Синглим

У жуда ажойиб. Доим жаҳли бурнининг учида турсада, меҳрибон. Гоҳида у билан соатлаб гаплашиш, дардлашиш мумкин. Баъзида суҳбатимиз беш дақиқага ҳам бормайди… Ўғлини жуда яхши кўради, ўзи бир йилда бир марта янги либос кийса, жияним ҳар ойда икки бор ясанади. Хуллас, менинг ўжаргина синглим эрини яхши кўради. У ҳақда бир оғиз эътироз билдирсак, “ўша сизга ёқмайдиганим боламнинг отаси, ўйлаб-ўйлаб хафа бўлинглар”, дейди ярим ҳазил ярим чин оҳангда… Чиндан ҳам куёвимиз яхши йигит. Шу кунгача ёмон гап эшитмаганмиз, ҳурматни, меҳрни қадрлайдиганлардан…

У жуда девор дармиён бўлмасада ўзимизнинг маҳалламизга келин бўлган. Кунда-кунора онамдан хабар олиб, ёлғиз қолдирмаслик учун келган совчиларни кўпини рад этиб, айнан маҳалламизга турмушга чиққан. Энди ўйлаб қарасам, у ҳаммадан кўра кўпроқ онамни яхши кўрар экан.

Турмуш қурганига беш йилча бўлиб қолди, шу кунга қадар бирон гап келинлик уйидан қизлик уйига ўтмади. Майда-чуйда ғимир-симирлар бор, аммо улар муҳим эмас.

— Ўғлинг катта бўлиб қолди, энди битта ширингина қизалоқ керак, ҳудди Мадинамга ўхшаган – дедим унга. У кулди. Шу куйи лабларида табассум билан ўйланиб қолди. Мен ҳам нимагадир андармон бўлиб унга эътибор қилмабман.

— Йўқ, қиз керакмас, яна битта ўғил туғаман. Акасига тиргак бўлсин, иккаласи бир-бирига суяниб юради, — деди синглим. Шундагина у бир неча дақиқа олдин берган таклифимнинг жавобини энди айтганини тушундим. Унинг кўзларига қарадим, кўз ёши эмас лекин шунга ўхшаш нимадир ялтиллаб турарди… Бу ялтироқ нигоҳларда ҳар ҳолда қувончни кўрмадим…

— Нима бўлди? Нимага қизинг бўлишини истамаяпсан? – дедим.

— Йиллар давомида бағримда улғайтириб, ўстирсам-да, кейин кимгадир қўш-қўллаб топширсам… Бу адолатданми?! – айёрона жилмайди.

— Бу адолатдан, — дедим хотиржам тортиб. – Яратганнинг истаги, амри шу, биз бандалар унинг измида, унинг қарорларида қайнаймизда хоним…

Шу билан бу мавзудан чалғидик. Аммо унинг сўзлари қулоғимда қолди. “Тентак, боласини бировга бергиси келмагани учун қизалоғи бўлишини истамайди”, деган хулоса билан юравердим.

Бир куни онам синглимнинг ҳомиладорлигини айтиб қолди.

— Вой, худога шукр, эcон-омон бағрига босиб олсин, илоҳим, — дедим.

Синглим билан яна онамнинг бағрида, ўша ўзимизнинг қадрдон ҳовлимизда учрашдик. Қаранг, шунча йил ўтиб синглимнинг келинлик
уйида у билан ёзилиб суҳбатлашмаган эканман. Бирор-бир туғилган ёки йиғинларда кирмасам, ҳамиша дарвозасидан қайтарканман. Ўзимизнинг ҳовлимиздаги гурунглар тортса керак-да…

— Яхши бўлибди, Мадинамга дугона – сингил об кела қол, — дедим ҳазил билан. У менга ўқрайди. Синглим ирим-сиримларга, оғиздан чиққан ҳар бир гапни тасодиф сабаб ижобат бўлишига ишонади, дил-дилидан ишонади…

— Эй, унақа дема, айтдим-ку, туғсам фақат ўғил туғаман, деб. Бўлди, ниятимдан чалғитма, – деди аразлагандек бўлиб. Уч опа сингилмиз, орамизда икки ёшдан фарқ бор. Онам ҳар қанча бир-биримизга сизлаб мурожаат қилишимизни қулоғимизга қуймасин, биз барибир сенсираб гаплашардик.

— Қўй, шунга гапирма, ўзи билганича яшасин, — онамнинг норози овози келди. – Буни гапини эшитмадинг, сизга ўхшаб қизларимни бировларга бериб сўппайиб ўтирмайман, дейди. Тавба бировга берган бўлсам, бурчим, шукр ўзларингдан тинчсан. Набираларимни кўриб қувонаман. Эшикдан ҳар куни қўлини тўлдириб келмасаларинг ҳам омонлигингдан қувониб юрибманда…

— Эй, бўлди ойи, бир бошламанг тўхтатиб бўлмайди энди сизни,  синглим озгина жаҳл аралаш онамга, кейин менга гапирди. – Сен ҳам ҳадеб қиз туғ, деб бошимни қотирма, — деб мавзуга нуқта қўйди.

Орадан чамаси беш олти ой ўтди. Яна онамнинг ҳовлиси. Яна ўша манзара… Синглим билан ҳовлида ўтирибмиз..

— Қийналмаяпсанми, — сўрадим. Унинг кўзлари хомуш, юзлари салқиган эди. Лекин айни пайтда у дунё гўзалига айланган.

— Нимага қийналаман, ҳамма қатори юрибманда, — деди кулиб. Шунда унинг қўлларига қарадим: ғадир-будир бўлиб қолибди.

— Қўлларингга нима қилди? Қандайдир витаминлар етишмаяптими дейман, — дедим унинг қўлларини тутиб. Кулиб қўйди. Гапимизни онам эшитиб турган экан, суҳбатимизга аралашди:

— Қанақа витамин, бу қиз жонини ўйламаса ўйламасин, болани унутмасин, — деди жаҳл билан. Кеча бутун уйидаги ҳамма гиламни ўзи ювган. Тағин крандаги совуқ сувда, ялангоёқ…

Синглим онамга норози қаради.

— Ҳамма гапни узоқдан бўлсаям эшитасиз-а, аралашмасангиз бўлмайди, — деди-да, менга қараб: – Эътибор қилма, бу ишни сен ҳам уйингда қиласан-ку?! — деди.

— Қиламан, аммо эртага туғаман, деб турганимда эмас-да! Бир йўла қўшниларингдан ҳам сўрамабсан-да, уларда ҳам ювадиган гиламлари бўлса олардинг, — дедим кесатиб. Синглим жаҳл билан ўрнидан туриб кетди. Бу одатий суҳбатларимиздан бири бўлди.

Қизалоғим Мадинам кун сайин ўзгариб бир ширин қилиқлар чиқардики, ҳаммамиз унга мафтунмиз. Қизимни бағримга босиб онамникига йўл олдим. Ўша таниш ҳовли, қадрдон манзара. Бу ерда менинг юрагим тўлади, бағрим яшнайди… Келсам, фақат келсам, ҳечам кетмасам, деб ўйлайдиган жаннатга монанд масканим… Дарвозадан киришим билан онамнинг овози келди:

— Онам келди, мани Офтобойим Мадинам келди, — дея боламни бағримдан олиб бағрига босди. Онам қизимни раҳматли оналарининг исми билан Офтобойим деб чақиради.

Онам билан анча суҳбатлашдик. Кун ҳам кеч бўлди. Бир қадам яқинда турадиган синглим чиқа олмади.

— Уни кутма, ишлари кўпайган. Келганингни билади, кўрасан саҳардан дарвозадан “энг яқин қариндошларим, жон қўшниларим”, деб бор овозида бақириб келади, — деди онам…

Тонг… Онамнинг гуллари очилиб, ҳовлимизни райҳоннинг ислари тутиб кетади. Ҳовлиларга сув сепиб супурилган, ҳамма ёқ ораста. Билмаган одам дарвозамиз олдидан онамнинг келинини алқаб ўтади. Аслида, онамнинг келини йўқ, акам ҳам, укам ҳам йўқ. Демак, келин ҳам йўқ… Онам бу ҳовлини КЕЛИНИ, келсак янги келиндек тинмай хизматимизни қилади…

Шу пайт онам айтгандек ҳовлидан синглимнинг овози келди:

— Гулларингизни тагини юмшатинг, озгина сийраклатсангиз ҳам яхши бўларди. Қаранг қалинлашиб кетган, — деди у. Онам жаҳл билан челакни ерга қўйди ва:

— Сени ишинг бўлмасин гулларим билан… Бола қани? – деди.

— Ухлаб ётибди, кеча зўрға ухлатдим. Бир-икки тарсакидан кейин йиғлаб ухлаб қолди, — деди ва ҳомиладорларга ярашадиган лапанглаган қадамлари билан менга юзланди – Ҳа, яқин қариндошим кеп қопсила – де, — деди кулиб ва мен билан қучоқлашиб кўришди: — Мадина қани, жоним қизим қанисан, — деб қизимни бағрига босди. Онамнинг ҳовлидан норози овози эшитиларди:

— Урганмиш, энди туғдим деб уравер боламни, агар шу болага бир нарса бўлсин мендан яхшилик кутма… Болани урсанг эти, гапирсанг бети қотади…

Синглим билан анча суҳбатлашиб ўтирдик. Гап бориб яна ўша мавзуга тақалди.

— УЗИ нима деди, — дедим.

— Ўғил, паҳлавондек ўғил — деди ва – шу Мадинамни соғинаманда, ўзимни Бонучам – деб қизимни тўйиб ҳидлади.

— Ёз қийин-да, иссиқда қийналасан, салқинлаб юр кўчага чиқсанг, — дедим унга.

— Кўпи кетиб ози қолди, — деб хаёлга чўмди. Қизимга овора бўлиб қолдим. Қарасам, у гапираяпти…

— Қизинг мениям қизимда, Мадинага айтгин, катта бўлса, мендан ҳам тез-тез хабар олиб турсин, холаям онадек гап… – деди у. Ҳазиллашаяпти, десам оҳанг чин, нигоҳлар чин… кўзларида ёш ҳам бор…

— Қиз туғсам, кейин келин бўлади, келин бўлиб нима кўради… Қайнонасининг қош-қовоғига қараб қадам ташлайдими…

Унга қарадим. У ўзи истамаган ҳақиқатни билмай айтиб қўйганди…

– Мен ҳам қайнонамга ўхшаб келин олиб, бир давр сурай, демоқчи эдим, — деб гапни ҳазилга бурди. Аммо унинг бу ҳазили ўхшамади. Синглимга нима дейишни билмасдим, нима деб жавоб беришни ҳам. Чунки унинг сўзларида жуда катта юрагимга ботадиган, истасам-да, қўлларимни чўзсам-да ета олмайдиган, кўрсам-да кўзларимни юмадиган НИМАДИР бор эди… Шу тобда синглимни бағримга босгим ва: “Майли фақат ва фақат фарзандларинг ўғил бўлсин, мени Мадинам иккимизга етади”, дегим келарди. Аммо тилим айланмасди. Томоғимга тиқилган оғриқдан кўзларимга ёш тўлганди…

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *