ҲУРЛИҚОНИНГ ИНЖИҚ МУҲАББАТИ

Баҳор кунларининг бирида дўстим билан ишдан сўнг хиёбонда учрашишга ваъдалашдик. “Биронта тамаддихонага кириб, суҳбатлашиб ўтирамиз” деди у.

Мен одатимга кўра, айтилган вақтдан беш‑ўн дақиқа аввал келиб, ёмғир ҳиди анқиб турган арғувонлар пойида айланиб юрдим.

Бир қиз эътиборимни тортди. У хиёбондаги каттакон ҳайкалнинг пойида кичкинагина бўлиб турар, бу жажжилик унга алланечук ярашарди. Гарчанд, қорасариқ чеҳрасига йиллар ўз изини солган бўлса‑да, қомати тик ва хушбичим эди. Эгнига ўша пайтлар русум бўлган анча қиммат ёмғирпўш кийган, сочини гўёки атайлаб ҳафсаласизлик билан елкасига ёйиб ташлагандек.

У кимнидир кутаётганга ўхшарди. Қўнжи калта этикчасининг учи билан силлиқ мармар пояндозга асабий чизиқлар чизарди.

— Сиз мабодо… Эҳсон ака эмасмисиз? – ногаҳонда гап қотди у.

Мен тасодифий илтифотдан гангиб, тезгина жавоб қайтардим.

— Йўқ.

— Ҳа‑а… Унда кечирасиз. Ўхшаб кетаркансиз. Тикилиб турганингизга қараб…

— Тикилганим учун узр… Аммо мен Эҳсон акага ўхшашлигимдан жуда хурсандман. Иложини топсам‑ку, Эҳсон аканинг ўзи бўлиб қўя қолардим‑а.

У хандон отиб кулди. Овози қўнғироқдек жарангдор, айни пайтда бир қадар майин ва ёқимли эди.

— Эҳтимол, чиндан ҳам ўзидирсиз? Мени лақиллатиб…

Шунда ниманидир англагандек бўлдим.

— У билан илгари учрашмаганмисиз?

— Йўқ. Интернет орқали танишдик. Бугун биринчи бор учрашишга ваъдалашган эдик. Келмади, ёлғончи…

— “Ваъдани бизга бериб, қайларда қолдинг кечқурун…” деган ашулани айтишингизга тўғри келади энди. Хоҳласангиз, бирга айтамиз. Ёки янаям яхшироғи бор: “Кеча келгумдур дебон… Ёлғончи Эҳсон келмади”.

У яна кулди.

— Қизиқчи экансиз. Исмингиз нима?

— Исмим Шоҳид, аммо сиз учун Эҳсон бўлишга тайёрман.

У яна кулди. Мен эса сўзларим маъқул тушаётганидан илҳомландим.

— Сизнинг исмингиз нима, агар сир бўлмаса?

— Ҳурлиқо!

— Исмингиз жисмингизга монанд экан.

— Қўйсангиз‑чи!

— Рост айтяпман. Жудаям чиройли экансиз. Аммо…

— Аммо нима қилиб, ёлғончи бир одам билан интернетда танишиб юрибсиз, демоқчисиз. Шундайми?

— Йўқ, мен… бошқа нарса демоқчийдим. Ҳамонки, ўзингиз саволни кўндаланг қўйган экансиз, майли, жавоб бера қолинг, агар малол келмаса.

— Малол келади.

— Ундай бўлса, майли, айтмай қўя қолинг. Аслини олганда, бу ҳар кимнинг шахсий иши…

Суҳбатимиз шу ерда узилди. Хиёбон этагида дўстим кўринди. Ортиқча гап‑сўзга ўрин қолдирмаслик учун дўстимга пешвоз чиқишга тараддудландим. Қиз буни сезди.

— Кутаётган одамингиз келяптими? Борақолинг. Хайр.

— Хайр… Дарвоқе, мабодо ногаҳоний суҳбатни давом эттириш истаги туғилса, қўнғироқ қилинг. Менинг телефоним – учта тўрт, учта беш.

У индамади. Эҳтимол, унинг телефонини сўраш ўрнига ўзимникини айтганим малол келгандир.

Дўстим билан “енгилгина” “Садаф” шаробини ичиб ўтирарканман, сархуш хаёлимда “Нега яқинроқ танишмадим?” деган фикр
бот‑бот ғалаён қилар, мен эса бу ғалаённи “Бахтингни тасодифлар замонидан излама” деган донишмандона ақидам билан бостирар ва чекинтирар эдим.

Эртасига у қўнғироқ қилди. Мен қувониб кетдим.

— Салом, аълочи йигит!

— Нега унақа деяпсиз?

— Телефон рақамингиз нуқул тўрт ва бешдан иборат‑ку. Бунинг устига кўринишингиз ҳам аълочиларга ўхшайди.

Юрагим гупиллаб кетди. Қурғур мақтов кимга ёқмайди, дейсиз. “Аҳ‑а, —  дедим ўзимча, —  демак, Эҳсон барибир келмабди‑да. Балки Эҳсон дегани умуман бўлмаган, бу мен билан танишиш учун тўқиб чиқарилган бир баҳонадир”.

Ҳурлиқони учрашувга таклиф этдим. Келди. Қизлар баҳорда шусиз ҳам гўзал бўлади. Аммо Ҳурлиқо чиндан ҳам чиройли эди. Биз уйғонаётган боғлар қўйнида оҳиста сайр қилиб юрдик.

— Сиз менга ёқдингиз, — деди у дабдурустдан. – Анчадан бери ҳеч кимни бунчалик тез ёқтириб қолмаганман. Келишган, қувноқ йигит экансиз. Албатта, оилали бўлсангиз керак. Майли, бунинг аҳамияти йўқ. Мен… Ҳаётда алданганман. Гарчанд, яхши, бообрў оилада ўсган бўлсам ҳам. Отам… Барвақт ўтиб кетдилар. Онам ҳам. Мени тергайдиган одам бўлмади. Бир опам бор. Ўзи билан ўзи овора. Йигитим бор эди. Оламан деб олмай кетди. Мен кечиримлиман. Бошқага уйланганидан кейин ҳам хабарлашиб юрдик. Кейин… Негадир ёқмай қолди. Шундан бери ёлғизман. Яқинда интернетда Эҳсон ака билан танишдик. Гаплашдик. Хотини билан ажрашган экан. Сизга муносиб эмасман, деди. Майли, бир кўрай, дедим. Лекин… Ваъда бердию, келмади. Эҳтимол, тортингандир. Сиз эса дадил экансиз. Қизларни тез ром қиласиз. Сиздақалар аёл зотининг кушандаси. Аммо мен осонликча таслим бўладиганлардан эмасман. Билиб қўйинг…

Шундай деди‑ю, шарақлаб кулди.

Олдин кинога кирдик. Сўнгра овқатландик. Мен яхши кўрадиган енгил шаробдан ичдик. Унинг рангпар юзига қизиллик югуриб, яна ҳам чиройли бўлиб кетди.

Кейин уни шаҳар четидаги кулбамга таклиф этдим. Мовий кўзлари ҳайратдан катта‑катта бўлиб кетди:

— Намунча шошқалоқсиз? Мени енгилтак, деб ўйламанг!

Сокин мусиқа янгради. Уни рақсга таклиф этдим. Рақс асносида унга болалар уйида тарбияланганимни, институт, илмий иш, қолаверса, яна бошқа сабаблар билан ҳалигача уйланмаганимни айтдим.

Дафъатан, у қувониб кетди. Бўйнимдан қаттиқ қучоқлаб, олди.

— Унда… Менга уйланишингиз мумкин экан‑да?

Индамадим. Тўғрироғи, бир нарса дейишга улгурмадим ҳам. У ҳаяжон билан шивирлади:

— Уйланинг, Шоҳид акажон! Яшардик, икки ёрти бир бутун бўлиб. Бир умр вафоли ёр бўламан сизга…

Кейин бирдан маъюсланди. Бўйнимдаги қўллари бўшашди.

— Мени… менинг хатоимни кечиролмасангиз керак… Шундай эмасми?

У қучоғимдан чиқиб, курсига ўтирди. Кўзларида ёш қалқиди.

Мен унинг қўлларидан оҳиста ушлаб, бисотимда қачонлардан бери асраб‑авайлаб юрган сўзларни
айтдим. Ҳаяжонландим шекилли, гапларим узуқ‑юлуқ, пойма‑пой чиқди.

— Сиз… сен ҳам менга ёқдинг. Биринчи марта кўрганимдаёқ… Хатоингни кечираман. Наздимда, бир умр сени кутиб, излаб яшагандекман. Эҳтимол… севги дегани шудир?.. Айт, мени севасанми?

Ҳурлиқо индамади. Кўксимга бошини қўйиб, чуқур хўрсинди. Мен бу хўрсиниш ногаҳонда келган омад, бахтиёрликдан энтикиш ҳосиласи деб ўйладим…

Хуллас, биз анча вақт учрашиб юрдик Бу орада унга никоҳдан ўтиш бироз муддат давомида муайян маблағ жамғариб, кичикроқ тўй бўлсаям, тўй қилишга келишиб олдик. Мен бу ҳақда маҳалла оқсоқоли – заводнинг кекса ишчиси Қобил акага айтдим. У хурсанд бўлди.

— Яхши ўйлабсиз, ўғлим. Вақтни бой берманг.

Бу гап менга маъқул келди. Ундан‑бундан қарз кўтариб, тўйни тезлатиш ҳаракатига тушдим. Аммо…

Бир куни кечқурун Ҳурлиқо учрашувга келмади. Эртасига ҳам, индинига ҳам. Қўнғироқ қилдим. Жимжит. Изладим. Суриштирдим. Биттаси уни қаердан топишим мумкинлигини тушунтирди. Ўша ёққа кетдим. Шаҳарнинг хилватроқ мавзесидаги пастқамроқ бир уй. Эшикни кўзойнак таққан бир йигит очди. Чиндан ҳам кўзойнагини олиб қўйса менга ўхшар экан.

— Салом, сизга ким керак?

— Ҳурлиқо.

— Ҳозир…

Енгилроқ кийинган Ҳурлиқо кўринди. Воажаб! У билган Ҳурлиқодан ўн, балки юз чандон гўзал эди. Эҳтимол, ортидаги ғарибгина манзара, ёнидаги йигитнинг кўримсизлиги унинг гўзаллигини орттириб, янада ёрқинроқ қилиб кўрсатгандир. Ҳарқалай, унинг чеҳраси гулгун ва бахтиёр эди.

Аммо у бахтиёрлигини мендан яширишга уринди. Чеҳрасига маъюс тус берди.

— Мени… Мени бекор излаб келибсиз. Сизнинг тенгингиз эмасман. Мен… Эҳсон акани топдим. Илтимос, хафа бўлманг.

У шундай дея, ичкарига кириб кетди. Мен Эҳсоннинг ўйчан юзига тикилганча, бир зум туриб қолдим. Кейин ўйғайсиз бир ҳолатда “хайр” дея, ортимга ўгирилдим. Бир‑бир қадам босиб, йўлимга равона бўлдим. Кўнглимда қарама‑қарши ўйлар, туйғулар чарх урарди. Гоҳ аламланар ва Ҳурлиқони “бетайин”, “енгилтак” дея қоралардим. Гоҳида эса… “Начора, муҳаббат шунақа инжиқ, тушунарсиз туйғу бўлади” дея ўзимга тасалли берардим.

Катта кўчага чиққанимда шаррос ёмғир қуяр, адашмасам, бу баҳорнинг биринчи ёмғири эди. Шу кунларда ҳавонинг заҳри анча пасайган, шу боисми ёки вужудимда қайнаган ҳис‑ҳаяжон тафтими, ёмғир таъсирини сезмасдим. Ёмғир қуяр, мен эса каттакон кўчада ёлғиз кетиб борардим…

Ҳабиб
ТЕМИР

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *