СУМАЛАК ПИШМАГАН ЙИЛ

Қўшнимиз шу йил ҳам сумалак қўяётган экан!
Мактабдан келаётиб, бу хабарни эшитдим-у, майдалаб ёғаётган ёмғирда сумкамни бошимга соябон қилганча уйга қараб чопдим. Бирдан кўз олдимдан бемор ётган онам ва сумалак қўяётган Феруза холанинг келини ўтди. Санобар янганинг неча йилдан бери фарзанди йўқ эди. Эри иккаласи шаҳарга бориб, қанча даволаниб келди, турли амалларни қилдирди, аммо умидлари пучга чиқди. Аммо етти йилдан бери қайнонаси пиширадиган сумалакка ният қи¬либ тош ташлайди, қозон қайнатади. Ўша пайтда у қўшниларнинг сирли-сирли қарашларига, гап-сўзларига ҳам парво қилмайди.
— Худойим, менгаям биргина тирноқ ато этгин! Мен ҳам мана шу хотинларга ўхшаб бола кўтариб, бола етаклаб юрай…


Санобар янга сумалак қўзғай-қўзғай йиғлаб юборар ва кўз ёшларини биров сезиб қолмаслиги учун «Воҳ, кўзларим ачишиб кетди-я?!» деб қозондан узоқлашар ва уйларига кириб кетарди. Ўшанда янганинг эри, сумалакка ўтин ёриб бераётган Маҳмуд ака ҳам ичидаги дардларини сездирмаслик учун болтани шундай урар эдики, ҳали қиш заҳридан нам тортиб ётган ғўлалар шарт иккига бўлиниб кетарди. Сўнгра у болтани отиб юбориб, секин уйига қараб юрар, аммо уйга кирмай, дераза ёнида сигарета чекиб ўтирарди.
— Бечора болам… Ўғлининг аҳволини кўрган Феруза хола куюниб кетарди ва ёнидагиларга дерди. — Айланиб кетайлар, ҳаммаларингиз ният қилинглар, келаси Наврўзгача шугина келиним юкли бўлиб, болагинамнинг ҳам юзгинаси ёруғ бўлсин. Дуо билан эл кўкаради. Бу Одам Ато билан Момо Ҳавонинг таоми олдида қилинган ниятлар ижобат бўлармиш…
Яратганнинг даргоҳи кенг экан. Ҳамқишлоқ-ларимизнинг дуолари ижобат бўлдими ёки врачларга кўринавериш натижасими, ўтган йили Санобар янга юкли бўлди. Бундан қувонган Феруза хола яна сумалак қўйди. Ўшанда қорни дўмпайиб қолган Санобар янга яна йиғлаб-йиғлаб қозон қўзғади. Аммо бу галги йиғилар ҳасратдан эмас, қувончдан эди… Ўшанда миямга бир фикр келди. Мен ҳам сумалак қозонини қўзғай туриб, ният қилдим: «Эй, Худо, менинг онам ҳам келаси Наврўзгача соғайиб, сумалак қайнатиш учун шу қозонлар бошида ўтирсин… Мен ҳам жўраларимга ўхшаб сумалакка онам билан келайин…»
Наврўздан кўп ўтмай, Санобар янга қизалоқ кўрди. Уларнинг етти йиллик нияти ижобат бўлганини кўриб, ҳамма қувонди. Мен ҳам сумалакда онажонимга Яратгандан соғлик тилаган эдим ва онамнинг энди тузалиб кетишига ишонардим… Аммо ҳали элликка чиқмаган онам бирдан тўшакка михланиб қолганди. Онам гўё каравотда ётган кўйи бизга ҳаёт синовларидан ҳикоятлар сўзлар, биз ака-ука, опа-сингиллар эса онамнинг ҳар бир сўзига маҳтал ўтирардик. Оилада ҳеч кимнинг кўнглига бир қувонч сиғмас, шодлик татимас, эрталаб ҳамма ўз иш-ишига кетгани билан уйдан чиқишдан олдин онамнинг ёнида нонуштамизни аранг ютардик ва меҳрибонимизнинг сўлиб бораётган юзига сўзсиз тикилиб қолардик.
— Болам, мен яхшиман. Ишларингга, ўқишларингга бораверинглар. Энди менинг бўларим шу…
Онам бу гапни айтарди-ю, баъзан оғриқ титиб ташлаган вужудидан келаётган ғуссасини яширолмай, юзига кўрпани босарди.
Эрталабки кайфиятингиз кунингизни белгилайди… Биз ҳар тонг шу тарзда уйдан чиқардик. Онамнинг ёнида қолган катта опам мактабга ҳам боришни истамас, мен дарсдан келгунимча дори ҳиди ва онамнинг оҳлари ўрнашиб қолган уйда кўмилиб ўтирарди. Мен келгач эса у рўзғор ишларига уннаб кетар, энди хос соқчи каби онамнинг ёнида мен турардим.
— Яхши ўқиб келдингми, болам? – дерди онам.
— Ҳа… Нима десам онамни хурсанд қилишни ўйлардим, аммо тилимга сўз келмасди. Бироқ орзуларга берилар, онамга дил изҳорларимни, ниятларимни айтгим келарди. Онам ҳам худди дилимдагини сезгандек маъюсгина жилмайганича яна сўрарди.
— Алижон, катта бўлсанг, ким бўласан, болам?
Деворга суяниб ўтирган жойимдан силжиб, онамнинг ёнгинасига борардим ва қадоқ қўлларини ушлаб олардим.
— Катта бўлсам, ка-атта одам бўламан, — дердим ичимда бир нима гупириб. Кейин бирдан ўзимни ўзим рад этардим. – Йўқ, она, мен катта бўлсам, дўхтир бўламан. Сизни даволаб, оппоқ қиламан. Кейин сизни сумалакларга олиб бораман, катта шаҳарларга томошага борамиз. Машина олсам, сиз билан отамни миндириб, бир жойларга олиб бораман.
Мен гапиравераман, онам из-из йиғлайверади. Нега бундай қилади, ҳеч тушунолмайман. Сабабини сўрасам, доим битта гапни такрорлайди.
— Илоҳим, ниятингга етгин, болам…
Менинг орзу-ниятларим кўп эди, аммо онам оёққа туриб кетолмади. Отам онамни вилоят марказидаги касалхонага олиб кетди. Бир ярим ой шифохонада ётган онам бироз тетикланиб қайтди, аммо қўлтиғидан кирмасак, ўзи ўрнидан туролмас, ўзи ташқарига чиқолмас эди. Энди онам уйда, яна аввалгидек сим каравотида ётар, ташқарига чиққанида эса деворга суяб қўйилган эски сандал устида ўтирарди. Бу онамнинг осон ўтириб, осон туриши учун қўйилган бўлса-да, барибир онам бир ўзи ҳеч нарса қилолмасди. Эрталаб то чошгоҳгача, тушдан кейин эса асрдан то ухлар маҳалгача уй олдида ғам-ғуссага ботиб, аллақаерларга тикилганича болалик хотираларига ва армонларига кўмилиб ўтирарди…
Онам узун саратонни, бутун ёзни шу тарзда ўтказди. Тийрамоҳ охирларига бориб, бутунлай эти қочиб, енгилгина бўлиб қолди. Энди истасак, ҳар қайсимиз онамни шундоқ кўтариб ташқарига олиб чиқишимиз ёки уйга киритиб жойига ётқизиб қўйишимиз мумкин эди.
Йил охирига бориб, онам бутунлай ейишдан ҳам қолди. Энди ўзини қанча мажбурламасин, томоғидан ҳеч нарса ўтмас, бунинг ўрнига аллақандай витамин ва дармондориларни ичиб, тирикликнинг ҳар дақиқаси билан олишиб яшарди. Отам эса негадир энди онамни дўхтирма-дўхтир олиб чопишга шошилмас, аллақандай паришон бўлиб қолганди.
— Ота, онамни яна дўхтирга олиб бормасангиз бўлмайди, — деди бир куни катта опам йиғлаб, – бу туришда, онамдан айрилиб қоламиз.
Отам бу гапни эшитиб, опамга тикилиб қолди ва «ғилт» этиб ютинди.
— Болам, мен ҳам онангнинг тузалиб кетишини истайман… Cизлардан ҳам кўпроқ хоҳлайман, лекин нима қилай, онанг тузалиш ўрнига баттар оғир бўлиб боряпти…
Отам бошқа гапиролмади, хўрсинганича ташқарига чиқиб кетди. Ўша куни кечга уйга ҳам келмади. Эртаси куни бир нотаниш одам билан кайфиятсиз, бир аҳволда кириб келди ва тўғри оғил томонга боришди. Биз ҳеч нарсага тушунолмай, уй деразасидан жим қараб ўтирардик. Бир маҳал нотаниш одам яқиндагина онасидан айрилган бузоқчани оғилдан етаклаб чиқди. Ўзи онамни даволатавериб, оғилимиз ҳам ҳувиллаб, бисотимизда биргина соғин сигир қолган эди. Мана, унинг ҳам боласи кетди. Ана шунда отамнинг кеча нега уйга келмаганини англагандек бўлдик…
Орадан икки кун ўтиб, отам яна қаердандир пул олиб келди ва қўшнининг машинасида онам билан шаҳарга йўл олишди. Улар уч кун кетишди, бироқ бешинчи куни қайтишди. Энди отамнинг ҳам аҳволи жуда ёмон эди, кўзлари киртайиб қолганди.
— Ота, онам дўхтирда қолмадими? – сўради яна катта опам катталигига бориб.
Отам жавоб бериш ўрнига онамни суяб жойига ётқизди-да, ўша сим каравотга ҳолсиз суяниб ўтирди. Ҳаммамиз отамнинг оғзига тикилар, у киши эса лом-мим демай, кўзларини бир нуқтага тикканча жим ўтирарди. Гўё тилдан қолгандек эди. Бу сукунатни охири онам бузди.
— Болажонларим, хавотир олманглар. Уйда даволансам ҳам бўлар экан. Дўхтир шундай деди. Шунинг учун отангдиям қийнамай, ўзим уйга қайтамиз, дедим.
Ана шунда отам бошини кўтарди ва онамга тикилиб қолди. Сўнг негадир яна ташқарига чиқиб кетди. Ўша кундан кейин отам бутунлай ўзгарди. Энди у ишга ҳам номигагина бориб келар, тун-у кун онамнинг ёнидан жилмасди. Онам бўлса ҳамон ўзи жойидан туролмас, ҳожатига чиқолмас, бир кунда қуш емишидек номигагина икки-уч қошиқ таом ерди. Фақат отам билан гаплашиб ўтирарди. Энди отам оғриқ зўрайганда онамнинг белларини, елкаларини уқалаб қўйишдан ҳам қайтмас, дорилардан кўнгли ағдарилиб, қайт қилмоқчи бўлганида пешанасини ушлаб, ҳожат тувакни тўкиб келишдан ҳам тортинмас, нима бўлса, онамнинг кўнглини олишга, уринтирмасликка ҳаракат қиларди. Аммо биз – болалар онамнинг ёнига йиғилиб келишимиз билан ташқарига чиқиб кетар ва худди уйга киришга юраги дов бермаётгандек ҳовли айланиб юрарди. Бундай пайтларда онам «Отанг қаерда?» деб сўрар, нимагадир ҳовлида у ёқдан-бу ёққа юрганини эшитгач, чуқур хўрсиниб қўярди ва мени ёнига чақириб, бағрига босарди.
— Болам, илоҳим, бошларинг омон бўлсин… Шу йил биргина сумалакка етсам, армоним йўқ эди-я?
Бу гапларни эшитган катта опам сирғалиб келиб, онамнинг қўлларини маҳкам ушлаб оларди. Мен эса онамнинг бу гапларига, опамнинг кўз ёшларига, онамнинг уйни ютгудек хўрсиниқларига тушунолмасдим ва яна ўтган йили қўшнимиз Феруза холанинг сумалагида қилган ниятларимни кўз олдимга келтирардим ва бунинг ижобатига ишонардим. Бугун қўшнимизнинг сумалак қўяётганини эшитиб, югуриб келганимнинг боиси ҳам шу эди. Сумкамни даҳлизга отиб юборганча, онамнинг ёнига отилдим.
— Она, она! — дедим ҳовлиқиб. – Феруза холам яна сумалак қўйибди. Биласизми, ўтган сафар келаси йил сумалакка онам билан келай, деб ният қилгандим. Ниятим амалга ошадиган бўлди!
Онам сўзларимни эшитгач, негадир кўзларини олиб қочди, юзини девор томонга яширди. Узалиб, онамга қарадим. Во, ажаб. Кўзлари жиққа ёш эди.
— Она, нега йиғлаяпсиз?
— Жойимдан туролмасам, бир қадам юролмасам, сумалакка қандай бораман, болам?
Ана шунда мен-да жойимда қотиб, деворга суянганча беҳол ўтириб қолдим. Кўзларим онамда-ю, хаёлимда қилган ниятларим… Нега қилган ниятларимиз ижобати бўлмаяпти, Художон? Нега онам соғайиб кетмаяпти? Чиндан ҳам онам сумалакка боролмайди-ку? Ахир мен онамнинг соғайиб кетишига ишонгандим?!
— Йўқ, борасиз! Отам иккаламиз олиб борамиз. Ўша ерда сизга жой қилиб бераман, сумалак қўзғамасангиз ҳам майли, ўша ерда ўтирсангиз бўлди.
Онам юзига кўрпани босиб, кўз ёшларини артди. Сўнг хўрсинганича деди:
— Алижон, болам, мен барибир боролмайман. Ўзинг опаларинг билан бориб, ният қилгин. Ҳеч қурса, келаси йил Наврўзига борайлик.
Ўша куни бутунлай хаёлларим остин-устун бўлиб кетди. Онамнинг тузалиб кетишига ишончим йўқолгандек бўлди. Ўша кеч яхши ухлолмадим ҳам. Эрталаб эса онам айтгандек қилиб, опам ажратиб берган унни олиб, Феруза холамникига жўнадим. У ерда аёллар, қиз-жувонлар кўп эди. Мени кўриб, Феруза холам сўради:
— Онанг келарканми?
— Йўқ… — бу гапни айтдим-у, ҳамманинг нигоҳи менда эканлигини кўриб, йиғлаб юбордим. Сўнг вужудимни қамраб олган туйғуларни сочиб ташладим. – Кўрасизлар, ҳали онам тузалиб кетади. Ўшанда бизнинг уйимизда ҳам сумалак пишади!
— Насиб бўлса, — Феруза холам бошимни силади. – Онангга айтгин, биз бу йил ният қилдик. Сумалакни онангнинг номидан қўйяпмиз. Ҳамма савоби онангга бўлади. Шуни айтгин, хўпми? Кейин икки-учта тошни ният қилиб бериб юборсин, қозонга биринчи ўшаларни соламиз.
Кўнглим ёришиб кетди. Бутун вужудимни яна ишонч ҳисси эгаллаб олди. Гўё энди ҳаммаси ортда қолиб, онам тузалиб кетадигандек эди. Бу гапни бориб онамга айтганимда, онам бир хўрсинди-да:
— Алижон, болам, туришимга ёрдам бер. Бугун мен бир сумалакка борай! — деди.
Бу гапдан қанчалар севинганимни тушунтириб беролмайман. Бирдан ортимга қараб югурдим ва қўшниникида ун элаётган опамни чақирдим. Бирданига Феруза холадан ҳам суюнчи олдим.
— Хола, хола, ҳозир онамнинг ўзи сумалакка келаркан!
— Бунча яхши. Ўзи биз ҳам ҳозир қозонни осамиз деб тургандик. Тўхтанглар, мен ҳам бораман.
Биз – Феруза холам, опам ва мен ўша куни онамни бир амаллаб сумалакка олиб келдик ва авайлабгина қозон бошига ўтирғиздик. Икки дақиқалик йўлга ярим соатда келдик, аммо мен учун онамнинг шу ергача келгани муҳим эди. Онам ҳам аллақандай тетикдек эди. Феруза холам сумалак ўчоғини созлаб, қизлар қозонни ювиб-тозалагач, биринчи сумалак ёғида қатлама, бўғирсоқ қилиб олишди. Сумалак буғдойи ювилган сувни қозонга солишган, барча унни онамнинг қўллари билан қозонга ағдаришди.
— Бисмиллай раҳмони роҳийм… — онам қўлидаги коса билан унни қозонга тўкар экан, дағ-дағ титрар, кўзларидан оқаётган ёшни тўхтата олмасди. Буни кўриб туриб мен-да йиғлар, қолганларнинг ҳам кўзларида ёш эди. Онам эса атрофга ҳам қарамасликка уринар, фақатгина Феруза холам узатаётган косадаги унни қозонга ағдарар, алланималар дея пичирлар, ёнидан опам ушлаб турган бўлса-да, йиқилиб тушмаслик учун бир қўлини ерга ҳам тираб олганди. Биз онамда пайдо бўлаётган куч ва ғайратдан лол эдик. Жойидан қимирлолмайдиган онам сумалак унининг ярмини солганди, бир маҳал нима бўлди-ю, қўлидаги коса қозонга тушиб кетди. Ўзи бўшашиб, ёнига йиқилди. Бирдан қий-чув бошланди. Шошиб қолган Феруза холам онамнинг бошини кўтариб турар, ўғлига қичқирарди:
— Маҳмуд, тез кел! Хадичани уйига олиб боринглар! Мазаси қочиб қолди! Тез бўлинглар!
Маҳмуд ака югуриб келиб, онамнинг бошида туриб қолди. Сўнг бирдан қушдек енгил бўлиб қолган онамни уч-тўрт яшар қизалоқни опичлагандек даст кўтариб олди-ю, уйимизга қараб кета бошлади. Онамни сим каравотига ётқизгач эса, отамни сўради.
— Ишга кетганди.
— Тез бор, отангни чақириб кел! – деди Феруза холам.
Мен ўз каравотида ўпкасини босолмай, тез-тез, қисқа-қисқа нафас олаётган ва докадек оқариб кетган онамга қараб қолгандим. Қўрқиб қолган опам «Тез бо-ор!» деб бақириб юборгач, югуриб ташқарига чиқиб кетдим. Мактабгача қандай етиб бордим, чопдим-ми, учдим-ми, билмайман. Дарс ўтаётган отамга нима бўлганини айтгандим, отам «Эҳ!!!» деди-ю, дарсни ташлаб югуриб чиқиб кетди… Мактаб ҳовлисидан чиқсам, отам узоқда югуриб кетаётганди. Уйга келсам… дарвозамиз олдида қўни-қўшнилар. Югуриб ичкарига кирдим. Не кўз билан кўрайки, онам ўз каравотида эмас, ерда, узун бўлиб ётибди. Юзи тиши оғриган одамникидек қилиб боғланган. Отам ва опаларим йиғлаб ўтирибди. Феруза холам гоҳ эшикка чиқади, гоҳ ичкарига киради. Ҳеч нарсага тушунмай қолдим.
— Она! – дедим онамнинг бош томонидан келиб. Жавоб бўлмади, қимирламади ҳам. Аксинча, отам билагимдан тутиб, ёнига чорлади ва маҳкам қучоқлаб олди.
— Алижон, болам… Онанг… онангдан айрилиб қолдик.
— Нима?
— Онанг ўлди, улим. Онанг барибир ўлди…
Бирдан отамнинг кўзларига қарадим:
— Сиз онанг тузалиб кетади дегандингиз-ку?
— Қайда, онанг саратонга чалинган эди, болам. Онанг рак эди. Шунинг учун дўхтирлар ҳам жавоб бериб юборишганди.
Энди ҳаммасини, отамнинг гапиролмаслиги, онамнинг менга қараб, «Бошинг омон бўлсин, болам» деганлари сабабини англагандек эдим, аммо ҳозир қулоқларимга гап кирмасди. Отамнинг қўлидан силтаниб чиқиб, онамни қучоқлаб олдим, юзларига юзимни босдим.
— Она?! Нега бундай қилдингиз, она? Нега, нега?.. Ахир ҳали тузалиб кетаман, ҳали уйимизда сумалаклар қиламиз дегандингиз-ку? Нега бундай бўлди, она?
Шунда отам мени кўтариб олди ва ташқарига чиқариб кетди… Уй олди тумонат одам. Барчаси белига белбоғ боғлаган. Отам чиқиши билан уввос тортиб юборишди…
Ўша куни таъзия қандай бўлди, онамни қабрга қандай қўйдик, қанча йиғладим, нималар дедим, онамнинг ўлимига чидолмай отамни, тоғамларни қанча уриб ташладим, билмайман. Аммо онамнинг ўлими ҳақлигига ҳамон ишонгим келмас, ўзимни тутолмасдим. Қайга боқмай, онамнинг юзлари, қайда юрмай онамнинг излари, ким менга гапирмасин, далда бермасин, онамнинг сўзлари кўз олдимга келаверарди. Ўша куни қандай ухлаб қолганимни ҳам билмайман. Билганим, уйга киролмай, уй олдида, онам ўтирадиган эски сандал устида йиғлаб ўтирганимда отамнинг келгани ва мени бағрига босиб, «Алижон, сен катта йигитсан-ку, улим. Бўлди, йиғлама. Энди кўникишимиз керак… Ҳадеб йиғлайверсанг, онангнинг руҳи сендан хафа бўлади, безовта бўлади», деганлари эди…
Эртаси куни кечга Феруза хола қўллари қалтирай-қалтирай кўзларида ёш билан бир челак сумалак олиб келди. Сумалакни опамнинг қўлига тутар экан, «Сумалак қўймай мен ўлай-а?» деди ва из-из йиғлади. Отам унинг ёнига чиқиб:
— Унақа деманг, опа. Сизнинг айбингиз йўқ, — деди. – Ҳамма одам сумалакни яхши ният билан қилади. Бу бир тасодиф…
Опам кўз ёшларимиз қўшилган сумалакдан уч-тўрт косага солиб, уй тўла эркаклар олдига қўйиб кетганида сумалакка қарадим-у, яна онамни эсладим. Чинни косадаги сумалак юзида онамнинг маъюс чеҳраси кўрингандек бўлди ва ўкириб ташқарига чиқиб кетдим…
Шундан бери ҳар баҳор келаверса, сумалаклар пишаверса, қотиб қолган қароқларимдан ёш қуйилиб келаверади. Дастурхонга қўйилган сумалакка эса қўл узатар эканман, яна онамнинг мунис чеҳраси кўз олдимда намоён бўлаверади. Агар қўл текизсам, қўнғир сумалак юзида балқиб кўринаётган онамнинг хотираси ўчиб кетадигандек туюлади ва бирдан қўлимни тортиб оламан…
Холиёр САФАРОВ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *