Юлдузли янги йил

Элёр Носиров,
Ўзбекистон халқ артисти:

– Мен учун ҳар Янги йил эсда қоларли бўлган. Чунки оила даврасида, орамизда камчилик бўлмаган ҳолда байрам нишонлашни ўзи бахт, ўзига хос воқеа. Ҳар йили байрамни набиралар билан бирга нишонлайман. Улар ҳам улғайиб қолишди. Бу йил ўтган йиллардагига қараганда бошқачароқ бўладигандек. Нима бўлганда ҳам,
аввало оиламиз, юртимиз тинч бўлсин. Дунёда бўлаётган воқеаларни кўриб бу улуғ неъматнинг қадрига янада кўпроқ етяпмиз. Қисқа умримизни яхшилик, эзгуликларга тўла ҳолда ўтказайлик.


Раъно Ярашева,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

– 2022 йил мен учун энг омадли ва эсда қоларли йил бўлди. Анча вақтдан буён бувижонимнинг ҳаётини китоб қилиб чиқариш ниятим бор эди. Яқинда ушбу китобим “Меҳр Нигор” номи билан нашрдан чиқди. Бундан ташқари, биз қорақалпоқ санъаткорлари билан биргаликда “Ўжарлар” спектаклини саҳналаштирдик. Бу спектаклнинг алоҳида жиҳати шундаки, қорақалпоқ санъаткорлари билан биргаликда, бир вақтда, битта саҳнада, 2 тилда роль ижро этдик. Бизга таржимон керак эмас, чунки биз бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Бизнинг қилган меҳнатларимиз учун “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвони берилди. Бундай эътибордан жуда хурсанд бўлдик.
Ҳар бир инсоннинг самимий ниятлари бор. Мана шу ниятлар рўёбга чиқсин. Ўзбегим байроғи, спортда бўладими, санъатда бўладими, илм-фанда бўладими, қайси соҳада бўлса ҳам, дунё ареналарининг энг баландида бўлишини чин юрагимдан тилайман.


Нодира Маҳмудова,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

– Одатда турмуш ўртоғим ва фарзандим билан Янги йилни кутиб олардим. 2021 йили оиламиз кенгайди, келин туширдик. 2023 йилги байрамни эса жажжи набирам билан нишонлаймиз. Охирги икки йил мен учун энг яхши йиллардан бўлди. Халқимизга ҳам ҳар байрамда шундай қувончлар ҳамроҳ бўлсин. Келаётган йилда ҳар ким ўз орзусига етиб, ушалмаган орзулари амалга ошсин. Ўзи ёқтирган жамоада қадр топиб, эъзозланиб, юришсин.
Aсосийси энг улуғ неъмат тинчлигимиз абадий бўлсин!


Беҳзод Муҳаммадкаримов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:

– 2000 йиллар кинога эътибор сусайган пайтлар эди. Шу сабаб билан бир неча йил Aмерика Қўшма Штатларида яшашимга тўғри келган. 2007 йил 31 декабрь Aмерикада ўтказган кечам ҳамон ёдимда. Байрамни ёлғиз ўзим кутиб олганман. Дўстларим бошқа штатларда яшар эди. Қолган барча Янги йил кечаларини оилам, дўстларим даврасида кутиб оламан. Халқимизга ҳам байрамни энг яқин инсонлари билан кутиб олишини тилаган ҳолда, келаётган йил энг омадли, сермаҳсул йиллардан бўлишини, ўзлари кутмаган тарафдан қувонч, бахт ёғилишини чин дилдан истаб қоламан.


Дилноза Кубаева,
“Шуҳрат” медали ва “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳибаси, актриса:

– Янги йилни ўз анъанамизга кўра ҳар йил оилавий кутиб оламиз. Бу байрамни эслаганимда ҳамиша ёрқин хотиралар ёдимга тушади. Болалик пайтларим эди. Байрам куни барча яқинлар, қариндошлар байрамни катта отамизнинг хонадонида нишонлар эдик. Шу хонадонда ўтадиган байрам кечалардан бирида жуда кўп набиралар йиғилдик, шовқинимиз хонани бузиб юборай дерди. Бегзод исмли акамиз Янги йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолганида барча болаларни бир жойга йиғиб, эркалаб, ширинликларга тўла қутиларни улашган. Биз болалар учун бу жуда катта хурсандчилик эди. Aйнан шу хурсандчиликни ҳис қилган бола сифатида мен ҳам ҳозир фарзандим, жиянларим учун ҳар байрамда совғалар улашишни одат қилганман. Aсосан, боланинг ақлий ривожланиши учун хизмат қиладиган совғаларни танлайман. Aввало ҳар бир юртдошимизни азиз боши омон бўлсин. Хонадонларимизда меҳр-оқибат, халоват, тинчлик бўлсин. Янги йилда ажримлар камайиб, оилалар тинч-тотув ҳаёт кечиришсин. Оила мустаҳкам бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.


Самандар Ҳамроқулов,
актёр, хонанда, бошловчи:

– Янги йил энг севимли байрамларимдан бири. Бу байрамни ҳар доим уйда, оила даврасида кутишга ҳаракат қиламан. Шу пайтгача Янги йилни кўчада кутиб олишга тўғри келган. Лекин, 2019 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманига ташриф буюриб, саксовул ёқишда иштирок этган 5 мингга яқин одамлаар учун айнан, 31 декабрь кечасида концерт дастурини ташкил қилганмиз. Улар айнан байрам кечасида шу юрт ободлиги учун хизмат қилаётганда, биз нима учун санъаткор сифатида уларга хизмат қилмаслигимиз керак. 2023 йил ҳамма учун бахт, омад, муаффақият йили бўлсин. Ҳар бир инсон ўз устида ишлашдан, шахсий ривожланишдан тўхтамасин. “Тошкент оқшоми”га ҳам омад ёр бўлсин! Ҳар оқшом халқимизни хурсанд қилаверсин. Шу газетада фаолият юритаётган ҳар бир ходимга оилавий хотиржамлик, бахт ва қувонч тилаб қоламан.


Зуҳра Солиева,
актриса:

– Бу йил Янги йилни агар билетим тайёр бўлса, Москва шаҳрида кутиш ниятидаман. Агар ўхшамаса, жигарларим ва оилам даврасида нишонлайман. Мен учун энг эсда қоларли Янги йил байрамлари раҳматли дадам ҳаёт бўлган вақтларда эди. Эсимда, дадам олиб келган катта арча атрофида шеърлар айтиб, Қорбобони кутиб ўтирардик. Дадам совғалар олиб келарди. Шу энг эсда қоларли Янги йил бўлган. 2022 йил Зуҳра Солиева Янги Ўзбекистонда янги Зуҳра Солиева бўлди. Соғлигини тиклади, ўзига эътиборни кучайтирди. Янги 2023 йил энг катта мақсадларимдан бири соғ-саломат бўлиш, соғлигим менинг энг катта бойлигим эканлигини англаб етдим.
Юртимиз тинч бўлсин, инсонлар меҳр-оқибатли бўлишсин. Бизга меҳр берадиган инсонларнинг қадрига етайлик. Барча инсонлар соғ-саломат бўлишсин. Ўйлаган барча ниятларига етишсин.


Наргиза Абдуллаева,
актриса:

– 2022 йил мен учун жуда ҳам омадли йил бўлди. Ўзим истаганимдан ҳам зиёда бўлди, десам бўлади. Пинҳона орзуларимга эришдим.
Ҳар бир Янги йил ўзгача. Мен учун Янги йилга соғ-омон етиб келишимизнинг ўзи бир байрам. Уни соғ-омон ўтказишимизнинг ўзи яна бир байрам. Мен учун энг муҳими байрамни оилам даврасида кутиб олиш. 2023 йилда авваламбор, барчамизнинг оиламиз тинч бўлсин. Инсоннинг оиласи тинч бўлса, қалби хотиржам бўлади. Шунинг учун мен фақат тинчлик ва соғлик тилаб қоламан. Энг асосийси, юртимиз тинч бўлсин!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *