Рихситилла Абдуллаев: Театрда ҳар куни ҳаёт бор…Рихситилла Абдуллаев:

Рихситилла Абдуллаев. Ўзбек Миллий академик драма театри актёри. Театрда, кинода, телевидениеда фаолият юритади. Танлаган касбини яхши кўради. Яна бир муҳим жиҳати, актёр сифатида ўз имкониятини баҳолашни ҳам билади. Баҳсга киришимли, олдига қўйган орзулари учун курашишни хуш кўради.

Актёр — пластилин
Ҳар бир касбнинг ўзига хос масъулияти, маълум қонун – қоидалари бор. Аммо санъатнинг, хусусан театр одами бўлиш сиздан икки баробар иродани талаб этади. Театрга илк бора кириб келган кезларим бу фикрни тўлақонли тушуниб етмаганман. Устозларни ишга, саҳнага бўлган муносабатини кўриб, кузатиб, йиллар давомида саҳнада ишлаб, бу хулосанинг маъносини англагандекман. Агар сиз пластилин каби ҳар хил шаклга тушмасангиз, ижроингизда бир хиллик яққол кўринади. Масаланинг яна бир томони бор, шаклдан – шаклга тез ўтсангиз-у аммо ижрога самимий ёндашмасангиз бу, албатта, сизда ЁЛҒОН ижрони шакллантиради. Шу сабаб ҳамиша образга нисбатан адолатли назар бўлиши шарт. Шундагина, сиздан яхши актёр чиқади.

Режиссёр ва актёр
Агар актёр бўлмаса, режиссёр ҳеч ким! Режиссёрсиз актёр ҳам ҳудди шундай! Кучли режиссёр актёр танлашни, тўғрироғи, тарбиялашни билади. Мен театрда профессионаллар билан ишлайман ва ҳар сафар ўзимда нимадир кашф эта оламан. Афсуски, кино бу борада анча оқсоқ. Мен хусусий кинони назарда тутаяпман. Баъзида режиссёрнинг янги нафасини актёр очади. Саҳнада сиз фақат берилган вазифани бажарсангиз, балки бу режиссёрга ёқар, аммо ўзингиз ҳам образга нисбатан нимадир айта олишингиз муҳим, деб ҳисоблайман. Боиси, бу касбингизни тўлақонли англаш имконини беради. Актёр робот эмас, биз маълум функциялар учун ишламаслигимиз керак. Аммо берилган ролга, унинг доирасидан, тушунарлироқ қилиб айтганда берилган ваколатдан чиқиб кетмаслигимиз керак. Ана ўшанда режиссёр ва актёр ўртасидаги баҳс ва мунозаралар ИЖОБИЙ нуқтада туташади. Йўқса, бир аравани ҳар томонга тортишга тўғри келади. Натижада ОБРАЗ ўлади, яхлитликка эришолмайди.

Театр
Ҳеч қачон саҳнадан бутунлай кетмайман. Мен спектаклларга кечикиб борадиган лоқайд ёки баҳоначилардан эмасман. Театрнинг олтин қоидалари бор. Уни ўзини, танлаган касбини ҳурмат қилган актёр бузмайди. Бизда профессионализм айнан театр билан ўлчанади. Мен ва мен каби актёрлар саҳнанинг қадрини, қийматини устозларимиздан ўрганганмиз. Кино, телевидение ўз йўлида қадрли. Аммо акт ёр учун саҳнанинг чанги сув ва ҳаводек зарур. Театрда ҳар куни ҳаёт бор, ишлаш, ижод завқи бор. Сиз бир ролни юз марталаб ижро этишингиз ва ҳар сафар уни қайта ва қайта кашф этишингиз мумкин. Спектакль якунида актёрлар жамланиб томошабин қаршисига чиқади. Олқишлар… бу жуда ёқимли. Мен мана шу лаҳзаларни ҳеч нарсага таққослай олмайман.

Кино
Тўғри, экран сизни танитишда кенг имконият. Аммо бу омад ҳаммага ҳам насиб этмайди. Одатда театрга, кинога актёрлик дипломи бўлса-да саҳна устаси, чироқчи бўлиб ишга қабул қилинади. Афсуски, умр бўйи саҳна ортида оддий ишчи бўлиб, саҳнага чиқиш, бир марта бўлса-да, экранда кўриниш истагида яшаётганлар бор. Санъат шунақа, ҳаммага ҳам омад кулиб боқмайди. Бошқа соҳада севимли ишингизни қайсидир маънода забт этиш имкони бор. Аммо санъатда бу қийин масала. Мен бахтли актёрман! Кадр ортида, саҳна ортида эмас, ўзим истаган ҳудудда ижод қиламан. Бунинг учун тақдирдан миннатдорман.

Нолиш
Мен оптимистман! Тушкунликка тушиб қолмасликка интиламан. Меҳнат қилишдан, ўрганишдан чарчамайман. Ҳаёт бу, имкон! Унда ҳар кимнинг ўз ўрни бор. Аммо ўша имконни қадрлаш, ундан фойдаланиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Мен чиройли ҳаёт тарафдориман. Оиламнинг бахтиёр кунларига ўзимни масъул деб биламан. Болаларимнинг эртанги куни учун ишлайман. Камчилик ва муаммосиз одамни топиб бера оласизми? Дарди йўқ, юз фоиз бахтлини-чи? Албатта, йўқ! Аммо бу ҳаётдан нолиш учун етарл сабаб эмас. Ҳар бир вазиятни меъёрида баҳолай билиш керак. Бугун бу – бу кун, эртани эрта деб қабул қилиш кифоя. Ҳар бир кунни, ҳар бир лаҳзани ўз вазифаси бор. Мен умримни нолиш-у, аллақандай ташвишларга ем қилиб қўйишни истамайман. Тангри берган фурсатларни чиройли яшаш менинг олий мақсадим.

Танқид
Агар асосли бўлса, тинглайман, раҳмат айтаман. Асоссиз, бекорчиликдан келиб чиқадиган ғийбатларга хушим йўқ. Эътибор бермасликка интиламан, аммо барибир қулоққа чалинади. Ишлаётган одамлардан бунақа гап – сўзлар чиқмайди. Тайинли бир иши йўқ, касбидан ўзини топа олмаётганларда ҳамиша гап топилади. Яна энг қизиғи, уларнинг омадсизлигига омадлилар айбдор! Лекин асосли, келажак учун хизмат қиладиган танқид, албатта, керак.

Ёқуб Аҳмедов
Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедовни аввало, яхши инсон, профессионал санъаткор сифатида таниганман. Уларнинг куёви бўлиш бу бошқа масала. Қайнота сифатида ҳам ҳурматга лойиқ. Шахсий муносабатларни ҳеч қачон ишга, ижодга аралаштирмаганман. Имкон қадар бу вазиятда меъёрга эришиш керак, деб ҳисоблайман.

Оилам
Ҳамиша интиламан! Ота – онам, рафиқам фарзандларим мен учун ҳеч қачон иккинчи даражали бўлмаган. Ахир, бундай бўлиши ҳам мумкин эмас. Одам оиласида хотиржамлик бўлсагина, бахтли бўлади. Агар нотинч, оилавий кўнгилсизликлар билан юрсангиз, ишда унум бўлмайди. Шу сабаб ҳам, аввало, уларнинг дилини билишга интиламан. Шукр, рафиқам фаросатли аёл. Болаларимга бераётган тарбиясидан хурсанд бўламан.

Тилак
Мен барчага ҳаётий гўзаллик тилаган бўлардим. Ташвишларни, дардларни бахтни қарши олгандек кутиб олайлик. Аёлларимиз бахтли бўлишсин, забардаст эркакларимиз уларнинг ҳамиша суянчи бўлсин.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *