«Илтимос менга овоз бериб юборинг»

мазмунида тарқалаётган «ФЕЙК» хабарларга алданиб қолманг! Телеграмда “ВИРУС” тарқалди!

Менинг Телеграмм аккаунтимга икки ҳафталардан бери таниш-нотаниш рақамлардан “Илтимос менга овоз бериб юборинг” каби хабарлар келишни бошлади. 4-5 кундан бери уларнинг сони янаям кўпайди. “Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир болали оилага 650 минг сўмдан ажратади”, “энди сиз президентдан 650 000 сўм тўлов олишингиз мумкин” деган мазмундаги хабарлар ҳам келмоқда.


Аслида, Кибероламда содир этилаётган фирибгарликлар ҳақида унча-мунча тушунчам бор. Аниқроғи, ИИВ Киберхавфсизлик Маркази ходимлари билан бу борадаги тарғибот тадбирлари ва бошқа ҳолатлар бўйича лавҳалар тайёрлаш жараёнида олган маълумотларим сабаб жуда эҳтиёткор бўлиб қолганман. Бир куни менга бегона номердан қўнғироқ бўлди. Салом — аликдан сўнг, сизга “uzcard компаниясидан янги йил совғаси бор” дейишди. Фирибгарлар бўлса керак деб ўйлаб, дарров шубҳага бордим. Ҳатто, телефонимнинг овоз ёзиб олиш мосламасини ҳам ёқдим. Ҳозир қаердасиз деб савол берган эдим, ишхонамнинг манзилини айтганидан сўнг хотиржам бўлдим. Хуллас, ўзимнинг киберхавфсизлик борасидаги билимларимга таяниб, бу хабарларга ҳам ишонмадим. Аммо, икки кунлар олдин кечаси, яқин бир курсдошим Иродадан ҳам шу маънодаги хабар келиб қолди. Хабарни кўришим билан курсдошлар бир кўришганимизда, Ироданинг “ҳавола юбораман. Университетимиз рейтинги учун баҳо берасизлар”, деган сўзларини эсладим. Ҳа, ўша танловда иштирок этяпти шекилли, деган хаёлга бордим. Овоз бериш учун ботга аъзо бўлиш мақсадида хабарни ўқидим. “Шу сайтка кириб, номеризи киритиб регистрациядан утволин, олдиндан рахмат” деб ёзилган экан. Жумладаги хатоликлардан дарров билдимки, буни Ирода ёзмаган. Чунки, у хатосиз ёзади. Телеграмдан унга ёздим. Анча вақт кутдим жавоб келмади. Демак, бу ҳам фирибгарларнинг найранги. Шундан сўнг, курсдошим Иродага қўнғироқ қилдим, ҳолатни айтдим. У ҳам “Телеграмимга кираолмаяпман. Фирибгарлар аккаунтимни ўзлаштириб олишган. Энди ҳамма тан-
ишларимга шунақа мазмундаги хабарларни юборишаётган экан”, деди. Менинг ҳам киберфирибгарларга алданишимга бир баҳя қолди. Хўп, бу хабарда имло хатолар бор экан. Мен ундан сергаклик тортиб, билиб қолдим. Лекин, бундай хабарларнинг ҳаммаси ҳам хато ёзилмас ёки бошқа танишларимиз хато ёзар. Демак, бу ҳам бизни киберфирибгарлардан қутқара олмайди. Хўш, аслида Кибероламда бўлаётган бундай найранглардан сақланиш учун нима қилишимиз керак? Бундай сохта ҳавола ёки ботларни ҳақиқийсидан ажратиш мумкинми? Борди-ю ҳавола ёки ботга аъзо бўлиб, маълумотлар киритиб қўйилса нима бўлади? Ундан қандай қилиб қутулиш мумкин? Фирибгарлар қўлга киритган аккаунтни қайтариб олиш мумкинми, қандай қилиб?
Хуллас, шу каби саволларга жавоб топиш бугунги кунда анча долзарб бўлиб турипти. Бу борада ҳар биримиз учун, аввало, мутахассислар тавсиясига амал қилиш энг муҳим ва тўғри йўлдир.
Демак, биринчидан кибероламда тарқалаётган ҳар қандай хабарни текшириб кўрмасдан туриб, тўғри деб қабул қилманг. Айниқса, сизга бот кўринишида ёки бирон ҳавола юборилиб, унга аъзо бўлишингиз ва телефон рақамингиз, шахсий маълумотларингизни киритишингиз сўралаяптими, дарров ҳушёр бўлинг. Энг яқин танишингиз, амма ёки холангиз, ҳатто оила аъзоларингиздан бири юборган бўлса ҳам ишонишга шошилманг. Имкон қадар у ердаги ёзувлар устига босиб кўриш ёки унга киришдан четланинг. Сабаби, киберфирибгарлар шу орқали ўзининг ғараз ниятини амалга оширмоқчи бўлади. Масалан, шу кунларда телеграмда янгича фирибгарлик хабарлари тарқаляпти. Бу бўйича расмий каналлар ҳам аҳолига огоҳлантирувчи эълонлар бериб бормоқда. ИИВ Киберхавфсизлик Маркази маълумот беришича, унинг схемасига қарасангиз, аслида, жуда ҳам оддий. Лекин, кўпчилик фуқаролар бунга алданиб, ўзлари фойдаланаётган телеграм аккаунтларидан айрилиб қолмоқда. Бунда юқорида айтганимиздай, сизга “Сўровномада қатнашаётгандим, сизнинг ёрдамингиз керак”, “шу ҳаволага киринг” каби мазмундаги турли қисқа хабарлар келади. Энг қизиғи, бу сизнинг яқин танишингиздан ҳам бўлиши мумкин. Сиз эса бунга танишингиздан келгани учун ҳам ишонасиз. Аслида эса, ишонманг. Чунки, бу хабарни сизнинг танишингиз ёзаётгани йўқ. Бу унинг аккаунтини қўлга киритган киберфирибгарлар қилаётган иш. Қандай қилиб дейсизми?. Мана, қаранг. Сиз телеграмингиз орқали келган хабарга ишониб, ундаги “хабарни кўриш”, “перейти к сообщению” ёки “сайт” каби ёзувли тугмани босасиз. Овоз беришингиз учун у ерда Телефон рақамингизни киритишингиз сўралади. Киритдингизми? Ана энди телефон рақамингизга келган смсни тасдиқлаб беришингизни айтади. Сиз мана шу смсни ҳам тасдиқлайсиз. Оқибатда телеграм профилингизга киберфирибгарлар бузиб киради. Ана шу вақтдан бошлаб, сизнинг телеграмм аккаунтингиз тўлиқлигича уларнинг бошқарувига ўтади. Натижада эса, қўлингиздаги мобил қурилмангиз ёки компьютердаги ўзингизнинг телеграм аккаунтингизга кира олмайсиз. Ва махсус ботлар контактингиздаги барчага ўзлари истаган хабарларни юборади. Демак, “Телеграм” мессенжерида турли канал ва гуруҳлар орқали тарқатилаётган ёки шахсий профиллардан ҳатто энг яқин инсонларингиздан келаётган “Илтимос, менга овоз бериб юборинг” мазмунидаги хабарларга асло ишонманг. Бундай хабарларни киберфирибгарлар тарқатмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса, фуқароларнинг аккаунтини эгаллаб, ундаги махфий ёзишмалар, видео ва фото маълумотларни қўлга киритишдир. Бу каби ҳолатлар, Payme, Click каби бошқа банк карталари билан боғлиқ иловаларда ҳам кузатилиши мумкин. Демак, ушбу хабарлар ёлғон ва хавфли.


Агарда сиз билиб-билмай, мабодо ана шундай бот ёки ҳаволага кириб қўйган бўлсангиз, ундан қандай қутулишингиз мумкин?. Ана энди, бу борада мутахассислар тавсиясини эшитамиз. Телеграмда созламалар бўлимига киринг. Ундан қурилмалар бўлимига ўтинг. Бу ерда яъни қурилмалар бўлимида бошқа барча сеансларни тугатиш деган тугмача мавжуд. Қизил ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Ана шу тугмачани босиб қўйинг. Шунда сизнинг ҳақиқий аккаунтингиздан ташқари бошқа барча фаол қурилмаларнинг фаолияти бекор қилинади. Бу эса сизнинг аккаунтингиз янада ҳимояланган ва янада хавфсиз эканини билдиради.
Яна муҳим бир тавсия!. Телеграм аккаунтингизни эгаллашга бўлган хуружларни мутлақо бартараф этиш учун, икки босқичли текширувни ёқиб қўйинг. Бунинг учун телеграмда махфийлик ва хавфсизлик бўлимига кириб, икки босқичли текширув тугмасини босасиз. У ерда ўзингизгагина маълум бўлган паролни киритиб, ушбу икки босқичли текширувни фаоллаштиришингиз мумкин. Хуллас, Эҳтиёт бўлинг! Телеграм аккаунтингизни сиздан олиб қўядиган бот ва сайтлар пайдо бўлди. “Илтимос менга овоз беринг” ёки бошқа шаклдаги бундай бот ёки сайтларга олиб ўтувчи ҳавола ва иловаларга асло жавоб берманг. Балки, ҳушёр бўлиб, бу борада керакли маълумотларга эга бўлиб боринг. Ана шунда кибероламда тарқалаётган бундай фирибгарликлардан ҳимоялана оласиз. Бунинг учун ИИВ Киберхавфсизлик марказининг расмий телеграм каналидан фойдаланишингиз мумкин. У ерда сиз мутахассислардан тавсиялар олсангиз бўлади. Ўзингизни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб топасиз. Бугун интернет нафақат кун сайин, балки соат ҳатто сонияларда шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бу эса, ўз -ўзидан ҳар биримиздан киберхавфсизлик бўйича билим ва кўникмаларимизни ошириб боришни ҳам талаб этади. Демак, эътиборли ва огоҳ бўламиз.
Мақсуда Ширинбоева.
Саҳифани тайёрлашда ИИВ Киберхавфсизлик Марказининг “cyber 102” расмий телеграм канали материалларидан фойдаланилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *