ТЕЛЕВИЗИОН МИНИАТЮРАЛАР ТЕАТРИ

«Телевизион миниатюралар театри»! Юзингизга табассум югурдими… Бу дастур самимий, маъноли табассум дастасига ўхшайди. Воҳид Қодиров, Эргаш Каримов, Ҳасан Йўлдошев, Ҳусан Шарипов, Бахтиёр Ихтиёров, Хайрулла Саъдиев, Роза Каримова, Абдуҳолиқ Мамарасулов ва яна кўплаб санъат усталарининг ҳар бир чиқиши томошабин учун байрамга айланар эди. 1962 йилда илк бор экран юзини кўрган «Телевизион миниатюралар театри» ҳали-ҳануз табассумларга сабаб! Ушбу лойиҳанинг бошида устозлар Убай Бурхон, Маҳкам Муҳаммедов, Эргаш Каримов, Элбек Мусаев, Мираббос Мирзааҳмедов ва яна кўплаб устозлар турган. Бугун “Оқшом эсдаликлари”да олтмиш йиллик «Телевизион миниатюралар театри»!


Мираббос Мирзааҳмедов,

Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган маданият ходими:

– “Истиқбол эгалари” деб номланган дастур бўлар эди. Унинг ичида “Сатира ва юмор” деган бўлимда 10-15 дақиқалик табассумга мойил гаплар кетарди. Ўша пайтлардаги телевидениенинг раҳбари Убай Бурхон мана шу бўлимни кенгайтириб, алоҳида дастур қилиш таклифини берган. Кейин даврнинг забардаст ижодкорлари бир жойга жам бўлиб ишни бошлаган. Саид Аҳмад, Алп Жамол, Фарҳод Мусажонов, Эргаш Раимов, Элбек Мусаевлар илк муаллифлар бўлган. Вақт ўтиб кўрсатув учун алоҳида мусиқа ёзилди. Бу бахт бастакор, гармончи Муҳаммаджон Раҳимовга насиб этган. Бир куни бозорда гумма олиш учун Эргаш Каримов билан бирга навбатда турибмиз. Эргаш ака бош кийимларини бостириб одамлар танимайдиган қилиб кийиб оларди. Лекин барибир халқ таниб қолди. Гуммадаги навбат бузилиб ҳамма Эргаш Каримовни ўраб олганди… Жуда камтар инсон эди.


Хайрулла Саъдиев,

Ўзбекистон халқ артисти:

– Ҳасан Йўлдошев билан жуда кўп ишлаганмиз. Бу инсон билан ижод қилиш завқли эди. Ҳазиллари тасодиф бўларди. Бир куни олдимга келиб: “Хайрулла, зўр сценарий бор экан, Эргаш аканг роль тақсимлаяпти, ота-болани ол, бирга боплаймиз”, деди. Мен ҳам тезда бориб: “Шу ота-болани Ҳасан ака иккаламиз ўйнасак, майлими?”, деб Эргаш Каримовдан рухсат олдим. Ўйнаяпмиз, Ҳасан ака берилиб кетганидан импровизациялар жуда авжига чиққани эсимда қолган. Яна эсимда интермедиялардаги исмлар жуда муаммо бўлар эди. “Фалончи, десак йўқ, унга тегиб кетади, Пистончи, десак бунга тегиб кетади”, дерди Эргаш ака. Чунки бераётган ижод маҳсулларимиз шунчаки кулгу бўлмасди, албатта унинг тагида жиддий гап ётарди. Табиийки, кутилмаганда кимгадир тегиб кетарди. Шунча эҳтиёткорлик билан ёндошсак ҳам кўрсатувдан кейин “Шу исмдан бошқа фойдаланманг, фалон жойдаги раҳбарга тегиб кетади”, деган огоҳлантиришлар олганмиз. Охири ижодий гуруҳ билан келишиб ҳамма ўзининг исмида чиқа бошлаган…


Ҳусан Мусабоев,

актёр:

– Мен телеминиатюралар театрига 1967 йил болалик пайтларимда келганман. Болалар ролларини ижро этардим. Илк бор Ҳасан Йўлдошев ва Тамара Маҳкамованинг фарзандини ўйнаганман. «Телевизион миниатюралар театри» жуда кўп санъаткорларга трамплин вазифасини бажарган. Бугун халқимиз ардоғидаги Дилором Каримова, Эркин Комилов, Ноила Тошкенбоева, Муқаддас Холиқова, Шукурулло Исроилов каби санъаткорлар ҳам шу дастурда ижод қилган. Эргаш Каримов устозимиз «Телевизион миниатюралар театри»нинг юзи эди. Сўнгги
пайтларда биз Рихсивой Мирзараҳимов билан устозларнинг ҳурмати учун бу лойиҳани давом эттираётган эдик. Афсуски, Рихсивой хасталик сабаб бу дунёни тарк этди. Ҳозир “Маҳалла” телеканалининг таклифи билан «Телевизион миниатюралар театри»ни яна давом эттиришни режа қилдик.


Абдуҳолиқ Мамарасулов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

– ўани Аъзамов мени судга бермоқчи бўлган. Шу воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Бир куни хонамизга келсам ўани Аъзамов турибди, жиғибийрон: “Тинчликми?”, десам, “Интермедиангда мана шу артистинг “ўани акага оқ тунука олиб бориб бердим, томингизни ёпинг” деб деди, нега унақа дейди, нега мени исмимни айтади”, деб исён қилган. Хонада Элбек Мусаев, Алп Жамол, Эргаш Раимовлар ҳам бор. Улар менинг ёнимни оляпти. “ўани ака, сиз мени хаёлимга умуман келмагансиз, ўзимни маҳалламда уста ўани бор, нонвой ўани бор… ўанилар кўп…”, десам, “Ким ёзган, кўрсат сценарийни”, деди. Эргаш Раимовни кўрсатдим, сценарийни ҳам кўрдилар. Шунақа воқеалар ҳам бўлган. «Телевизион миниатюралар театри» мен учун ёшлик, устозлар мактаби!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *