Ўзбекистон — сейсмик фаол ҳудми?

Туркия ва Сурияда бўлган зилзила бутун дунё аҳолисини жунбушга келтирди. Бу борада дунёда “бу фожиа сунъий равишда, яъни атайлаб уюштирилди…”, “Ўзбекистон ҳудудида ҳам кучли магнитудали ер қимирлаши бўларкан…” сингари совуқ миш-мишлар ҳам тарқалди. Хўш, аҳоли ўртасида тарқалган бу шов-шувлар қанчалик асосли? Шу ва соҳага оид бошқа саволларимизга жавоб олиш учун Ўзбекистон Фанлар Академияси Сейсмология институти ходими, физика ва математика фанлари доктори Қаҳҳорбой Абдуллабековга мурожаат қилдик.

Зилзила асосан ер шарининг учта сейсмик камарида рўй беради. Энг катта камар Тинч Океани сейсмик камари ҳисобланади. Тахминан зилзилаларнинг 80 фоизи шунинг атрофида рўй беради. Иккинчиси Ўрта ер денгизи Осиё сейсмик камари бўлади. У Атлантик Океанидан бошланиб, Европа ва Марказий Осиё бўйлаб Тинч Океанига ўтиб кетади. Тахминан 15 фоиз зилзила мана шу иккинчи камарда юз беради. Учинчиси Атлантик Океани тоғ тизмалари дейилади. У ерда 2-3 фоиз ер қимирлаши бўлиб туради.

Сейсмология институтининг асосий вазифаси зилзила хавфи бор ҳудудларнинг харитасини тузишдан иборат. Хусусан, Ўзбекистоннинг қаерида қандай магнитудали зилзилалар кузатилишини аниқлайди. Бундан ташқари, қурилиш меъёрлари ва қоидалари деган ҳужжат бор. Бу ҳужжат асосини Сейсмология институти тузган умумий сейсметик хариталари ташкил этади. Барча қурилишлар мана шу меъёрий ҳужжатга амал қилиниб қурилиши керак. Шунда ҳеч қандай сейсмик хавфга ўрин қолмайди.

– Ўзбекистон — сейсмик фаол ҳудудда жойлашганлиги сабабли, зилзила хавфини камайтириш, сейсмик мустаҳкамлигини яхшилаш тўғрисида давлатимиз томонидан жиддий эътибор бор. Айниқса, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан соҳага оид қатор қарор ва фармонлар имзоланди. Қолаверса, аҳоли ҳужжатларини сейсмик хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонун ҳам ишлаб чиқилди.
Туркияда кузатилган зилзила табиийки, ҳар бир инсонни ваҳимага солиб қўйди. Аҳоли ўртасида Ўзбекистон ҳудудида ҳам шундай кучли ер қимирлаши кузатилар экан, деган гап-сўзлар тарқалаётгани ўринсиздир. Тўғри, Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди сейсмик фаол ҳудудлардан ҳисобланади. Лекин бизда ер қимирлашлар магнитудаси паст ўтади. Республикамизда энг фаол жой Фарғона водийси, кейин эса Бухоро вилояти ҳисобланади. Чунки бу ҳудудларда ер ёриқлари бор. Шу ёриқлар қулаши натижасида зилзилалар кузатилади.
Ер шарининг плиталари доимий равишда силжиб туради. Айрим жойларда тез, баъзи жойларда эса секин. Яъни, йилига бир ёки икки сантиметр силжийди. Шу плиталар силжиш жараёнида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаса, ер қимирлаши билинмайди. Тоғларнинг ҳосил бўлиши ҳам мана шулар натижасидир. Баъзи жойларда тоғлар тез ўсиб, баъзи жойларда эса секин ўсади. Секин ўсган жойларда ёриқлар ҳосил бўлиб, зилзила хавфи юқорироқ бўлади.
Ер қимирлашининг яна бир сабабларидан бири ер остидаги нефт ва газ захираларини олиш натижасида ерда бўшлиқ пайдо бўлиб, ернинг емирилиши натижасида ҳам зилзила содир бўлади. Бу каби зилзилалар техник зилзила дейилади. Ернинг емирилишининг олдини олиш мақсадида бўшлиқ ҳосил бўлган ер сув билан тўлдириб борилади.
Зилзила асосан, бир хил куч билан тарқалади. Лекин жойларнинг геологик жойлашувига боғлиқ. Тупроғи соз бўлган ҳудудларда кучлироқ, тоғли ҳудудларда эса кучсизроқ сезилиши мумкин. Шунинг учун ҳар бир шаҳарлаштирилган ҳудудларда сейсметик хариталар тузилади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, зилзила табиий офатларнинг ичида биринчи ўринда туради. Яъни талофатлари кўп бўладиган табиий офат ҳисобланади. Лекин шуни таъкидлашим мумкинки, бунинг учун ваҳима қилиб, бошқаларнинг ҳам кўнглига ғулғула солиш керак эмас. Шунчаки, табиат ҳодисаси деб қабул қилишимиз керак. Аҳолидан асоссиз миш-миш тарқатаётганларнинг сўзларига эътибор бермасликларини сўраган бўлардим.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *