ИБРОҲИМ ҒАФУРОВ: “ҲАЁ ҚУТҚАРАДИ ИНСОНИЯТНИ!” 

                             

Абадий саволнинг жавоби

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, улкан адиб ва мутафаккир Иброҳим ўафуров ҳаёти ва ижодининг фалсафаси ғоят гўзал, кенг қамровли ва теран илдизларга эга.

Иброҳим ўафуров адабиёт бўсағасига ҳикоянавислик билан кириб келган ва кейин кўпроқ таржимонлик, адабиётшунослик, шунингдек, публицистика ва сиёсат билан шуғулланган бўлса‑да насрда мунтазам ёзиб, янги шакллар излади, тажрибалар ўтказди, кашфиётлар қилди. Унинг ўзбек адабиётидаги янги жанр намунаси ҳисобланувчи, ўзи: “менинг жажжи романларим”, деб атовчи мансуралари жамланган “Ҳаё — халоскор”, “Мангу латофат”, “Паривашлар мажлиси” китоблари шунинг ёрқин далили бўлди. У қайси жанрда қалам тебратмасин, ўз ижодининг бош лейтмотиви —гўзалликни тадқиқ этиш иштиёқидан чекинмади. Дарвоқе…

“Гўзаллик нима?” деган риторик савол асрлардан буён наинки адабиёту нафис санъат, балки ҳаёт фалсафасининг етакчи мавзуларидан бўлиб келади ва мангу шундай бўлиб қолади.

Иброҳим ўафуров ана шу мангу саволга жавоб излашдан толмади ва пировардида юксак мақсадига эришди: “Гўзаллик – ҳаёда”, деган бағоят нафису нозик, айни пайтда бениҳоя кенг қамровли, теран, мукаммал хулосага келди. Бир неча аср олдин рус адиби Фёдор Михайлович Достоевский “Дунёни гўзаллик асрайди”, дея башорат қилган бўлса, Иброҳим ўафуров шарқона лутф билан: “Ҳаё қутқаради инсониятни”, дея бонг урди. Ер юзида турли‑туман зиддиятлар кучайиб, охир замон нишоналари кўрина бошлаган айни кунларда ушбу бонг тобора ўткирроқ моҳият, долзарблик касб этмоқда.

Бадиият заргари

Турли йилларда яратилган, адабиётшуносликка оид асарлари – “Ёнар сўз”, “Жозиба”, “Ям-яшил дарахт”, “Прозанинг шоири”, кейинги пайтларда нашр этилган мукаммал “Сайланма” ва бошқа қатор китобларда закий олимга, фасоҳатли мунаққидга хос бетакрор фазилатлар ярақлаб кўринади. Бу хислатларнинг энг асосийси, назаримда, ниятнинг холислиги, самимият, хайрихоҳлик, ижодкор билан дардлашиш, унга чин дилдан кўмаклашиш истаги. Айнан шунинг учун мушоҳадаю мулоҳазалар тиниқ ва беғубор. Иброҳим аканинг: “Танқидчилик – муҳаббат изҳор қилиш”, деган фавқулодда иқрори унда ана шу хислатлар мужассам эканини яққол англатади.

У фақат ўзига ўхшайди

Ижодидан ҳайратланиш асносида шогирдлари устозни жаҳон адабиётининг қатор намояндалари ила қиёслайдилар. Айтайлик бирларининг кўз олдига Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Оноре Бальзак, Чарлз Дикенс, Стендал ва бошқалар ҳақида бетакрор эсселар иншо этган Стефан Цвейг келади. Яна бошқалари уни Пушкиннинг “Евгений Онегин”ини заҳмату машаққат ила инглизчага таржима қилган ва бу асар ҳақида 1000 бетлик шарҳлар ёзган улуғ рус адиби Владимир Набоковга, йиллаб ранжу риёзат чекиб Пушкин ва Гогол ҳаётини ҳар бир куни, соат, дақиқасигача ўрганиб, ҳар қайсиси ҳақида салкам 1000 саҳифа китоблар ёзган В.Вересаевга ўхшатишади. Нега?

Балким Усмон Носир, ўафур ўулом, Ойбек, Миртемир, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайҳзода, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ижодларига бағишланган йирик тадқиқотларга сингдирилган машаққат ва энг муҳими, беназир муҳаббатдан астойдил ҳайратга тушганлари, қойил қолганлари учундир. Ана шу мукаммал асарлардан тортиб ёш навқирон шоиру адибларнинг илк чиқишлари хусусидаги мўъжаз лекин лазиз битикларни кўздан кечирар экансиз хаёлларингиз кўзгусида Иброҳим ўафуров мунаққидлик, яъни “муҳаббат изҳори”ни санъат даражасига олиб чиққан, бош ҳарф билан дарж этилувчи Ошиқ образида намоён бўлади. Зеро у адабиётни “паривашлар мажлиси” сифатида тасаввур этади. Бу мажлиснинг “мангу латофати”дан чексиз ҳайратга тушиб, ошиқона ўртаниб яшайди ва бу беғараз ишқ уни сўфиёна илоҳий муҳаббат сари етаклайди, муқаддас Калом мазмун-моҳиятларини тадқиқ этиш, англаш саодати ила мукофотлайди. Шу маънода…

Олтин қоидага риоя

Иброҳим ўафуровнинг таржимачиликдаги ижоди меваларидан баҳраманд бўлиб келаётган миннатдор муштарийлар устознинг луғат бойлиги нақадар миқёсли эканини яхши билишади ва шубҳасиз, у кишининг шарқу ғарбнинг ўнлаб тилларини етарли даражада эгаллаганини эътироф этишади. Эрнест Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз”, “Алвидо қурол”, Ги де Мопассаннинг “Азизим”, Ф.М.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”, “Телба”, “Иблислар”, “Қиморбоз”, “Ака‑ука Карамазовлар”, Ч.Айтматовнинг “Кунда”, Г.Г.Маркеснинг “Бузрукнинг кузи”, Ж.Жойснинг “Улисс”, Уильям Фолкнернинг “Эмили учун атиргул” ва “Тўзонли сентябрь” асарларини, Ф.Ницшенинг “Зардўшт таваллоси” фалсафий трактатини, Ҳинд эпоси “Панчатантра”ни И.ўафуров таржимасида ўқиган киши унинг беназир санъатига тан бермай иложи йўқ. Хўш, бунга у қандай эришган? Билишимизча, Иброҳим ака ҳайратланарли даражада кўп ўқиган ва мудом ўқийди. Ўқиганда ҳам ўта нозик таъб билан Шарқу ўарб адабий дурдоналарини танлаб, саралаб ўқийди. Бундан ташқари халқ орасида юришни, оддий одамлар билан суҳбатлашишни хуш кўради. Шунинг ҳосиласи ўлароқ луғати заҳираси – лисоний ғазнасининг сандиқлари лиқ тўла. Таржима жараёнида ҳар икки тилни мукаммал билгани, ҳар икки халқу миллат тарихи, маданиятини ипидан игнасигача ўргангани боис у ўгираётган асарининг бутун борлиғини намоён этади ва ҳатто оригиналда у қадар порламаган “олмос қирраларини” заргар мисоли чархлаб, ярқиратиб юборади.

Мулоқотларнинг бирида Иброҳим ака ижод дунёсига кириб келиши сабабларини изоҳлаб “сўзга ошиғу мубтало” эдим, деган дарвешона бир иқрорлик билдиради. Ана шу мубталолик ранжу заҳмати унга сўз мулкининг нодиру ноёб хазиналари эшигини очди. У эса мана шу маънавий бойликни дунёдаги энг муаззам, энг муқаддас сарват, деб билди. Фоний дунёнинг ҳойю ҳаваслари, майда моддий манфаатларидан тўққиз қават юксакда фақирона яшашга бир умрлик азму қарор қилди. Шу ҳақда ўйлайсизу баногоҳ мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг фақирона турмушлари ҳақидаги ривоятларни эслайсиз. Камтарона ҳаёт инсон комиллигининг, буюкликнинг олтин қоидаси эканлигига такрор-такрор ишонч ҳосил қиласиз. Айни пайтда Иброҳим аканинг зоҳиридаги мағрурликни, ўз ишининг ҳақлигидан кўнгли бениҳоя юксак эканини пайқамаслик мумкин эмас. Мана шундай ғурурга эга, кўкси шу қадар баланд инсонлар билангина, ўзининг ибораси билан айтганда “миллатнинг биллурлашуви”га эришиш мумкин, десак жоиз кўринармикан.

Устоз шу кунларда ўз ҳаёти ва ижодий камолотининг янги босқичига қадам қўймоқда. Умид қиламизки, бу босқич ҳам янада гўзал ва серҳосил бўлажак. Зеро, мукаммалликнинг чегараси йўқ, дейдилар. Йиллар ўтгани сари унинг янги-янги олмосдай ўткир, биллурдай шаффоф ва жилвагар қирраларини очилаверади. Ўзининг, элу юртининг ҳаётига зебу зийнат бахш этаверади.

Ҳабиб ТЕМИРОВ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *