ЖАМГАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ НЕГА КЎРИНМАЙ ҚОЛДИ?

Пенсия – фуқароларнинг пенсия ёшига етганидан сўнг меҳнатга лаёқатсизлик, боқувчисини йўқотганлик ёки узоқ муддатли касбий фаолият билан боғлиқ ҳолда таъминлаш учун кафолатланган ойлик пул тўловидир. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида ёшга доир нафақа эркакларга 65, аёлларга 60 ёш, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи эса эркакларга 60 ёшга тўлган ва иш стажи камида 25 йил, аёлларга 55 ёшга тўлган ва иш стажи камида 20 йил бўлганда берилади. Ўз навбатида, пенсия ва нафақа уч турга бўлинади: ёшга доир пенсия, ногиронлик пенсияси ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси. Нафақа ҳам худди шу тарзда уч турга бўлинади.

Ҳозирга келиб, республикамизда пенсионерлар сони салкам 4 миллионга яқин. Ҳар йили уларнинг пенсиялари белгиланган миқдорда оширилади. Жумладан, 2023 йилнинг 1 январидан пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ўртача иш ҳақи миқдори оширилди. Масалага доир саволлар юзасидан соҳа мутахассиси билан суҳбатлашдик.

Фаррух Пардаев, Пенсия
жамғармаси бошқарма бошлиғи:

— Ўзбекистон Республикасида пенсия ва нафақа олувчиларни қўллаб-қувватлаш, пенсия ҳисоблашда адолат мезонларини мустаҳкамлаш юзасидан босқичма-босқич чоралар кўриб борилмоқда. Жумладан, 2022 йил 1 майдан энг кам пенсия ва нафақа миқдорлари минимал истеъмол харажатлари миқдори 500 минг сўмга етказилди, ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 баробарга оширилди. Бундан ташқари, ногиронлик пенсия ва нафақаларининг энг кам миқдорлари 698 минг сўмга етказилди.

Маълумки, пенсия миқдори фуқаронинг иш стажи ва иш ҳақига боғлиқ. Юқори миқдордаги иш ҳақидан солиқ тўлаган фуқароларга, Пенсия жамғармасига қўшган ҳиссасига муносиб пенсияларни ҳисоблаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси
Президентининг ПФ-60-сон Фармонига асосан 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияларни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробарига оширилиши белгиланган.

Бунда пенсия тайинлашда ҳисобга олинган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 3 млн. 240 минг сўмдан юқори бўлган пенсионерларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиб чиқилади. Мисол учун, 30 йил иш стаж ва 3 900 000 сўм ўртача ойлик иш ҳақи олган эркак кишига 2022 йилда 1 944 000 сўм ёшга доир пенсия тайинланган.

Пенсия ҳисоби: ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (324 000 сўм)нинг 10 баравари (3 240 000 сўм)дан юқори бўлганлиги сабабли, пенсия ҳисоблаш учун 3 240 000 сўм инобатга олинган;

Пенсиянинг таянч миқдори  –  1 782 000 сўм (пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақи – 3 240 000 сўмнинг 55 фоизи);

Ортиқча иш стажи учун устама – 162 000 сўм (эркакларга талаб этилган 25 йил стаждан ҳар бир ортиқча йиллик иш стаж учун пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида – 3 240 000 сўм * 5 %).

Жами пенсия миқдори 1 782 000 + 162 000 = 1 944 000 сўм.

Ушбу фуқаронинг пенсияси 2023 йил 1 январдан қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 2 332 800 сўмни ташкил этади.

Пенсия ҳисоби: ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсия ҳисоблаш базавий миқдори (324 000 сўм)нинг 12 баравари (3 888 000 сўм)дан юқори бўлганлиги сабабли, пенсия ҳисоблаш учун 3 888 000 сўм инобатга олинади;

Пенсиянинг таянч миқдори  –  2 138 400 сўм (пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақи – 3 888 000 сўмнинг 55 фоизи);

Ортиқча иш стажи учун устама – 194 400 сўм (эркакларга талаб этилган 25 йил стаждан ҳар бир ортиқча йиллик иш стаж учун пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида – 3 888 000 сўм * 5 %). Жами пенсия миқдори 2 138 400 + 194 400 = 2 332 800 сўм. Яъни, фуқаронинг 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсия миқдори амалдагига нисбатан 388 800 сўмга ошади. Юқоридаги Фармонга мувофиқ, бугунги кунда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 3 млн. 240 минг сўмдан юқори бўлган барча пенсионерларнинг пенсиялари қайта ҳисоб-китоб қилиниб, пенсияси ошадиган фуқароларга жорий йилнинг декабрь ойида СМС хабар юборилди. Пенсияларнинг миқдори автоматик тарзда қайта ҳисоб-китоб қилиниб, бунда пенсионерларни Пенсия жамғармасига мурожаат этиш зарурияти йўқ.

Ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг Жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлари кўринмай қолгани ҳақидаги изоҳларга кўзимиз тушди. Aйнан, шу масалага оид савволларга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки ходими билан боғландик.

Алишер Хушматов, Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимини қўллаб қувватлаш департаменти директори ўринбосари:

Бу мавзуда бизга ҳам мурожаатлар бўлди. Жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлар кўринмай қолганининг сабаби электрон ҳукумат (my.gov.uz) ва Халқ банки ўртасидаги электрон маълумот алмашиниш жараёнида юзага келган техник узилиш сабабли маълумотларни олиш имкони бўлмаганлиги билан боғлиқдир. Ушбу техник узилиш бартараф этилди ва маълумот алмашиниш жараёни қайта йўлга қўйилди.

Шу ўринда жамғариб бориладиган пенсия таъминоти – бу фуқароларни шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларидаги маблағлардан давлат пенсиясига қўшимча равишда пул маблағлари билан таъминлашга қаратилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Иш берувчиларнинг, шунингдек, меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга оширувчи фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этиши, агар қонунчиликда бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, мажбурийдир.

Мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадаллари миқдори ходимларнинг ва ишлаётган пенсионерларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси асосида ҳисоблаб чиқарилади ҳамда ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан навбатдаги йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини шакллантириш вақтида белгиланади. Жамғариб бориладиган мажбурий пенсия бадалларининг миқдори фуқароларнинг даромад солиғига тортиладиган ойлик даромадларининг 0,1 фоизини ташкил этади ва бу миқдор фуқароларнинг иш ҳақи ҳисобидан эмас, балки даромад солиғи ҳисобидан ўтказилади. Яъни, фуқаронинг даромад солиғига тортиладиган иш ҳақининг 0,1 фоиз миқдори давлатга тўланадиган даромад солиғи ичидан олиниб, фуқаронинг шахсий пенсия ҳисоб варағига ўтказиб берилади, бунда фуқаро оладиган иш ҳақи камаймайди, аксинча давлат унинг номига қўшимча маблағни йиғиб боради. Фуқаролар иш ҳақи ҳисобидан шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ихтиёрий равишда қўшимча маблағ ўтказиш ҳуқуқига ҳам эга. Бунда ихтиёрий равишда ўтказиладиган маблағ даромад солиғидан озод қилинади. Шунингдек, ҳар йили фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағларини инфляция таъсиридан ҳимоялаш мақсадида, йиғилган маблағларга инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда фоизлар қўшиб берилади. Фуқароларни Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимида ҳисобга олинаётганда Халқ банки уларга умрбод қилиб белгиланадиган, доимий шахсий тартиб рақамли шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақалари очади. Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига тартиб рақами бериш фуқароларнинг паспортига ёки идентификацияловчи ID-картасига оид маълумотлар асосида амалга оширилади. Фуқаролар Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимида рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотномани Халқ банкининг расмий xb.uz сайтидаги ЖБПТТ бўлимидан электрон шаклда олишлари мумкин. Фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағида жамғарилган маблағларини сақланиши ҳамда тўланишини давлат кафолатлайди.

– Фуқаролар шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги жамғарилган маблағларини фақат қуйида кўрсатилган ҳолатлардагина олиши мумкин бўлади:

– жамғариб бориладиган пенсия тизимида иштирок этувчи фуқаролар пенсия тўловлари олувчи сифатида жамғариб бориладиган пенсия тўловларини қонунчиликка мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи юзага келган тақдирда олиш ҳуқуқига эга бўладилар;

– фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига доимий яшаш жойига чиқиб кетаётган бўлса, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағида жамғарилган маблағлар бирйўла тўла ҳажмда тўланади;

– фуқаро вафот этган тақдирда, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варағида жамғарилган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда меросга ўтади ва меросхўрга бир йўла тўла ҳажмда тўланади.

Юқоридагилардан ташқари ҳолатларда жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини олиш ва улардан фойдаланиш мумкин эмас. Жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизими иштирокчиларига шуни маълум қиламизки, Сизнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағингиздаги жамғарилган маблағлар Халқ банкининг электрон маълумотлар базасида сақланади ва хавфсизлиги таъминланган.

Пенсия ҳам халқимизнинг қадриятларига қоришиб кетган. Айниқса, набиралар бувижониси, бобожониси қачон, қайси санада пенсия олишларини ҳаммадан яхши билишади. Яна улар пенсия тарқатадиган амаки ва холаларни бошқа қариндош-уруғларидан ҳам яхши танийди. “Пенсиячи амакига” ҳам “Пенсиячи холага” ҳам ҳаммадан аввал салом берадиганлар ҳам, аслида, болалар. Кексалик гаштининг бир кўриниши шубҳасиз, пенсияда. Боболар, бувилар, тўлиб-тошиб “пенсия олсам, албатта олиб бераман, пенсия олай, кейин бирга борамиз, пул керакми, сабр қил, пенсиям келсин”, деган меҳрибонликларини биз ўзбеклар жуда яхши биламиз. Ёши улғайганда фарзандларнинг ардоғида ҳаёт кечириш, олган пенсиясини набиралар хурсандчилиги учун сарф қилишнинг гашти ҳам ўзгача. Бугун бобо ва бувиларнинг меҳрини ҳис қилган, саховатига гувоҳ бўлган набиралар, йиллар ўтиб олганларидан ўн карра зиёдроқ совғалар билан азиз инсонларини сийлашади. Энг асосийси, муносабатлар меҳр риштаси билан боғланаверади.

Миржалол
МаҲкамов
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *