ОГАЙНИЛАР

Ҳалим билан бундан 23 йил муқаддам шаҳар касалхонасида танишганмиз. Кейин дўстлашиб кетдик. Шy йиллар мобайнида бирон-бир оилавий тантана ёки маросим бир-биримизнинг иштирокимизсиз ўтмасди.

Бугун ўша дўстимизнинг таваллуд куни. Унинг уйига ҳаммадан барвақт етиб келдик. У-бу ишларига қарашдик. Чунки бу хонадонда Карим бува, Ҳалим ва хотинидан
бошқа ҳеч ким йўқ. Ҳалимнинг ота-онаси шифокор экан, урушдан қайтишмади. Бувиси эса ўн йил олдин оламдан ўтган.

Карим бува неварасининг 40 ёшга кириши муносабати билан бўрдоқи қўйлардан бирини сўйди. Ҳатто, “бу шўрва учун, мана бунисини ошга соласан, мана бу эса кабобга” деб, тилимлаб ҳам берди.

– Кабобни ким пиширади? – сўради Карим бува.

– Ким бўларди, бува, қадрдон дўстим ёнимда турибди-ку!

– Унда, болаларим ҳозироқ туз-намагини тўғрилаб қўйинглар. Жигар кабоб ҳам тайёрлайсизларми?

Ҳалим менга қаради.

– Жигарни сели билан пиширсаларинг, жуда фойдали, – давом этди Карим бува.

– Унда, иштаҳалари очилиб кетиб, бир қўйдан ҳеч нима қолмас эканда, – деди Ҳалим кулиб.

– Битта қўй шунча одамга нима бўлади, ўйла-да ўзинг!

– Нимани ўйлай, ҳамма йиғилса, ўн киши бўлар. Битта қўй ўн одамга етмаса, бу қанақаси бўлди? – энди чинакамига ажабланди Ҳалим.

– Нега бақраясан, етмай қолиши ҳам мумкин, уни қандай қилиб пиширишга боғлиқ, – дедим мен.

– Исроф қилмай, у-бу пишириқлар билан меҳмонларнинг қорнини аввал тўйғазиб, кейин кабобни пиширсанг, қўйнинг ярми ҳам кетмайди, – деди Ҳалим астойдил тушунтириб.

– Жа хасис экансан-ку! Карим бува, ўзингиз айтинг, қўйни едириб юборайми, ё…

– Едириб юбор, болам, буни гапига кирма, – деди Карим бува.

– Эй бобо, билмайсиз, индамасангиз бир қўйни паққос тушириб, яна олиб кел, дейди булар.

– Деса яна яхши, у қўйни ҳам сўямиз, болам, кўнглингни кенг қил!

– Ҳа, майли, есин ҳам дейлик, лекин бунингиз уйимга ҳам бир нима бер, дейдиганга ўхшайди.

– Бўлмасам-чи, нориндан, қази-қартадан. Эрта-индин, тўғриси бир ҳафтагача уйда қозон осмаймиз. Акс ҳолда қўни-қўшнилар устимиздан кулмайдими?

– Нега кулади?

– Нега бўларди. Кимсан, шундай улуғ хонадондан қуп-қуруқ қайтишибди, дейишмайдими?

Суҳбатимизни тинглаб ўтирган Карим бува гап қотди:

– Сенларга ҳавасим келади. Оталаринг тирик бўлганидами, қанчалар қувонишарди. Дўстликларинг доимий бўлсин, болаларим. Унга сира-сира рахна туширманглар.

Ўша кеча меҳмонлар тарқалишганидан кейин ҳам анчагача суҳбатлашиб, ҳазиллашиб ўтирдик.

Карим бува билан қайта ҳамсуҳбат бўлиш менга насиб этмади. Ўша кундан сўнг кўп ўтмай салкам тўқсон ёшда қазо қилди. Карим буванинг “оқ кийди”сигача, ҳар ҳафта десам ёлғон бўлмас, дўстимникига келиб, дардига шерик бўлдим.

Ҳалимни шаҳардаги катта бир бошқармага бошлиқ этиб тайинлашди. Бу хабарни эшитгач, кўпроқ мен қувондим, шу куниёқ уни бориб табрикладим. Ахир, якка-ю ягона қадрдоним!..

Шу орада дўстим билан анча вақт кўришолмадик. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб кетди. Меҳрим қумсаб бир куни ишхонасига астойдил қидириб бордим. Банд экан, ярим соатча қабулхонасида ўтирдим.

Ҳай, ҳай унинг олдига кимлар илтимос қилиб кирмади! Бировлар хурсанд, бошқалар хафа бўлиб чиқишарди. Ниҳоят, навбат менга келди шекилли, қабулхона бекаси, “киринг” деб имо қилди.

– Куттириб қўйдим, узр. Ишимиз шунақа, дўстим. Хафа булмайсиз, – деди ўтирган айланма креслосидан қўзғалмай, мен билан сўрашаркан.

– Ҳечқиси йўқ, – дедим кулиб.

У менга жой кўрсатди. Ўтирдим.

– Келинг, хизмат? – деди менга бегоналардек тикиларкан.

Қулоқларимга ишонмай ёнверимга қарадим. Хонада иккаламиздан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

– Менга гапираяпсанми? – сўрадим ҳайрон бўлиб.

– Ҳа, энди, тартиб шунақа, – деди ўша мулойимлик билан. – Кечирасиз вақтим зиқроқ. Хафа бўлманг. Илтимосингизни айтаверинг.

– А…

Менда ҳеч қанақа илтимос йўқ эди. Вақти шунчалар зиқ одам олдига бирор илтимоссиз келиш
ростдан ҳам яхши эмас. Шундайми ёки мени сизлаб гапираётганиданми ўзимни бутунлай йўқотиб қўйдим. Ҳайриятки, шу тобда эшик очилиб ўринбосари бўлса керак, савлат тўкиб кириб келди. Унинг ҳам ўнг қўлида катта узук (асосан, савдо ходимлари тақадиган тилла узук). Ҳалим гўё мени бу хонада йўқдек, у билан сўзлаша кетди. Секин ўрнимдан туриб, қабулхонага чиқдим. Ўша ерда бир оз довдираб тургач: “Дўстим, узр, шошиб турувдим!” деган дастхат қолдириб, чиқиб кетдим. Чиндан ҳам иши кўплигига ишондим. Хуллас, ҳар хил хаёл билан ўзимни юпатдим. Бир ойча ўтгач, хотиним иккаламиз
уйига бордик.

– Ия, ия, келинглар, ҳмм… кутмовдик, – деди Ҳалим мийиғида кулиб, бизни хонага таклиф қиларкан.

– Сенлар бормасанглар нима қилайлик, ўзимиз келамиз-да, – дедим бир оз гинахонлик қилиб.

– Ишимиз жуда нозик борди-келдига. Ҳм… вақт умуман йўқ, буни ўзингиз биласиз! Ҳа, айтгандек, анави куни нима иш билан келганингизни ҳам билолмадим, шошиб турувдим, деб кетиб қолибсиз.

“Нима қилишим керак эди бўлмаса”, деб юборай дедим-у, ўзимни босдим.

– Ростдан ҳам зарур ишим бор эди, – деб қўя қолдим. У ҳам қанақа иш деб сўрамади. Хотини аввалги вақтлардагидек муносабатда бўлишга уринарди-ю, муносабатида ясамалик шундоқ сезилиб турарди. Бир соатча ўтирмай кетишга жавоб сўрадик.

– Ошни бошлайман ҳозир, пича ўтиринглар, – деди хотини.

– Ўтирмадинглар ҳам борасизлар-да, – қўшиб қўйди Ҳалим.

Раҳмат дўстим демоқчи бўлдим-у, “дўстим” сўзини айта олмадим. Томоғимга бир нима тиқилди.

Дарвозадан ўн қадам кетмасимиздан у қарсиллаб ёпилди. Беихтиёр ўгирилиб қарадим. Доим эшик олдигача бизни кузатиб, ягона тишларини кўрсатиб, кулиб турадиган, муюлишдан ўтиб кетгунимизча қўлларини силкитиб хайрлашадиган Карим бува кўрингандай бўлди.

– Нимага тўхтаб қолдингиз, юрсангиз-чи? – деди хотиним зарда билан. Биз тезда юриб кетдик.

Йиллар тез ўтаркан. Шунга ҳам беш йил бўлибди. Дўстим биздан бирор марта хабар олмади. Ҳатто қувончли кунларда уйга келиб эмас, телефонда бир оғиз табриклашни ҳам лозим кўрмади. Барибир уни унута олмасдим.

Ҳаёт қизиқ экан. Бугун бундоқ, эртага ундоқ. Кутилмаганда бўшаган ҳоким лавозимига менинг ҳам номзодимни кўрсатишди. Мен учун тарафдор бўлганлар кўпчилик экан, кутилмаганда ҳоким бўлиб қолдим. Худди эртаклардагидек! Эплолмасам-а? Шундай пайтларда чинакам дўстни жуда қумсар экан, одам. Кўпгина биродарларим ҳатто, уйга келиб ҳам табриклашди, яхши тилаклар тилашди. Лекин дўстнинг ўрни бошқача бўларкан. Хаёлан Ҳалимни эсладим. Уни жуда кўргим, бағримга босгим келди. Қанийди, ҳозир Карим бува ҳам ёнимда бўлсалар! Қанчалар қувонардилар. Лекин…

Алламаҳалгача хаёл суриб ётиб, ухлаб қолибман.

Хотиним:

– Туринг, Ҳалим акам келдилар, сизни эшик олдида кутяптилар, – дейиши билан сапчиб тушдим.

– Нима, Ҳалим?! Нега эшик олдида туради?!

– Киринг десам унамаяптилар.

Ҳақиқатдан ҳам қўлида гулдаста, кираверишда дўстим турарди!

– Мен… Мен…

У гапиролмай илжаярди. Балки сенсирашга иймангандир.

Тўлқин
муҳиддин

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *