Соғинч билан эслаймиз…

Бу одам бир дарёдек эди, тўлиб-тўлиб оқарди,
доим яхшиликка, яхшилар даврасига шошарди,
саҳнани, санъатни севарди… Мирза Азизов…
Чин маънода халқнинг артисти, халқнинг одами эди.
Салобати, овозидаги баланд руҳият,
кўзларидаги самимият… Унутиб бўлмайди.
Тақдирнинг ҳукми шундай экан, шукрки,
бу инсоннинг умр китобида ибратли
саҳифалар бисёр…

Мирза Азизов Наманганнинг Чустида зиёли оилада туғилган. Орзулар сабаб Тошкентга келади ва санъаткорлар сафига интилади. Интилишлар бесамар кетмади, йиллар давомида қилинган меҳнат, касбга муҳаббат – бу инсонга катта саҳнани, катта санъатни ва катта-катта ишларни насиб этди.


Тожибар Азизова – рафиқаси,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист:

– Бу айрилиқ, бу изтиробни сўз билан таърифлаб бўлганида эди… Афсус, тақдирнинг иши, кўнмоқликдан ўзга иложим йўқ. Турмуш ўртоғим ҳаётлигида ҳам доим халқнинг, давлатнинг эътиборида, эътирофида яшадилар. Ҳар бир санъаткор орзу қилган мукофотлар насиб этган уларга. Инсоннинг меҳнати оламдан ўтса ҳам унутилмаса, бу унинг бесамар яшамаганидан далолат беради. Мен ишонаман, халқимиз орасида Мирза Азизовга ҳавас қилиб санъат йўлини танлаганлар бор, уларнинг маҳоратига мухлислик қилувчи минглаб одамлар бор… Мирза ака билан ёмон яшамадик, бахтли кунларда ҳам, синовларда ҳам бир-биримизга суяндик. Оилапарвар, фарзандларига жон фидо эди. Дўстлар даврасини, улуғлар суҳбатини яхши кўрарди. Ҳар бир қадамда ўрни билинади, ҳар бир кунимда хотиралари бор! Охиратлари обод бўлсин!


Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *