РАЙҲОН

  Самолёт ерга қўнди. Аэропорт ташқарисида турганларнинг аксарияти муқаддас заминдан қайтаётган яқинларини кутишга шай туришарди. Кимнингдир қўлида гул, бошқа бировида видеокамера. Хуллас, ҳамманинг кўзида нур, лабида табассум. Фақат бир четда турган икки йигитнинг  кўзларида мунг зоҳир эди. Кимдир “ана чиқишяпти”, деб баралла бақирди. Ичкаридан оппоқ либосларда, салобат билан қадам ташлаб келаётган отахон ва онахонларнинг истиқболига шошилишди. Абдубори ва Абдували ҳожилар орасидан отасини излашди. Орқароқда келаётган падарини кўрган йигитлар сал нарида турган амакиси ва аммасини имлаб чорлашди. Уларнинг ортидан қўлида камера тутганча бир йигит ҳам эргашди.  Ўзидан бир-икки қадам нарида турган яқинларини кўрган Абдураҳмон ҳожи: “Парвардигор, ўзингга шукр. Она юртга етиб келдик”, деб пичирлади оҳиста. Ўзи томон келаётган акаси билан қучоқ очиб сўрашди. “Ҳожилик муборак!” деб қўйди Абдурауф ака секингина. Унинг шашти паст, кайфияти тушкунлигидан ҳайратланган ҳожи “Раҳмат”, деганча ўғиллари билан кўриша бошлади. “Хуш келибсиз, дада”, деб сўрашишди ўғиллар ҳам. Гарчи ўзларини қувноқ тутишга уринишсада, болаларининг овозидаги мунгни ота дарҳол пайқади. Отаси билан сўрашган йигитлар сал нарига бориб, кўз ёшларини артиб олдилар. 

  • Акажоним, яхши етиб келдингизми? Ҳожилик муборак! – деб сўрашди синглиси Дилбархон. Унинг ҳам кўзи тўла ёш эди. Атрофга боқиб бошқаларнинг ҳам йиғлаб кўришаётганини кўрган Абдураҳмон ҳожи “Севинишганидан бўлса керак”, деб ўйлади ичида. Секин-аста машина томон қадам ташлашаркан:
  • Онанг яхшими? Яхши ўтирибсизларми? – Сўради катта ўғли Абдуборидан. Бу саволдан бироз эсанкираган ўғил бош қимиралата олди, холос. Кўзига қуйилиб келаётган ёш томчиларини аранг ичига ютди.
  • Ҳалиям касалхонадами? – Яна савол берди ҳожи.
  • Йўқ, – дея юкларни машина юкхонасига жойлаштираётган ука-нинг ёнига шошилди. Абдураҳмон ота ҳайратланди.
  • Тинчликми ака? – сўради ёнида жим кетаётган акасидан.
  • Ҳа, юр кетдик. Уйга бора қолайлик.
  • Райҳон уйдами?
  • Ҳа, ака, уйда – деди Дилбархон акасининг елкасини силаб.
  • Нега ҳаммангиз йиғлаяпсиз?.. – кўнгли алланечук бўлиб савол берди синглисига.
  • Акажон, шундай жойларга бориб, соғ-омон етиб келганингиз учун йиғлаяпмизда, – деди сингил кўз ёшларини рўмолининг учига артаркан. Нимадир бўлганини сезган ҳожи:
  • Онам яхшимилар? – деб сўради. Дилбархон бош силкиди. Машинага ўтиришди. Орадаги жимжитлик ҳожининг юрагини сиқа бошлади. На ўғиллар, на ака-синглиси очилиб гаплашмасди. Машина ойнасидан атрофни кузата бошлади. Инсон мусофирчиликда ўз юртининг қадрини билади, дейишгани рост экан. “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан”, деганлари балки шудир. Айни дақиқада эса ватан тупроғидан анқиб турган муаттар ис, борлиқдаги тоза ҳаво, ҳаммаси ҳожи учун шунақанги ширин туюляптики…. Гарчи Каъбатуллони зиёрат қилишдек шарафга эга бўлган эсада, туғилган гўшангнинг завқи бўлак бўларкан. Тўрт кун аввал аёли билан кечган суҳбат ёдига тушди.
  • Онаси, тузукмисан? – деб сўраганди ўша куни.
  • Яхшиман, дадаси. Ўзингиз-чи, ҳаж амалларини қиламан, деб қийналмаяпсизми? – хаста овоз эшитилди гўшакнинг нариги томонидан.
  • Йўқ, жуда гўзал жойлар. Қалбинг ором топаркан. Сени ҳам ҳожи қилиб бораман. Оппоқ кўйлакларингни кийиб, мени кутиб олгин. Ҳожи ая бўлиб турасан, – деди Абдураҳмон ота йиғлаётганини овозида сездирмасликка уриниб. – Нима бўлди? Нега касалхонага ётдинг?
  • Биласиз-ку, болаларингиз ваҳима қилиб олиб келишди. Мен яхшиман. Яхши етиб келинг. Мендан рози бўлинг, – дея гўшакни қўйганди аёли. Нега розилик сўради экан. Йўл бўйи на акаси, на ўғиллар, на синглиси бир сўз демай келишарди. Айниқса, лаби лабига тегмай, ҳамма нарсага қизиқувчи Дилбархон ҳеч нарса сўрамасди.
  • Болаларинг яхшими? – сўради ҳожи синглисидан.
  • Ҳа, ака, ҳаммаси яхши. – қисқа жавоб билан кифояланди сингил. Негадир, Адбураҳмон ота шу синглисига айрича меҳр қўйган. Балки оиланинг энг кенжаси бўлгани учундир… Аммо икки сингилга нисбатан Дилбархон акасини тез-тез йўқлаб турарди. Абдураҳмон ота ҳам бирор тадбир қилса, албатта, уни чақиртирарди. Унинг феълини билган ака индамай ўтирганидан нимадир бўлганини фаҳмлаб турарди.
  • Дилбар, тинчликми?
  • Тинчлик, ака, – деб кўзидаги ёшни кўрсатмаслик учун юзини ўгирди сингил. Олди ўриндиқда ўтирган катта ака томоқ қириб қўйди. Дилбархон чуқур хўрсинди-да, ниҳоят тилга кирди.
  • Акажон, ҳожилик мақомига эришиш учун инсон қанча машаққат чекиши, сабрни ўзига либос қилиб кийиб олиши керак, дейишади. Ростми?
  • Ҳа, сабр билан Аллоҳга чин дилдан эътиқод қилиб амалларни бажариш керак. Сабр қилмасанг, ҳеч нарсага эришмайсан, – деди Абдураҳмон ҳожи.
  • Яратган ҳам яна сабрингизни синамоқчи, акажон…
  • Бу нима деганинг, – баттар ажабланди ҳожи. Укасига жавобан Абдурауф ота оҳиста гап бошлади:
  • Абдураҳмон, бир гап айтаман, фақат ўзингни қўлга ол. – Унинг гапидан сўнг юрак тез-тез ура бошлади.
  • Нима гап? Нима бўлди, айтинглар ахир?! – Бақириб юборди ҳожи.
    Машина маҳалласига бурилганди. Уйлари атрофида турган одамларни кўриб шошиб қолди.
  • Ака… – туғишган биродарининг қўлидан тутди. Ортига ўгирилган аканинг кўзларига савол билан термилди.
  • Ука, келинни – Райҳонни Аллоҳ раҳмат қилсин, – бўғзига нимадир тиқилиб, Абдурауф ота гапиролмай қолди. Абдураҳмон ҳожи билди. Севимли аёли, қирқ йил бир ёстиққа бош қўйган жуфти ҳалоли, меҳрибони, парвонаси бу дунёдан кўз юмганди. “Демак, менинг келишимни кутиб туришган эканда”, ўйлади ўзича.
  • Қачон? – Аранг савол берди.
  • Икки кеча аввал.
  • Қабрга қўйдингларми?
  • Ҳа, қўймасак бўлмасди.
  • Оҳ, – фарёд отилди ҳожининг бўғзидан. Бошини чангаллади. “Нега келишимни кутмадинг, Райҳон. Биринчи бўлиб оппоқ либосда ўзим кутиб оламан сизни, дегандингку”, ўзи сезмаган тарзда кўзларидан ёш қуйила бошлади. Машина уй олдига яқинлашганда бели боғланганларни, оппоқ рўмол ташлаганларни кўриб йиғлаб юборди. Аммо машинадан тушгиси келмади.
  • Абдували, тўхтама, йўлни қабристонга ҳайда, – деди йиғи аралаш. Акаси ва синглиси унга бир нигоҳ ташлашди. Сўнг индамай машина эшигини очиб тушиб қолишди. Қабристонга кетаркан рулни бошқариб бораётган ўғил унсиз йиғларди.
  • Нима қилди, Абдували? – паст овозда сўради ота.
  • Операциядан сўнг сиз билан гаплашдилар. Кейин “кома”га тушиб қолдилар. Шу билан… сиз келгунингизча аппаратда ушлаб турмоқчийдик, аммо дўхтирлар иложи йўқ, дейишди. Дада, бизни кечиринг, – ота индамади. Ичида “Сенда нима айб. Бу ҳаммаси худонинг иши бўлса. Демак, Румий ҳазратлари тўғри айтган эканлар “Ҳар неки йўқотмоқ ненидир топмоқ”. Ҳожилик мақомига эришдим-у, севимли аёлимни йўқотдим. Сўнгги нафасида совуқ дийдорини кўриш ҳам насиб этмади. Шу дақиқаларни бой бердим”, деди ўзига ўзи.
    Янги қабр ёнига чўкка тушиб ўтирди. Қуръон тиловот қилди.
  • Райҳон, мени кечир, сўнгги дамда ёнингда бўлолмадим. Сени мени асрагандай, сени асрай олмадим. Райҳоним юрагимни ёқиб кетдинг-ку. Нега бирозгина сабр қилмадинг. Сўнгги бор бўйингни ҳидлашни, кўзларингга термулишни раво кўрмадингми менга. Сенсиз қандай яшайман, энди? – хаёлан аёлига юзланди ота.
  • * *
    Охирги ойларда хотинининг аҳволи бироз яхшилангандек бўлганди. Шу боис Абдураҳмон ота ўғилларининг “Навбатингиз келибди, ота. Ҳажга бориб келинг”, деган гапларига, аввалига, иккиланди. “Онамни ҳам ҳожи бадал қилиб келасиз”, дейишди.
  • Сен нима дейсан? – деб сўради аёлидан.
  • Бораверинг, насиб қилганига шукур, – деди рафиқаси синиқ жилмайиб.
  • Аммо, сенинг соғлиғинг…
  • Мен яхшиман. Сизни ҳожи бўлиб келганингизни кўрсам, янада яхши бўлиб кетаман… Қолаверса, бу чеккан заҳматларингизнинг роҳати, дадаси… – деди эрига меҳр билан тикилиб.
  • Эсингдами, онаси? Ёзни ёз, қишни қиш демай меҳнат қилгандик, ўзиям. Сен чопон қавиб сотдинг. Мен эса мол-ҳол қилиб… Сендек аёл дунёда йўқ. Бирор марта: “Сизнинг молингизга деб уйма-уй юриб пўчоқ йиққанман”, демадинг-а…
  • Қўйсангиз-чи, дадаси, ахир биз бир оиламиз-ку…
  • Йўқ, онаси, гапиришим керак. Сени билмасам мен кўр бўламан. Мана шу лаънати буйрак дардини ҳам ўша пайтда орттирдинг-да… Қиш кунларида юпун кийинган ҳолингда уйма-уй, ҳатто касалхоналардан ҳам пўчоқ йиғиб юрардинг. Ҳарна, эримга ёрдам дегансан, биламан ҳаммасини.
  • Бундай гапларни айтманг, Худога шукур, ҳаммаси ортда қолди. Мана, болалар катта бўлишди. У кунлар унут бўлди. Бугун ҳеч ким мени пўчоқ йиғиб юрган аёл, деб ўйламайди. Сиз ва болаларим туфайли Райҳонхонимга айланганман, – аёл сирли жилмайдида: – Бир гапни айтайми? Мен сизни кўпроқ яхши кўрганман, чол, – деди.
  • Йўқ, мен сени кўпроқ суйганман, – деб унга яқинроқ сурилди ота.
  • Бўлди-эй, суйилманг, ҳозир келинлар кириб қолишади… – кулимсираганча нарига сурилди аёл. Сўнг бирдан жиддий оҳангда: – Дадаси, мен ўлсам, рози бўлинг, – деди.
  • Нуқул шу гапни айтасан… Бўлди- эй, жонга тегдингку… Агар ўлсанг, Доно ўртоғинг борку, ўшангга уйланволаман. Чоли ўлганига йигирма йил бўлди, – деди Абдураҳмон ота ўрнидан тураркан. Бу гапдан хотини қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
  • Доногами? Доно сизга қарармикан, ўзи… – кулгидан ёшланган кўзларини артганча индамай қолди.
  • * *
    Кўзларини артганча ҳожи рафиқасини сўнгги бор кўрган кунини эслади. Отанинг муборак ҳаж сафарига кетишига ҳамма тайёргарлик кўрилди. Эру хотин ўзларининг хоналарида хайрлашишганди. Ўша куни рафиқаси унинг бағридан бўшалгиси келмаётганди. Эрини қучганча аёл пичирлаб гапирди:
  • Дадаси, сиз ҳожи ота бўлиб келасиз. Невара, авараларни кўрасиз. Мен учун ҳам кўп яшанг, майлими? – бу гапдан сўнг эр хотинининг юзини ўзига қаратди.
  • Ундай дема, биргалашиб кўрамиз. Бу кунларга етишиш осон бўлмади, онаси. Биз бирга яшадик, бирга ўламиз. Мен ҳамиша Худодан: “Райҳон билан бирга ўлишни насиб эт”, деб сўраганман. Мен сенсиз ҳеч ким бўлиб қоламан. Шунинг учун бундай гапларни айтма… – деганча чиқиб кетганди. “Сезган экансан, Райҳон. Билгандек гапирган экансан-ку… Нега жўнатдинг? Қолинг, келаси йили борарсиз, десанг қолардимку…” – ўзига ўзи сўзлаётган ҳожининг ёшлари юзини юварди.
    Абдураҳмон ота қабр бошида анча вақтгача қолиб кетди. Бир маҳал елкасига тушган қўлдан чўчиб, ортига ўгирилди. Абдурауф акаси:
  • Бўлди, марҳума азият чекмасин. Ўзингни қўлга ол. Райҳоннинг умрини сенга ва болаларингга қўшиб берсин, – деди.
    Ҳожи индамай акасининг ортидан эргашди. Ҳовлига кираркан, назарида Райҳон кутиб олаётгандек эди. Уч ўғил ва бир қизнинг ноласи оламни босиб кетганди. Қизи Дурдона отасини қучганча чунон фарёд қилдики, йиғламаган ҳам йиғлади.
  • Омонатингизни асраб қололмадик, дадажон. Онамни ҳожилигини кўролмадик. Энди нима қиламиз, отажоним? – Унинг ноласини тинглаб Абдураҳмон ҳожининг ёдига тушди. Уч ўғилдан сўнг яна ҳомиладор эканлигини билганда, Абдураҳмон хотинига ҳазиллаш-ганди: “Кўрасан, буниси ҳам ўғил бўлади, хотин”. “Қўйинг, буниси қиз бўлсин. Биттаси тобутимни гуллатиб турсин”, деганди ўшанда хотини. Бежиз қиз туғмасам бўлмайди, деган экансан, Райҳон…
  • * *
    Орадан тўрт ой ўтди. Абдураҳмон ҳожининг кичик ўғли қизли бўлди. Чақалоққа Ҳожи бобоси Райҳон деб исм қўйди…

Саида Қорабоева

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *