ТАҚДИР ЎЙИНИ

Ҳаёт кутилмаган тасодифларга бой. Мана шу тасодифлар сабаб умримиз янада қизиқ бўлса керак балки. Атиги битта рақам ҳаётингизни ўзгартириб юбориши мумкинлигига ишонасизми? Дейлик, кимгадир қўнғироқ қилмоқчисиз. Аммо рақамлар алмашиб кетди. Атайин қилмайсиз. Шунчаки бармоқлар беш ўрнига саккизни босиб юборса… Нима бўлади? Нариги томондан берилган жавоб: “Адашдингиз” дейилади. Бироқ овозни эшитиб, юрагингиз ҳапқириб кетса, яна адашишни истаб қоларкансиз. Худди менга ўхшаб…

Дўстим Жавлонга қўнғироқ қилаётиб, шошилинчда беш рақами ўрнига саккиз рақамини босиб юборибман. Аммо нариги томондан эшитилган ширин овоз мени бир зумда сеҳрлаб қўйди.

– Алло, – унинг овозидаги майинлик юрагимнинг тинч денгизида тўфон кўтарди, гўё. Шу биргина калом мени бир сонияда жодулади. Аранг:

– Алло, бу Жавлоннинг телефоними? – дея олдим.

– Йўқ, адашдингиз Жавлон эмас, Мавлоннинг рақами. – Ўз гапидан
завқланиб кулди қиз. – Так что, яхши йигит, адашдингиз…

– Тўхтанг, овозингиз жуда чиройли экан, – яна нималарнидир гаплашгим келарди.

– Ўзим ҳам биламан, майли… – гапи охирламасдан яна саволга тутдим.

– Мабодо радиода ишламайсизми?

– Йўқ.

– Қаерда ишлайсиз?

– Қизиқ экансиз-у, сизни танимасам. Омон бўлинг, ҳая, саволингиз бежавоб қолмасин. Мен ўликхонада ишлайман.

У тарафдан тут-тут деган овоз эшитилди. Менинг эса хаёлларим пароканда бўлиб кетди. Ким экан? Овози шунчалар ёқимли бўлса, ўзи қай даражада гўзал? Мана шу қисқа суҳбат уни ёқтириб қолишимга сабаб бўлди. Рақамни атайин телефон хотирасига “Адашганим” деб сақлаб қўйдим. Кечга томон яна ўша ширинсухан қиз билан суҳбатлашгим келди. Рақамларни тердим.

– Алло, – яна соҳир овоз эшитилди.

– К…кечирасиз, яна сизга адашиб тушдимми? – атайин ўзимни билмасликка солдим.

– Шунақа шекилли…

– Бир кўрган таниш, икки кўрган билиш, учинчиси қариндош дейишади.

– Йўғ-е, сиз ҳали мени кўрмадингиз-ку…

– Кўрмасам ҳам овозингиздан худди кўриб тургандек ҳис қиляпман. Исмингиз нима?

– Аломат, – дея хандон отиб кулди қиз. Унинг қаҳ-қаҳаси ҳам жуда ёқимли эшитилди.

– Ҳазилга уста экансиз. Ростини айтинг, менинг исмим Мурод.

– Яхши, аммо Мурод ака, бу рақамга қайта қўнғироқ қилманг. Акам олиб қолсалар, нақ балога қоласиз, – яна гўшак тугмаси босилди.

Тавба, қизларнинг билиб олган қуроли: “Акамга айтаман”. Акаси борми, йўқми фарқи йўқ. Шу қурол иш беришига ишонишади. Аммо мендай Мажнуни бедавога айланган ошиқ учун бу баҳона иш бермайди. Нима қилайки, хаёллар мени ул пари пайкар томон судрайверишарди. Кўзимни юмдим дегунча унинг ширали овозини эшитгандек бўлардим. Йўқ, мен ортга чекинадиганлардан эмасман.

Эртаси куни яна қўнғироқ қилдим.

– Лаббай, – унинг овози худди хушбўй атир сингари кишини маст қилиб қўярди. (Ҳар ҳолда менда шундай ҳолат кузатилди).

– Аломатхон, яхши дам олдингизми?

– Раҳмат, яхши. Нима керак ўзи сизга? – савол оҳангидан жаҳли чиққанини пайқадим.

– Сизни ёқтириб қолдим, десам ишонасизми?

– Йўқ, ишонмайман. Ахир сиз мени кўрмагансиз-ку?

– Кўрмаган бўлсам ҳам тасаввур қиляпман. Овози шу қадар гўзал инсоннинг ўзи ҳам гўзал бўлиши табиий.

– Агар ундай бўлмаса-чи? Хаёлларингиз адашган бўлса-чи?

– Йўқ, мен адашмайман, – дедим қатъий.

– Сиз ўйлагандек чиройли бўлмасам-чи? – Бу саволни кутмагандим…

– Унда, у ҳолда… – каловланиб қолдим.

– Хайрми?

– Йўғ-е…

– Хайр… – яна гўшак қўйилди.
Ростдан ҳам шундай бўлса-чи? Йўқ, қиз мени алдаш учун, қайта безовта қилмаслигим учун шундай деди. Биламан, у жуда гўзал.

Кечга бориб яна қўнғироқ қилдим.

– К…кечирасиз, боя гапимни тугатмасимданоқ қўйиб қўйдингиз… Мен сизни ёқтириб қолганим рост. Сиз қандай бўлманг, мен сиз билан алоқани узмайман. Келинг, учрашайлик.

– Йўқ, учрашишимиз учун синовларимиздан ўтинг, яхши йигит, – деб кулиб юборди у.

– Ҳеч бўлмаса исмингизни айтарсиз.

– Гулсанам…

– Мамазоитовами? – атайин ҳазилга бурдим тағин.

– Ҳа, Отабек Муҳаммадзоҳид акам бўлади.

– Мен эса Муродбек Қиличевман. Бирга дуэт айтсак бўларкан-а, Гулсанам… – нариги томондан қизнинг шўхчан кулгуси эшитилди.

Шу тариқа у билан телефонда яқиндан танишиб олдик.

– Тиббиёт коллежининг битирувчисиман, – деди у.

– Тақдир ўйинини ажойиблигини қаранг. Касбимиз ҳам яқин экан. Мен дорихонада ишлайман. Икки йил аввал тиббиёт коллежининг фармацевтика факультетини тамомлаганман.

Шу тахлит суҳбатимиз бир-бирига уланиб кетди. У билан соатлаб гаплашардим. Очиғи, телефондаёқ унга асир бўлгандим. Овозга боғланиб қолиш ёмон экан. Гаплашган сари тўймайсан. Яна нималарнидир суҳбатлашгинг келаверади. Унинг суврати тасаввуримда чизилиб, ҳатто тушларимга ҳам кирарди.

– Расмингизни телеграмдан жўнатинг, бир кўрай. Ёки манзилингизни беринг, бораман.

– Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор, Мурод ака. Сабрингизни синайлик-чи? – деди у қувлик билан. Менинг сирли севгилимдан ишхонамдагилар ҳам бехабар қолишмади.

– Тавба, кўрмасдан ҳам бирорта қизни севиб қолса бўларкан-а, – деб ҳайратланди иш бошқарувчимиз Асад ака.

– Қараб туринг, бирорта хунук қиз келса, севгани учун пушаймон бўлади, – жавоб қилди ҳамкасбим Дилдора.

Хуллас, нақ олти ой фақат телефонда суҳбатлашдик. Менинг сирли қўнғироқларимдан хабар топган онам:

– Келин топиш илинжида юргандим. Ким у қиз? – деб сўради.

– Ойи, рости ўзим ҳам ҳали кўрмаганман.

– Ие, кўрмасдан қандай гаплашяпсан? – дея ҳайратланди онам.

– Телефонда танишиб қолгандим. Ҳали учрашувга рози бўлмади.

– Вой, болам овози чиройли-ю, юзи хунук қиз бўлса нима қиласан? Ўқиш жойини сўрамадингми?

– Сўрадим. Тиббиёт коллежида ўқиркан. Аммо қайси бирида эканлигини айтмади.

– Болам, ишқилиб алданиб қолмагинда… Муҳаббатда алданган ёмон. Кўнглинг синса жуда алам қилади. Бир учраш. Ўзингни алдама, – деди онам хайриҳохлик билан.

Волидамнинг хавотири менга ҳам кўчди. Ростдан ҳам кимдир мени алдаб юрган бўлса-чи. Яхшиси, уни учрашувга чақираман. Бас, шунча пайт телефонда гаплашганимиз етар…

– Гулсанам, сиздан қатъий бир илтимосим бор, – дедим эртасигаёқ қўнғироқ қилиб. – Менинг ишхонамга келинг, илтимос. Мушук-сичқон ўйинини бас қилайлик. Бир учрашайлик.

– Бўпти, аммо мени кўриб ҳайратланмайсиз. Бирга бирор жойда тушлик қиламиз, розимисиз? – деди у ҳам таклифимга жавобан. Ўзимда йўқ шодландим. Шу пайтга қадар овозини эшитиб унга боғланиб қолгандим. Ва ниҳоят ўзини ҳам кўраман.

Уйқудан барвақт туриб, ўзимга оро бердим. Ҳарқалай қизда яхши таассурот қолдиришни истадим. Ишхонага кириб борарканман, ҳамкасбларим мендаги ўзгаришни пайқашди.

– Ҳа, бугун худди куёвлардек ясаниб келибсан, – деди Асад ака.

– Бугун Гулсанам билан учрашаман. Шу ерга келади, – қувончимни яширмай сўзладим.

– Қаранг-а, маҳбубангизнинг чиройини кўрарканмизда, – деди қақажон Дилдора.

Вақт тушга яқинлашгани сари бетоқатлана бошладим. Шу пайт қўл телефоним жиринглади.

– Мен келдим. Бу ерда иккита дорихона бор экан. Қайси биридасиз? – унинг овозини эшитиб, ҳаяжонга тушдим.

– Тепасида жигарранг ёзувда ёзилгани… – Негадир юрагим шошиб кетарди. Зум ўтмай Дилдора қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.

– Мурод ака, анавими севгилингиз? – У кўрсатган томонга қарадим. Эшикдан баланд бўйли, дўмбоққина қиз биз томонга кириб келарди. Эгнидаги ҳаворанг либоси уни янада тўла кўрсатарди. Юзидаги пардоз ҳаддан ошиқлиги сезилиб турарди. Очиғи, бундай қиёфани кутмагандим.

– Йўқ, Дилдор, у эмас, – дедим азбаройи ҳафсалам пир бўлишидан қўрқиб. Дарҳол сим қоқдим. Эшикдан кираётган қизнинг телефони жиринглади. Шу заҳоти ўчирдим. Ишхонамиздагилар қизни кўриб пиқ-пиқ этиб кула бошлашди.

– Телефонда севиб қолган Лайлингиз жуда гўзал экан-а, – деб гап қўшди ҳамкасбим Талъат.

– Жим бўлинг, мени йўқ денглар, – деганча ичкарига кириб кетдим. Алам ва андишадан ўзимни қўярга жой тополмасдим. Нима қилишни билмай қолгандим.

– Кечирасизлар, Мурод ака шу ерда ишлайдими? – сўради қиз.

– Ҳа, ҳозир чақириб берамиз, – жавоб қилди Дилдора қувлик билан. Ичкарига кирди-да, кулгудан ўзини тўхтатолмади.

– Мурод ака, боринг, Ширинингиз чақиряпти…

Чиқай десам, бундай қизни кутмагандим. Чиқмай десам йигитлик лафзим бор. У билан бирга тушлик қилишга келишиб олгандим, ахир. Майли, нима бўлса бўлди, таваккал, дея ёнига чиқдим.

– Сиз… сиз Гулсанаммисиз? – Аранг сўз қотдим. Бўйи мендан узун экан. У ҳам мен кўриб кулиб юборди. Бош силкиди.

– Ҳа, ҳайрон қолдингизми? Кимни кутгандингиз? – дея сўради кулимсираб.

– Мен ҳалиги… – ортимдан мени кузатишаётганини пайқадимда, дарҳол кўча томонга ишора қилдим.

– Ҳозир халатимни ечай, бирор жойда ўтирамиз…

– Ёқимли суҳбат тилаймиз, – деб кулишди ҳамкасбларим. Роса кулги бўлдимда уларга…

Йўқ, мен номард эмасдим. Гулсанам билан бирга ўша атрофдаги кичикроқ тамаддихонада тушлик қилдик. Аммо негадир овози телефондагидек майин эмасди. Сўрашга ботинолмадим. Ҳарқалай қиз боланинг кўнгли нозик бўлади. Тушлик давомида кўп гаплашмадик ҳам. Уни автобус бекатига қадар кузатиб қўйдим.

Дорихонага кириб келарканман, гурра кулги кўтарилди.

– Бўлди қилинглар. Мен қаердан билай? – дедим азбаройи аччиқланиб. Ишончим паймол бўлганидан йиғлаб юборишдан аранг ўзимни тийиб турардим. Ҳиссиётлар бир зумда алмашганди. Овоз ва кўринишдаги фарқ туйғуларимни ҳам чалкаштириб юборганди.

– Вой, жуда келбатли қиз эканми? Мабодо тош кўтармасмикан? – дея яна ҳазил қилди Дилдора. Шу маҳал телефоним жиринглади. Экранда Гулсанам ёзуви чиққанди. Телефон тугмасини босишга иккиланиб қолдим.

– Жавоб беринг, Ширинингиз ахир… – яна кулишди ишхонадагилар.

– Алло… – шу заҳоти гўшак қўйилди.

– Мен келдим, – деган овоз эшитилди ортимдан. Ўгирилиб қарасам, ёнимда жуда чиройли қиз турарди. Оппоқ сутга чайиб олингандек юз. Тим қора қошу кўзлар. Лабининг остидаги нуқтадек холи ҳам бу чиройга янада ҳусн қўшарди. Эгнидаги сариқ либоси келишган қадди қоматига жуда ярашганди. Худди тушларимда кўрган малагим эди, гўё.

– Гулсанам!.. – янада ҳайратга тушдим. Овози ҳам худди ўшандай эди.

– Ҳа, мен Гулсанамман.

Ҳамкасбларим ҳам унга тикилиб қолишганди.

– Мени кечиринг, Мурод ака, сизнинг мардлигингизни синаш учун
курсдошим Дурдонани жўнатгандим. Муносабатингизни билмоқчийдим. Агар яшириниб, мен йўқман деганингизда, ҳақиқий Гулсанамни кўрмасдингиз. Мардлигингиз ва самимийлигингиз учун ўзим ёнингизга келишга қарор қилдим.

Унинг гапларидан лол бўлиб, тилим сўзга айланмай қолганди…

САИДА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *