Саид Мухторов: Ҳаётдан миннатдорман!

Саид Мухторов актёр, режиссёр. Томошабинлар бу ижодкорни “Лавз” видеофильмидаги савдогар Қосим образи орқали таниган. “Севгинатор”, “Чимилдиқ”, “18 квадрат” каби картиналарда турли жанрдаги образларни ижро этган. Режиссёр сифатида “Фарёд”, “Шаббона”, “Маржона”, “Хазон” каби бир қатор фильмларни суратга олган.

– Томошабинлар сизни кинодаги фаолиятингизни билади. Лекин театрда ишлаганингиз, роллар ижро этганингизни кўпчилик билмайди… театрга келиш ва кетиш сабаблари қизиқ…

– Театрга институтни битириб катта ҳаяжон, катта умид билан келганим эсимда. Ўшанда Миллий театрнинг катта актёрлари Зайнаб Садриева, ўани Аъзамов ва яна кўплаб ижодкорлар мен, мен билан келган ёш актёрларни ишга имтиҳон асосида қабул қилган. Ҳар бир катта санъаткорга ўша жараёнда шогирдлар берилган. Ўша синов жараёнида “Майсаранинг иши” асаридан Мулладўст образини ижро этганман. Ролим комедия жанрида бўлгани учун мени Ўзбекистон халқ артисти ўани Аъзамовга бирикитиришган. Тақдир тақозоси билан Миллий театрда қолдим, ижод қилдим. Устозим ўани Аъзамовдан кўп нарса ўргандим. Лекин кейинчалик театрда ички келишмовчиликлар авж олди. Ижод аҳли иккига бўлинди. Шу ғавғоларда мен ҳам бошқа театрга ўтадиган актёрлар рўйхатида устозимнинг исм-фамилияси борлигини кўрдим ва мен ҳам қўл қўйдим. Лекин ўани Аъзамов Миллий театрда қолди. Мен ҳам узоқ ишлай олмадим ва Москвага ўқишга кетдим. Театрдан менга яхши хотиралар қолди, устозлар мактабини кўрдим. Саҳнада ишлаган актёр пишади. Бугунги фаолиятимдаги муваффақиятларда театрнинг ўрнини инкор этмайман.

– “Лафз” видеофильми ижодингизда ўзига хос ўринга эга…

– “Лафз” менинг экрандаги биринчи катта ишим эди. Ҳали ҳамон шу фильмни томошабинлар қайта-қайта кўради. Маъно-мазмуни ҳар бир давр учун аҳамиятли бўлгани учун ҳам тренддан тушмайди. Ўзим ҳам шу ролимни гарчи салбий бўлса ҳам яхши кўраман.

– Нима учун Сизга салбий роллар кўпроқ берилади?

– Билмасам… Лекин актёр ҳар қандай ролни ўйнайди. Режиссёр ўша актёрда образга монанд нимадир кўрдими, демак чиқади. Яна Саидни ўзи ёмонда, деган хаёлларга борманг, мен доим ўзимга берилган вазифани бажараман. Агар ролни танлаш актёрнинг ихтиёрида бўлса эди, қандай образлар танлашни жуда яхши билар эдим. Жаҳонгир Қосимовнинг “18-квадрат” картинасида яхши, жиддий образим бор. негадир шу ҳақда кам гапиришади. “Лафз” билан “Севгинатор”ни кўпроқ эслаб қолишган. Айниқса, “Севгинатор”да ҳар бир ҳатти-ҳаракатим, либосларим ҳаммасини томошабин ёдлаб олган. Катта ролларим бор, дейман баъзида уларга…

– Эътирофлар ёқимли… Лекин сиз ҳақингизда эътирозлар ҳам бор… Нега Саид Мухторов ҳақида салбий фикрлар туғилган?

– Шов-шулар кўп, уларнинг ҳар бирига жавоб бермайман. Лекин мен ўзим ўзимнинг қандайлигимни яхши биламан. Ҳар бир актриса, ҳар бир актёр яхши ролни орзу қилгандек, яхши гонарарни ҳам истайди. Лекин баъзида улар керагидан ортиқ баҳо беради ролларига… мана шу жараёнларда келишмовчиликлар бўлади. Фаррух Соипов, Юлдуз Ражабова, Жамила ўофурова, Сетора Фармонова, Гулчеҳра Эшонқулова каби юлдузлар илк бор менинг фильмимда кўринган. Мана бугун Жамила ҳам, Юлдуз ҳам машҳур актриса. Туҳмат гапларни айтганларни Аллоҳга топшириб қўяман.

– Сизнинг фильмингизда иш бошлаб, кўриниб кейин машҳур бўлганлар сизни биринчи режиссёри сифатида эслаб турадими?

– Мен буни улардан сўрамайман. “Устоз” деб йўқласа, хурсанд бўламиз. Ким меҳнат қилган бўлса, ким яхши иш қилса ҳаммасини жавоби бор. Раҳмат, айтадиганлари бор. Шукр, уларнинг кўпчилиги оилали, бахтли, фарзандлари бор. Ўзбек санъатида ўзларининг ўрнига, мавқеига эга бўлса мен хурсандман.

– Шахсий ҳаётингиз сўнгги пайтларда жуда кўп гап-сўзларга сабаб бўлди…

– Киночиларнинг ҳаёти осон эмас. Актёр, режиссёр, умуман санъат соҳасидаги инсонлар учун шахсий ҳаётда барқарорликка эришиш қийин. Ёнингиздаги одамлар сизни тушунмаса бу фожиа… Мен ўз ҳаётимдан хурсандман. Мен бахтлиман, шу денгизда битта томчиман… Мақсадларимга етдим. Фарзандларим, набираларим бор. Аллоҳ менга ақлли икки ўғилни берган. Бунинг учун мен Мадина Мухторовага алоҳида раҳмат айтаман. Келинларим фаросатли. Улар мендан хабар олади, мен ҳам йўқлаб бориб тураман. Бу бахт… Отам бор, 85 ёшда… Телефондаги суҳбатларни ёзиб оламан. Аслида, улар билан суҳбат қилиб роҳатланаман.

– Мадина Мухторовани бахтли қила олдингизми?

– У бахтли! Мадина билан бирга яшамаймиз, лекин унга ёмонлигим йўқ. У фарзандларимнинг онаси. Мен доим унинг саломатлигини сўрайман. Хабарлашиб турамиз, баъзи бир каму-кўстларимизни тўлдирамиз. Фарзандларимиз, набираларимиз бор ўртада… Ҳар бир инсон хато қилади, беайб
парвардигор! Мен бахтиёрман, мендан хафа бўлмасин, мен ҳам ҳеч кимдан хафа эмасман. Бу ҳаётнинг берилиши бахт, уни яшаб ўтиш ҳам бахт…

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *