Синовларда синалган Саида

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова. Ҳаётнинг синовларини табассум билан қарши оладиган матонатли аёл! Саҳнада ҳам, экранда ҳам юлдуз бўлиб порлаган актриса!

Аслида, Тошкентга актриса бўламан, деб келмагансиз…

– Ҳа, тақдирни қарангда, аслида ҳуқуқшунос ёки шифокор бўламан деб ният қилар эдим. Санъаткор бўлишим тушимга ҳам кирмаган. Аммо санъаткорларни ҳурмат қилардим. Тақдир тақозоси билан Тошкентга ўқишга келдим ва театрга тушдим. “Кўрмайин босдим тиконни” деб номланган спектакл менинг дунёимни остин-устун қилиб ташлади. Ўша лаҳзадан бошлаб санъатга қалбан буткул боғланиб қолдим. Бош ролларни Ўзбекистон халқ артистлари Гулчеҳра Жамилова ҳамда Эркин Комилов ижро этганди. Бир куни спектаклдан кейин театрнинг орқа эшигида актёрларнинг чиқишини кутиб турдим. Гулчеҳра опа ва Эркин ака билан ўшанда биринчи марта юзма-юз суҳбатлашганман. Улар менга санъат институти ҳақида, у ерда бўладиган имтиҳонлар ҳақида илк тушунчалар беришган. Қўлларини дуога очиб, оқ йўл тилашган.

– Ва сиз санъатга қадам қўйдингиз…

– Ҳа, устозлар билан бўлган суҳбатдан кейин мен юз карра амин бўлдимки, менинг келажагим санъатда! Тасаввур қилаяпсизми, етти юз йигирмата абитуриент ҳужжат топширган. Лекин йигирма нафаргина талаба қабул қилиниши керак эди. Не бахтки, менга омад кулиб боқди. Самарқандлик Солиева Саида биринчилардан бўлиб талабалар сафига қабул қилинди. Ўқиш тугади, лекин мен Тошкентда қолишим керак, дердим. Аммо Самарқанд театри раҳбарияти мени олиб кетиш истагида эди. Мен Миллий театрда боришга ўша пайтда ўзимда куч топа олмаганман. Шунинг учун дастлаб ҳозирги Ўзбек давлат драма театрида ишлашга қарор қилдим. Устозим Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров мени яхши кутиб олди ва Тошкентда ижод қилишимга сидқидилдан ёрдам берди.

– Биринчи ролнинг муваффақиятини сизчалик ҳис қилган актрисалар кам…

– Тўғри айтасиз, биринчи ролингиз хоҳ театрда бўлсин, хоҳ кинода агар маромига етса, омад сиз томонда бўлади. Саҳнада ўзингизни биринчи қадамда намоён этиш жуда муҳим. Исфандиёрнинг “Отасининг қизи” спектаклидаги Наргиза менинг илк ролим. Мурод Ражабов, Мадина Тўхтаева, Карим Мирҳодиев, Матёқуб Матчонов, Ҳошим Арслонов каби катта актёрлар билан ишладим. Шундан кейин театрда бахтим кулди, кетма-кет яхши роллар менга насиб қила бошлади…

– Ҳамма яхши роллар Саида Раметовага насиб эта бошлади… “Нега? Нима учун? Биз-чи?..” деган саволлар бўлмадими ён-атрофдан?

– О, бу саволларсиз ҳаёт бўлар эканми! Кимдир маҳоратингизга тан беради, кимдир меҳнатингизга қойил қолади, яна кимдир “нега Саидага, ундан бошқа актриса йўқми?”, дейди… Мен изтиробларимни ҳамиша юрагимда сақлаганман. Кўз ёшларимни кўрсатмаганман. Ҳар бир вазиятга табассум билан қараб ютдим. Агар дийдиёлар билан ўралашиб қолганимда вақтдан ютқазардим.

– Жумадулла Раметов билан турмуш қуришдан аввал ўзаро шартнома қилган экансиз, шу ростми?

– Рост (кулиб). Театрга ишга келганимдан сўнг бир йил ўтиб, Жумадулла Раметов билан оила қурдик. Турмуш ўртоғимга тўйдан аввал “санъаткор бўламан деб ўқидим, Самарқандга ҳам кетмадим, театрда ишлашимга рухсат берсангиз, сизга турмушга чиқаман” деганман. Шунда Жумадулла Раметов ҳам “Иккаламиз ҳам ўзимизнинг севган касбимизда ишлаймиз, ҳеч қачон театрдан айирмайман, имкон қадар сизни қўллаб-қувватлайман”, деб сўз берган. Шукр, умр йўлдошим берган ваъдасини устидан чиқди. Лекин жуда рашкчи эди, ҳам оилани, ҳам санъатни баробар олиб кетиш аёл киши учун ниҳоятда қийин. Фарҳод Абдуллаев доим “Саида, сенда отнинг калласидек юрак бор”, дерди. Шундай дўстларнинг далдаси ҳам менга куч берарди.

– Театрда, умуман ижодда келишмовчиликлар кўп бўлади… Сиз билан ҳам бир текис кетмагани аниқ…

– Бизни театрга Баҳодир Йўлдошев бош режиссёр бўлиб келганларида мен нимагадир бош роллардан тушиб қолдим, асосан эпизод образларда, оммавий саҳналарда чиқдим. Нима учун, деган саволни бировга бермадим, фақат ишладим, театрнинг тартибларига риоя қилдим. Баҳодир ака мени театрда борлигимни ҳам сезмагандек эди… Исёнларим ичимда қолди. Ўша пайтда “Зинуля” деб номланган спектакл қўйилди. Мен бир ой давомида томошабинлар залида репитицияни кузатдим. Тақдирни қарангки, спектаклдаги иккинчи даражадаги Валя ролига мени дублёр қилишди… Ўша кунларни унутмайман… Не кўз билан кўрайки, мени шунчаки реплика бериб туради, деб саҳнага чиқарган Баҳодир Йўлдошевнинг кўзларида ёш эди. Мени қучоқлаб: “Мени кечиринг, шунча пайт сизни саҳнага чиқармаганим учун узр”, деди. Ва мен яна бош ролларни ижро эта бошладим. Йиллар ўтиб яна бош режиссёр билан нимагадир ўртамизга совуқчилик тушди. Шундан сўнг Миллий театрга ўтиб кетдим. Умримнинг ўн беш йилини ҳозирги Ўзбек давлат драма театрида ўтказдим.

Миллий театрда сизни қандай кутиб олишди?

– Ўзбек Миллий академик драма театрига қирқ ёшимда бордим. Умримнинг йигирма беш йили шу саҳнада ўтди, ўтаяпти. Қаранг, ҳамма нарсада ҳикмат бор, деб бекорга айтишмайди. Шу театрда ишлаб унвон олдим, киноларда суратга тушдим, теленовеллаларда ўйнадим… ҳаммаси яхшиликка бўлган экан. Мен бугун нимага эришган бўлсам, ҳаммаси меҳнатим билан бўлди. Оилада ҳам, санъатда ҳам фақат меҳнат қилдим. Санъат учун, яқинларимнинг бахтиёрлиги, оиламнинг омонлиги учун яшадим. Ишонасизми, меҳнатсиз бир куним ўтмабди. Ҳатто оғир хасталикка чалинганимда ҳам меҳнатдан воз кечмадим. Мени даволаган шифокорлар “сиздек беморни кўрмаганмиз”, дейишди.

– Ҳаёт сизни севди, халқнинг меҳри билан сийлади ва синади ҳам… Синовларда матонат билан турибсиз…

Аллоҳим, кўрсатган кунларингга шукр, дард бердинг, давоси ҳам ўзингдан… Худойим, ўзинг ниятларимнинг рўёбини бердинг, дардларинг билан синаб яна умр бераяпсан… кўпга бер, кўп қатори менга ҳам бер дейман… Умид билан, ишонч билан яшайман. Елиб-югуриб яшайман, ишлайман, дардимни унутаман. Аслида, Бу ҳаётнинг ҳар бир они синовли. Бу синовларда ҳаммамизни Аллоҳ қўлласин.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *