Ўзбекистон маданий мероси – янги ренессанс асоси” маданий тадбирлар ҳафталиги бошланди

Барчамизга маълум Амир Темур ва Темурийлар даври жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўрин эгаллайди.

Бу даврда илм-фан, меъморчилик, тасвирий санъат, адабиёт, шеърият, мусиқа юксак даражада ривожланди ва ўз навбатида мазкур давр “Темурийлар Ренессанси” деган ном олди.
Бугундан “Ўзбекистон маданий мероси – янги ренессанс асоси” маданий тадбирлар ҳафталиги бошланди. Ушбу кўргазмалар Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон Кинематография агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, илк манзил Темурийлар тарихи давлат музейи бўлди. Кўргазма “Темурийлар даври дурдоналари” деб номланган ва унда мазкур даврни ўзида акс эттирган ноёб экспонатлар жамланган. Ташриф буюрувчилар эътиборига музей хазинасида сақланаётган ноёб ашёлар билан бир қаторда юртимиздаги баъзи музейлар, жумладан, Қашқадарё вилояти “Шаҳрисабз” давлат музей-қўриқхонаси, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси, Бухоро давлат музей-қўриқхонаси, Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳазиналарида сақланаётган Темурийлар даври дурдоналари илк маротаба бир ерга тўпланиб, халқимизга намойиш этилмоқда.
Бундан ташқари кўргазмада Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар ҳомийлигида мамлакатда меъморлик ва шаҳарсозлик ғоят ривожланганлигидан далолат берувчи меъморий қопламалар намуналари, Мовароуннаҳр ҳунармандчилигининг тараққий этган соҳаларидан бўлган кулолчилик, кандакорлик намуналари, ўзбек ёзув маданияти ва китобат санъати тарихининг олтин даври бўлган Темурийлар давридан бугунги кунгача сақланиб қолган нодир қўлёзмалар, ҳозирги кунга қадар етиб келган дипломатик ёзишмалар ҳамда вақф ҳужжатлари намуналари, Амир Темур ва Темурийлар давлати иқтисодий ривожланиши, пул-молия сиёсати тараққиёти ҳақида гувоҳлик берувчи мис, кумуш тангалар, шунингдек, буюк бобомиз ва унинг авлодлари даври ҳарбий санъатини акс эттирувчи қурол-аслаҳалар ўрин олди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *