Фожиага сабабчи йўлларФожиага сабабчи

Республикамизда содир бўлаётган автоҳалокатларнинг аксариятига талабга жавоб бермайдиган йўллар сабаб бўлмоқда. Маълум бўлишича, 2022 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида 7 636 та йўл транспорт ҳодисаси содир этилган. Шундан 1 931 таси ўлим билан якунланган. Йўл транспорт ҳодисаларининг 3 980 таси айнан йўл инфратузилмасининг тўғри ташкил этилмаганлиги билан боғлиқ. Ушбу ҳолат йўл-транспорт ҳодисаларининг 52 % ини ташкил этмоқда. Бу каби ҳолатлар асосан пиёдалар ўтиш йўлагининг тўғри ташкил этилмагани, велойўлакларнинг мавжуд эмаслиги, йўлни иккига ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмагани, йўлларнинг ёритилмагани, пиёдалар ҳаракатини чекловчи тўсиқлар ўрнатилмагани ҳамда йўлнинг ўтказувчанлиги транспорт оқимига мослаштирилмаганлиги каби сабаблар туфайли юзага келган.


Айнан шу каби муаммолар юзасидан Бектемир тумани “Зафаробод” МФЙ фуқаролари томонидан шикоят келиб тушди. Ўрганишларимиз натижасида, маҳалланинг кўплаб ҳудудлари йўл билан боғлиқ бир неча муаммоларга эга эканлигига амин бўлдик. Айрим жойларда светафор ўрнатилиши керак бўлса, баъзи жойлар пиёдалар йўлакчасига, яна бошқа бир жойлар эса йўл чироқларига муҳтож. Ачинарлисчи, пиёдалар юк машиналари серқатнов бўлган йўлнинг четидан ҳаракатланишга мажбур бўлмоқда.
2022 йилнинг 9 декабрида айнан шу маҳаллада содир бўлган автоҳалокатга ҳам йўл инфратузилмасининг тўғри шакллантирилмаганлиги сабаб бўлган. Кимдир буни кичик ҳодиса, ҳамма жойда ҳам учраб турадиган ҳолат деб ҳисоблаши мумкин. Бироқ, биз сўз юритаётган автоҳалокат туфайли бир йилда мактаб ўқувчилари билан боғлиқ иккита автоҳалокат содир бўлган. Болалар эса бир неча ой жароҳат оғриқлари билан яшашига тўғри келди. Автоҳалокатнинг бири маҳалла ҳудудида жойлашган “Қамбар ота” чойхонаси ёнида юз берган. Воқеага эса, пиёдалар юриши учун қолдирилган йўлакни чойхона томонида автотураргоҳга айлантириб олингани сабаб бўлган. Ушбу ҳодисадан сергак тортган масъуллар воқеа жойига йўл белгиларини ўрнатишади, бироқ пиёдалар йўлаги ҳамон чойхона манфаати учун хизмат қилишда давом этмоқда. Тўғри, воқеа ўлим билан якунланмаган бўлиши мумкин, аммо бундан кейин шу ҳолатда фожиа юз бермаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Муаммо ечим топиши учун эса, албатта, кимдир қурбон бўлишини кутиш шартми?
Мазкур саволга аниқ жавоб олиш мақсадида биз, “Зафаробод” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Зафар Пардаевга мурожаат қилганимизда “Маҳалла ҳудудида жойлашган таъмирталаб мактаб, боғча, пиёдалар йўлаги, светафор ва йўл чироғи каби бир қатор муаммолар Бектемир туманига қарашли ҳокимият томонидан ўрганилган ва жорий йилнинг охирига қадар бартараф этилиши кўзда тутилган” – дея изоҳ берди.
Ким айбдор?
Бизда қоронғида кўчани кесиб ўтиши оқибатида йўл транспорт ҳодисасига учраб ногирон бўлиб қолган фуқаролар, кўчалар қоронғи бўлгани сабабли фарзандининг кеч ўқишдан қайтишидан хавотир олаётган ота-оналар, кўчанинг қоронғилигидан фойдаланиб содир этилган ўғирликдан жабрланганлар, айрим маҳаллаларда ҳали- ҳамон симёғочларнинг авария ҳолатида экани хақида кўплаб маълумотлар мавжуд. Аммо, нега ҳали-ҳамон бу каби кўнгилсизликлар барҳам топмади? Дастур ишга тушишигача бўлган муддатда содир бўладиган йўл ҳодисасига ким жавоб беради?
Мазкур ҳудудда яшаётган фуқароларимизда саволлар ҳам ҳудди муаммолар каби кўп. Аммо ечимини кутаётган муаммолар каби улар ҳам жавобини кутади шекилли…
Бундан ташқари, Яккасарой туманининг бир неча маҳаллаларида ҳам “пиёдалар йўлаги” деган тушунча деярли йўқолиб кетган. Тўғри, маҳалланинг ичида автомобиль секин ҳаракатланади, кимнидир уриб юбориш эҳтимоли жуда кам. Лекин ҳамма бефарқликда давом этса, ҳолат нима билан якунланади?
Aйнан шу туманнинг Ракатбоши 3-тор кўчаси бошида тадбиркор томонидан ўраб олинган ер мавжуд экан, афсуски, тадбиркор ўз ҳудудидан бир метр ташқарига чиққан ҳолда пиёдалар юриши учун қолдирилган йўлакни ҳам ўраб олган. Пиёдаларнинг аксарияти эса автомобиллар учун мўлжалланган йўлнинг четидан эҳтиёткорлик билан юришга мажбур.
Ушбу вазияга бевоиста алоқадор Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасининг Яккасарой тумани бўлим
бошлиғи Фарруҳ Ўразов берган маълумотларга кўра, Яккасарой тумани, Юсуф Ҳос Ҳожиб кўчаси 28-уй манзилида жойлашган “ТAРИМ ИНШAAТ ИНВЕСТ МЕНТ ГРОУП” МЧЖга нисбатан фуқаролар томонидан жамоавий мурожаат келиб тушган.
Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасининг Яккасарой тумани бўлими инспекторлари мурожаат асосида воқеа жойига бориб ўрганишлари натижасида МЧЖга тегишли бўлган ер майдонининг 197 кв.м.и ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган. МЧЖга нисбатан МЖтКнинг 60-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ихтиёрий 15 кун муддатда муаммо бартараф этилмаса, МЧЖга нисбатан иқтисодий судга даъво ариза киритилиши режалаштирилган. Биз белгиланган муддатдан сўнг, албатта, бу муаммонинг якуни бўйича маълумот берамиз.
Яна бир аянчли фожиа. Бир неча ой муққадам Юсуф Ҳос Хожиб ва Восит Воҳидов кўчалари кесишмасида бир аёл автоҳалокат туфайли вафот этган. Маълумотларга кўра, аёл йўлни пиёдалар йўлакчаси мавжуд бўлмаган қисмидан кесиб ўтаётганда фожиа юз берган. Хўш, энди айтингчи, автомобиль йўли четидан ҳаракатланаётган пиёда хавф-хатардан холи деб ким кафолат бера олади?
Воқеа жойига борганимизда эса, автоҳалокат содир бўлган жойга нафақат пиёдалар йўлакчаси, балки светафор ҳам ўрнатилиши зарур эканлигига амин бўлдик. Авваллари ота-боболаримиз йўлнинг бир қаричига ҳам хиёнат қилишмас эди. Йўлдан юрган одам озор чекмаслиги учун ҳар қандай камчиликни бартараф қилишар, йўлнинг кенглигига алоҳида эътибор беришарди. Бугунги кунда эса айрим “уддабуронлар” ўзларига тегишли бўлмаган ерни ҳам ўзлаштириб олишяпти. Гўёки, шу бир қарич ер билан бойиб қоладигандек…

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулм қиёмат кунининг зулматларидир», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ерга ютқазилади», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер ўралади», дейилган. Икки шайх ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Қадимдан кишилар орасида ер талаш бўлиб келади. Тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Бу зулмни қилган одам қиёмат куни мислсиз азобга дучор қилинади. Уни етти қават ерга ютқазилади ва унинг бўйнига етти қават ер тавқи лаънат қилиб ўраб қўйилади. Ким ана шу ҳолга тушмайин деса, бировга зулм қилмасин.

2022 йилнинг 2 февралида қабул қилинган “Автомобиль йўллари соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорига кўра, 2022 йил 1 июлдан автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган “Шаффоф йўл” платформаси тест режимида ишга туширилди.
Платформа орқали аҳолининг йўллар носозлиги, шунингдек, йўлларда ва йўл бўйида хавфсиз ҳаракатланиш борасида юзага келган фавқулодда техник муаммолар (светафорлар ва йўл белгилари ўрнатилмаганлиги ёки уларнинг шикастланганлиги, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар) фото ва видеомурожаатлар жамоатчилик фикри асосида шакллантирилмоқда.
2023 йилдан бошлаб ҳар йили қурилиши, реконструкция қилиниши, таъмирланиши назарда тутилган барча тоифадаги йўл участкаларини харитага жойлаштириш амалиёти йўлга қўйилди.
Қарорга кўра, «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали туман (шаҳар)лар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган маблағлар жамоатчилик фикри асосида шаклланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтирилади.

Дилнура Мамасафоева
Миржалол Маҳкамов тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *