Инсон Қадрини
улуўлайдиган Ҳужжат

Бугунги куннинг шиддати ҳар бир соҳага янги талабларни қўймоқда. Чунончи, Ўзбекистон аҳолисининг 57,2 фоизи  меҳнатга лаёқатли саналади. Ҳар кимнинг меҳнат қилишга бўлган қобилиятини тасарруф этиш, қонун асосида фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳам ўта муҳимдир. Айни жиҳатлар жорий йилнинг 28 октябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат    кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистон  Республикаси меҳнат кодексида ўз аксини топган

Ҳужжатнинг 1995 йилдаги биринчи таҳриридан фарқли равишда, янгисида мажбурий меҳнатни тақиқлаш, ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслик, якка тартибдаги меҳнатга ва улар билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш принциплари белгилаб берилди. Уни ишлаб чиқишда Халқаро меҳнат ташкилотининг 90 дан ортиқ конвенциялари ҳамда 60 дан зиёд хорижий давлатлар тажрибалари чуқур ўрганилди.


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Дилмурод Исмоилов

– Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини кўриб чиқиш жараёнида халқаро меҳнат ташкилотининг тавсиялари, шунингдек, парламентимиз ратификация қилган халқаро шартномалар ҳам инобатга олинди ва бугунги кунда ушбу халқаро нормаларни кодексга жорий этиш зарурати пайдо бўлди. Янги Меҳнат кодексида меҳнат муносабатлари иштирокчилари, яъни иш берувчи ва ходимнинг, уларнинг вакиллик органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, ижтимоий шериклик соҳасида янги бўлган бундай нормаларни белгилаб берувчи кўплаб янгиликлар киритилди. Кодексни тайёрлашда нафақат давлат идоралари, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, касаба уюшмалари ходимлари ҳам иштирок этди. Йирик ташкилотларнинг иш берувчилари эксперт сифатида таклиф қилинди.


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Елена Компольшик

— Меҳнат кодексининг янги таҳририда ходимнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қоидалар ўз аксини топган. Халқимиз, айниқса, хотин-қизлар меҳнат жараёнида ўзларини эркин ва қулай ҳис қилишлари учун бир қатор янги қоидалар жорий этилмоқда. Масалан, мослашувчан иш вақти белгиланмоқда, яъни ходимларга иш кунининг бошланиши ва охирини мустақил равишда тартибга солишга рухсат берилади.


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Меҳнат муҳофазаси давлат инспектори
Нозима Сулаймонова

— Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари 4 та моддада янада аниқ белгилаб берилган. Масалан, 21-22-моддалар ходимларнинг, 24-25-моддалар эса иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига қаратилган. Янги меҳнат кодексида янги талаблар, жумладан, уй меҳнатини ташкил этишда хавфсизлик талаблари киритилди. Бу одатда бизнинг меҳнат қонунчилигимиздаги янги меъёр бўлиб, унда уй ишини ташкил қилишда, кимёвий хавфли компонентлардан фойдаланиш мумкин эмаслиги, энергияни кўп талаб қиладиган асбоб-ускуналар ёки технологик, техник жиҳатдан мураккаб ускуналардан фойдаланиш мумкин эмаслиги аниқ белгиланган. Aмалдаги меҳнат кодексида боқувчисини йўқотганлик учун тўланадиган тўловлар 16 ёшгача берилар эди. Aгар у кундузи ўқув шаклида ўқиса, у ҳолда 18 ёшгача эди. Янги меҳнат кодексида энди бу ёш чегараси узайтирилиб 23 ёшга етказилди.


Янги таҳрирдаги кодексда иш берувчининг мажбуриятлари янада кенгайтирилган ва 25-моддада алоҳида ўз ифодасини топган. Иш берувчи Меҳнат тўғрисидаги қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномалари шартларига риоя қилиши шарт. Болалар меҳнатининг мажбурий ва оғир шаклларига йўл қўйилмайди. Ходимларни ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртасини, шунингдек иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашни таъминлаш масаласи ҳам ҳуқуқий жиҳатдан ўз ечимини топган.

Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.

Бошқа тузилмалар каби, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари мазкур ҳужжатга киритилган янгиликларнинг мазмун моҳиятини кенг аҳолига тушунтириш ишларида фаол иштирок этмоқда.

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларига алоҳида эътибор қаратилган. Шу пайтгача олий ўқув юртларида кундузги бўлим талабаларини ишга жойлаштириш мумкинми, деган савол туғилар эди. Янги таҳрирдаги кодексга кўра энди олий ўқув юртининг кундузги бўлимда ўқиётган талаба билан муддатли меҳнат шартномаси тузилиши ва ишга олиниши мумкин. Яна бир жиҳат фарзандлар тарбияси билан банд бўлган оталар билан боғлиқ. Эндиликда фарзандини уч ёшга тўлгунга қадар тарбиялаётган ота ҳам оналарга бериладиган кафолат ва имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Иш берувчи бундай тоифадаги шахсларни ишга қабул қилишни рад этиши мумкин эмас.

Шунингдек, кодексдан “Ходимнинг пенсия ёшига етганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш” асоси чиқариб ташлангани, меҳнат таътилининг минимал давомийлиги календарь кунларда, яъни амалдаги 15 иш куни ўрнига 21 календарь кунини ташкил қилиши, вояга етмаган шахслар меҳнати тўлиқ тартибга солингани, ёшлар учун қўшимча кафолатлар мустаҳкамлаб қўйилгани диққатга сазовордир. Бу каби қатор янгиликлар ишчи ва ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиши билан бирга улар ўз меҳнатларидан қониқиш ҳиссини туйишларига ва муносиб дам олишларига ҳуқуқий асос бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, келгуси йилнинг апрель ойида кучга кирадиган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бугунги кун меҳнат муносабатлари талабларини кенг миқёсда қамраб олгани ва кўп жиҳатдан ходимлар, яъни меҳнаткашлар манфаатларининг устуворлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ғафур ЖАМОЛОВ,

журналист

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *