қайта томоша қилганмиз. 2004 йилда томошабин истаги билан фильмнинг иккинчи фасли суратга олинади. “Осмондаги болалар 2” фильми премьерасидан йигирма йил ўтиб, унинг учинчи қисми суратга олинди.

Сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр: Зулфиқор Мусоқов
Постановкачи оператор: Азизбек Арзиқулов
Постановкачи рассом: Мария Сошина
Бастакор: Анвар Эргашев
Овоз режиссёри: Фурқат Ҳасанов
Монтаж режиссёри: Шерзод Қаюмов
Фильм директори: Шуҳрат Ҳамидуллаев
Бош ролларда: Кристина Тоирова, Дилноза Кубаева, Малика Алимова, Саида Умарова, Даврон Ғуломов, Азиз Султонов, Тимур Мусоқов, Аваз Искандаров.

Орзиқиб кутилган фильм премьераси “Ёшлар киноси ойлиги” тадбири доирасида муҳташам Киночилар уйида бўлиб ўтди. Премьера олдидан «қизил йўлак» ташкил қилиниб, фильм мухлислари ўз қаҳрамонлари билан мулоқот қилиш имкониятига эга бўлди. Киноасар намойиши олдидан эстрадамизнинг таниқли хонандалари томонидан қўшиқлар ижро этилди. Кинематография агентлигининг раҳбар ходимлари, санъаткорлар нутқ сўзлади.
Кутилганидек Киночилар уйининг заллари томошабинлар билан тўлди. Фильмнинг учинчи фаслида Хамдам ролини Музаффар Саъдуллаев эмас, бошқа бир актёр Аваз Искандаров ижро этган. Шунингдек, фильмда Дилноза Кубаева, Маҳлиё Асқаралиева, Турғун Бекназаров каби маҳоратли актёрларнинг ижросидан ҳам баҳраманд бўлишингиз мумкин. Бобур Йўлдошев, Фотима Режаметова, Хайрулла Саъдиев каби актёрларга эса ҳар доимгидек Зулфиқор Мусоқовнинг бу фильмида ҳам роль бор.
Фильм ўзига хос юморни қамраб олганлиги билан ҳам томошабинга мароқ бағишлади. Мунаввара Абдуллаева, Зуҳра Ашурова, Дилноза Кубаева, Саида Раметова, Абдуҳалил Мингноров каби актёрлар ижросидаги профессионаллик картинага кўрк бағишлаган.
“Осмондаги болалар 3” ютуқлар билан бирга камчиликлардан ҳам холи эмас, назаримда. Масалан, айрим саҳналар табиийликдан йироқ. “Ердаги оталар”нинг мутахассис эмаслиги ижрода бироз сезилиб турди. Қандайдир ижровий хатолар, мимикаларнинг етишмаслиги, дубляжнинг мукаммал эмаслиги каби кичик хатолар бир неча бор такрорланди.
Фильмнинг биринчи қисмини трагик комедия дейиш мумкин. Учинчи қисм эса биринчиси каби томошабинни таъсирлантирадиган саҳналарга унчалик ҳам бой эмас. Биргина Жавоҳирнинг фарзандлари иштирок этган Олимпиададаги эпизоди учун 2-3 дақиқа вақт сарфланган ва бу саҳна болалар фильмларининг саҳналарини эслатиб юборди.
Аввалги қисмларнинг мантиқий давоми сифатида қаралган картинага ҳозирги замон руҳияти сингдирилган ва асосан кулгига кўпроқ урғу берилган.
Лола Акромнинг қўнғироғи ва ташрифидан сўнг чин дилдан ташвишланиб йиғлайди. Бахтиёр ҳолатни табиий қабул қилади. Онаси эса Лола ва Бахтиёрнинг ҳолатига номутаносиб тарзда “вой-додлайди” ва Лолани уришмаслиги учун Бахтиёрни қучоқлаб олади. Ўз қизини кўриш учун Лондондан келган Акромда эса оталик ҳислари деярли йўқ. Бир мушт калтакдан сўнг орқасига қараб қочади ва етиб олишмаганидан хурсанд бўлади. Бахтиёрга югуриш мумкин эмас ва Акром билан учрашувдан сўнг қизи томон югуриб қорнини ушлаб қолади. Бир қарашда умуман жиддий касалликка ўхшамаган дард туфайли Бахтиёр кўп қон йўқотади ва касалхонага ётқизилади. Касалхона йўлагида йиғилган Бахтиёрнинг яқинлари орасида унинг онаси худди ўғли жон таслим қилаётгандек дод-фарёд солади. Шифокор (Хуршид) чиқиб ҳаммаси яхши эканлигини айтганда эса мусиқа янграйди.
Режиссёрнинг бошқа фильмлари каби ушбу кинокартинада ҳам чиройли қўшиқлар танланган. Аммо қўшиққача бўлган воқеаларга томошабин “тўймайди”. Яъни қўшиқ оҳангига мос воқеа содир бўлмади.
Режиссёрнинг бошқа ижодий ишларида ҳам учратиш мумкин бўлган нотабиий ижролар бу фильмда ҳам бор. Албатта, бундай саҳналар томошабинни кулдирди. Бироқ, фильм учун таъсирли саҳналар етишмагандек, назаримизда. Ҳар ҳолда, “кетсанг кетавер ўша Лондонингга, сенсиз ҳам яшайвераман”, “агар туғилган кунимга келмасанг, қайтиб ёпган нон емайман” каби сўзларга қурилган саҳналарни кутган томошабинлар кўп эди.
Ушбу қисмда эса реалликдан узоқлашилгандек. Биргина Хайрулла Саъдиев жонлантирган бироз тушунарсиз образни айтмаса, фильмда ҳамма бахтлидек, муаммо деярли йўқ дек. Ҳатто, Хуршид ҳам бефарзандлигидан норози эмасга ўхшайди. Бу сафар “Осмондаги болалар” билан бирга яшаш, уларнинг қайғуларини ўз қайғусидек қабул қилиш мушкул бўлди. Хорижда олинган саҳналар, хориж тилидаги диалоглар томошабинни бироз зериктиргани ҳам бор гап. Аммо фильмга ҳиндча қўшиқ ва рақс саҳналари ҳам киритилганлиги кайфиятингизни кўтаради.
Аввало, барчани фильмни томоша қилишга чорлаб қоламиз. Нима бўлганда ҳам, томошабин севимли актёрларини экранда яна бир бор кўрганидан мамнун бўлиши бор гап.
Фильмни қандай суратга олиш режиссёрнинг иши. Суратга олиш жараёнидаги қийинчиликлар ҳам унинг ўзига аён. Картинага баҳо бериш, муносабат билдириш, эътироф ва эътирозлар эса, албатта, томошабин эътиборига ҳавола!


Зулфиқор Мусоқов,
Ўзбекистон санъат арбоби,
кинорежиссёр:

  • Премьера давомида мухлисларни кулдирган диалоглар кўп бўлди. Улар кимнинг қаламига мансуб?
  • Кимни бўлиши мумкин (жилмаяди) албатта, ўзим.
  • Нима деб ўйлайсиз учинчи қисм аввалгилари сингари томошабоп бўла оладими?
  • Буниси менга қоронғи. Буни мухлислар айтиши мумкин. Сиз каби журналистлар айтиши мумкин.

Мунаввара Абдуллаева,
Ўзбекистон халқ артисти:

  • Зулфиқор Мусоқов билан ҳамкорлигимиз узоқ йилларга бориб тақалади. Бу инсон ўзбек киносининг истеъдодли ижодкорларидан бири, севимли фильмларимизнинг режиссёри. Қолаверса, актёрларнинг хизматидан тўғри фойдалана оладиган мутахассис деб биламан. Мен бу инсоннинг фильмларида суратга тушишни ёқтираман ва кичкина эпизодик ролга чақирса ҳам ижро этиб беришга ҳаракат қиламан. Премьерани кўрдингиз, менимча, фильм барчага манзур келди. Ўйлайманки, 1-2-қисмлар каби бу қисм ҳам томошабин қалбидан жой олади.

Азиз Султонов,
(фильмда Жавоҳир образини гавдалантирган):

  • Бу фильмда роль ижро этишим – омадим. Ҳаётда бир тўда кўча безориларига дуч келиб қолганимда фильмдаги ролим сабабли мени таниб қолишган ва индашмаган (жилмаяди). Мен барчаси учун Зулфиқор акадан мамнунман.
  • Нима деб ўйлайсиз, фильмни шу ерда якунлаш керакми, ёки тўртинчи, бешинчи қисмини ҳам суратга олса бўладими?
  • Зулфиқор Мусоқовдан мухлислар фильмнинг учинчи қисмини ҳам суратга олишни сўрашди ва мана, 20 йил ўтиб суратга олинди. Менимча, фильм кўпчиликка ёқди. Агар мухлислар талаб қилишса, ва режиссёр шунга қарор қилса, кейинги қисмлар ҳам суратга олинса керак.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *