Реп, рок, эстрада ва ОПЕРА

Истеъдод! Агар одамнинг юрагида шаклланса шунга монанд жаранг сочади. Юрак жарангига – меҳнат ва шижоат қўшилса, у чин маънода ОВОЗга айланади. Женисбек Пиязов – Ўзбекистон халқ артисти, қатор ҳалқаро мукофотлар соҳиби. Ёш бўлишига қарамай, жаҳон ва ўзбек опера санъатида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Унинг овозида ёрқинлик, шу баробарда ишонч акс этади. Фикрларида оддийлик, самимият бор.

  • Женисбек Пиязов қачонлардир халқ артисти бўлишини тасаввур қилганмиди?
  • Ёрқин орзуларими кўп эди, лекин бу қадар катта эътирофлар болалигимда орзуларимга сиғмаган бўлса керак. Биласизми, болалигимда жуда кўп тадибрларда, танловларда катта ҳаяжон билан иштирок этардим. Аммо натижаси ҳеч қачон кутганимдек бўлмасди. Доим қуруқ қўл билан уйга қайтардим. Лекин кўнглимда “келаси сафар бошқа қатнашмай ман, келмайман”, деган иддао бўлмаган. Бора-бора мен учун натижасиз бўлган танловларнинг доимий иштирокчисига айландим. Шунчаки, куйлаш, саҳнага чиқиш учун борардим. Ғолиблик ва ёки қандайдир совринлар ҳақида ўйламасдим… Қарангки, тақдирнинг менга атаганлари бор экан. Ҳеч қачон болалик йилларимни афсус билан боғламайман. Ҳаммаси учун ҳаётдан миннатдорман. Вақт олий ҳакам! У сизнинг орзуларингизга нисбатан ҳеч қачон ғирромлик қилмайди. Фақат ҳаммаси учун сабр керак.
  • Муваффақиятингизни омад билан боғлайсизми ёки ҳаммаси меҳнатингиз самарасими?
  • Мен омадга ишонаман. Лекин олма пиш, оғзимга туш, деб ўтирганларни ҳеч қачон оқламайман. Назаримда, омад ҳам ҳаётни севадиган, унинг лаҳзаларини қадрлайдиганлар билан яхши чиқишади. Яна бир нарса, одам қачон ва қаерда керак бўлишини билиш керак. Баъзида санъаткор дўстларимиз ўзларининг чиқишлари тугаши билан санъат саройини тарк этади. Мен ҳамиша жаранённи бошидан охиригача кузатишни яхши кўраман. Шу жараёнларда атрофдагиларда ўзингиз ҳақингизда тассаввур билан бирга таасуроот уйғотасиз. Менимча, мана шу вазиятларни тўғри баҳолаган одам омадни ҳеч қачон ўзидан узоқлаштирмайди. Яна кимнидир миннатдорчилиги, раҳмати ёки маслаҳатлари… ҳеч бирини назардан четда қолдирмайман. Муваффақиятларимни шу жараёнлар билан боғлайман.
  • Сиз операни танлаганингизда бу йўналиш бугунгидек оммалашмаган эди… Хос давралардагина опералар куйланарди…
  • Биласизми, опера санъати жуда мураккаб! Ҳамма ҳам бу йўналишда айта олмайди. Тўғрироғи, куйлаш учун талаб даражасидаги овоз керак. Дастлаб эстрада йўналишида куйлаб кўрганман. Натижа ёмон бўлмаганди. Ҳатто реп, рок ҳам айтганман. Ўзимни “Метиорит” деган гуруҳим ҳам бор эди. Клиплар, видео кетма-кетликлар суратга олганмиз. Аммо бора-бора овозим йўғонлашиб кетди ва мен оддий қўшиқни ҳам ижро этолмай қолдим. Кейин коллежда овозимни созлаш учун вокалдан дарс олишга қарор қилдим. Устозим Ават Халилов “Овозинг жуда ноёб, сен опера айтишинг керак”, деганларида, мен бу санъатни ҳали тушунмасдим ҳам. Уч йил давомида хонадан чиқмасдан ўз устимда ишладим. Бу ҳақда ҳеч кимга айтмадим. Ҳатто ота – онам мени саҳнада опера куйлаётганимни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаганди… Бугун устозимдан миннатдорман ва ўзимнинг аниқ мақсадли йўлимга эга эканлигимдан фахрланаман.
  • Бугунги мавқейингизнинг асосий сабабчиси бу, албатта, ота-онангиз?
  • Отам жуда қаттиққўл одам эди. Эҳтимол, серфарзанд бўлганликлари учун меҳри бўлингандир, деб ўйлардим. Энди ўйласам, улар болалигимиздан бизга мустақил бўлишни, ўз имкониятларимизни намоён этишни шу тариқа сингдирган экан. Нимагадир ҳавасимиз келса албатта, аввало, ўзимиз ҳаракат қилардик, кейин ота – онам бизни қўллаб қувватларди. Бир умр ота – онасига таяниб қолган фарзандлар бор, уларнинг ҳаётлари ниҳоятда қийин кечади. Ҳамма нарсага осон эришганлар узоқни кўзлай олмайди. Ота – онамга ҳамиша раҳмат айтаман. Агар улар бизни шу тариқа ҳаётга тайёрламаганида балки ҳозир бу даражага етмасмидик, деб ўйлайман. Акаларим ҳам укаларим ҳам давлат гранти асосида таҳсил олишган. Ва бугун ҳар биримизнинг жамиятда ўз ўрнимиз бор. Бу, шубҳасиз, ота – онамизнинг меҳнати. Агар йигит киши тадбиркор бўлмаса, ҳаётда жуда кўп муаммоларга учрайди. Бир пайтлар ётоқхонада сув ва нон билан ўтган кунларимни кўп эслаб тураман. Ўша қунлар менга кўп жиҳатдан сабоқ бўлган. Хонанда сифатида ўрнимни топгунимча бир неча ҳунарнинг бошини тутишга улгурганман. Масалан, мен медиа маҳсулотларини профессионал даражада монтаж қила олишим мумкин. Бир йигитга қирқ ҳунар ҳам оз, деган мақолга амал қиламан. Қолаверса, бобом менга пулни топиш ва сарфлаш борасида жуда кўп сабоқ берган. “Пулни топиш сарфлашдан кўра осонроқ”, дердилар. Нима учун, деб берган саволимга “вақти келиб, албатта тушуниб оласан”, дердилар. Ҳақиқатдан ҳам меҳнатнинг натижасини тақсим қилишнинг ўзига хос усулларини ҳар бир одам ўз ҳаёт йўлида кашф этиб бораверар экан.
  • Сиз бу кунларга жуда тез етиб келдингиз… Албатта, бу хулоса четдан қараганда… аслида-чи?
  • Кўпчилик жуда тез назарга тушдинг, дейди. Эҳтимол, лекин менга негадир ундай туюлмайди. Ўтган йилларнинг ҳар бир дақиқасида орзуларим учун курашдим ва ҳамон курашаяпман. Биласизми, дангасалик, қандайдир тушкун хаёллар устидан ғалаба қозониш осон эмас. Ҳеч ким сизни ҳаётингизни сизчалик тушунмайди, тушуна олмайди ҳам… Чунки унинг бу ҳаётда ўз йшли бор. Яъни ҳеч ким бировнинг умрини яшамайди. Машаққатлар ҳатто бахтиёрлик ҳам четдан ҳис қилинади. Шу маънода мен бу кунларга бошқалар ўйлаганчалик тез етиб келмадим. Баъзи бекатларда кутдим, баъзиларида тўхтамай ўтиб кетдим…
    Мен доим қаноатли одамларни ҳурмат қиламан. Назаримда, бу фазилат ҳақида жуда кўп гапирилади аммо амал қилишга келганда… Масалан, мен билан бирга Консерваторияда таҳсил олган истеъдодли йигитлар кўп эди. Аммо улар енгил пул топиш йўлини танлашди. Эҳтимол, камроқ еб, битта кийимни кам кийиб, танлаган йўлда собит тура олиш ростдан ҳам қийиндир. Аммо унинг натижаси хайрли бўлади. Мен шу кунларни кутдим. Сабр билан, қаноат билан ҳар хил муносабатларни енгиб ўтдим. Машҳур санъаткорлар “Қўй шу операни, бу ҳунар билан нон топиш осонмас”, деган пайтлари кўп бўлган. Бу каби мулоҳазаларни ҳар доим очиқ қолдирганман. Назаримда, бугун ўша жараёнларга муносиб жавоб бераётгандекман… Нукус санъат коллежида драматик актёрлик йўналишида таҳсил олганман. Мана шу даргоҳ муваффақиятларим сари парвозимга замин яратди. Айнан актёрлик йўналишида таҳсил олганим бу менга кўп жиҳатдан қўл келади. Саҳна маданияти, ижрога нисбатан муносабат, саҳнанинг ўзига хос қонун – қоидалари одатда хонандаларга тааллуқлимасдек кўринади. Аслида, ундай эмас. Менга устозларим санъаткор – ҳар жиҳатдан намуна бўлиши лозимлигини уқтирган. Либосдан то сизнинг хатти – ҳаракатларингиз ҳаттоки нигоҳларингизда ҳам МАДАНИЯТ акс этиши шарт. Шундагина сиз ҳақиқий санъаткор мақомига муносиб бўласиз.
  • Хорижий сафарлар, концертлар, шоулар… Оилага вақт ажратасизми?
  • Оилам – ҳамиша ёнимда. Ҳеч қачон рафиқам ва фарзандларимнинг истакларини иккинчи ўринга қўймайман. Эшитаман, имконим, фурсатим бўлса, албатта уларни қўллаб – қувватлайман. Тўрт ўғлим бор Муслим, Мирдас, Муҳаммад ва Мусо! Фарзандларимнинг исмлари уйқаш бўлишини истайман. Агар Яратган яна ўғил фарзанд берса, албтта, унинг исми ҳам “М” ҳарфидан бошланади. Қаттиққўл отадирман… Ҳар ҳолда, ўғил бола тарбиясида бу жиҳат керак, деб ҳисоблайман. Лекин ўз ўрнида уларни эркалайман,суяман. Болалар – Аллоҳнинг бебаҳо неъмати! Ахир қилаётган ҳаракатларимиз, меҳнат-у интилишлар ҳатто орзулар ҳам айнан улар билан боғлиқ.

Чўққини забт этиш завқли. Айниқса, баландда туриб куйлашнинг гашти бўлак. Аммо чиқмоқнинг тушмоғи ҳам бор… Опера шундай санъатки, ҳақиқий ижодкор учун ҳар доим ижод қилиш имконини беради. Шундай асарлар бор, саксон ёшингизда маромига етказиб ижро этишингиз мумкин. Қолаверса, опера – қирқ ёшдан кейин янги овоз имкониятлари пайдо бўлиши исботланган. Шу маънода ҳамиша чўққига қараб интилишдан чўчимайман. Эҳтимол, саксон ёшимдан кейин секин – аста юрган йўлларимдан ортга қайтарман. Ҳозирча кўзлаганим фақат баланд чўққилар…

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *