Камолиддин Раббимов:
Сиёсий тизим мураккаб бўлиши керак!

Муаммоларнинг ечими – миллатнинг зеҳниятида, миллатнинг қарашида. Зеҳният, яъни сиёсий менталитет, сиёсий маданият бу – Конституцияни талқин қиладиган, унга тус, шакл берадиган, унга ҳаёт пуркайдиган сиёсий куч.

Тараққиётининг маълум бир босқичида вужудга келган ва ҳозирга қадар инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Давлат ҳам, ҳуқуқ ҳам ўта мураккаб, айни дамда сержило ва сирли ижтимоий ҳодисадир. Бу тушунчаларни чуқур ўрганиш глобаллашув жараёнида ҳар бир ватандошнинг вазифасидир. Халқимизнинг ҳуқуқий онгини оширишни мақсад қилган туркум суҳбатларимизнинг бугунги сон меҳмони Kun.uz сиёсий шарҳловчиси Камолиддин Раббимов.
– Суҳбатимизни биз кўп учратадиган атамаларга таъриф беришдан бошласак. Тез-тез қулоғимизга сиёсий режим ёки давлат режими сўзлари чалиниб туради. Бу атама хусусида сиёсатшунос олимларда ҳам икки хил қараш мавжуд: бир гуруҳ олимлар сиёсий режим ёки тизим давлат шаклининг синоними дейишса, иккинчи гуруҳ олимлар давлат шаклининг таркибига кирмайди, деб ҳисоблашади.
– Бу ерда иккита катта алоҳида-алоҳида тушунчалар мавжуд. Давлатчиликнинг тузилишига кўра бўлиниши ҳам сиёсий режим дейилади. Ҳар битта ҳокимият ва унинг қандай ишлаши – бу катта сиёсий тизим. Унинг ичидаги кайфиятга, яъни сиёсий об-ҳавога қараб бўлинадиган даврларни ҳам сиёсий тизим, дейиш мумкин. Мисол учун, 1991 йилдан 2016 йилгача Ўзбекистон биринчи маъмурияти даври эди. Бу даврни битта сиёсий тизим, деб оладиган бўлсак, бу давр Конституция бўйича ҳуқуқий демократик республика бўлсада, амалда авторитар сиёсий тизимни бошдан кечирди.
– Режимлар, яъни тизимлар ҳар хил бўлади: авторитар, монархия, республика ва шу каби қатор тизимлар. Улар давлатда қонун ижодкорлиги, фуқаролар ҳуқуқларининг таъминланган ёки таъминланмаганлигига кўра, давлат мафкурасининг аҳамиятлилигига, сиёсий плюрализмга йўл берилганлигига кўра бўлади. Савол шундай бўлади: мамлакатда сиёсий плюрализмнинг бўлиши бу ижобийми ёки салбий? Ва мамлакатимизда сиёсий плюрализмга муносабат қандай?
– Ҳар битта мамлакатнинг ўзига хос тарихий келиб чиқиши мавжуд. Мисол учун, Ўзбекистонни Саудия Арабистони билан солиштириб бўлмайди. Сабаби, Саудия Арабистонидаги сиёсий, ижтимоий кайфиятга унинг тарихи, Макка, Мадина, Каъба таъсир қилади. Ўтмишдаги улуғ пайғамбарлар ҳозирги Арабистон ҳудудидан етишиб чиқишган. Шунинг учун у ердаги сиёсий буюртма ва кайфияти Ўзбекистондан тубдан фарқ қилади. Биз Совет Иттифоқи даврида агрессив, давлат атеизми даврини яшадик. Бу даврда давлат сиёсат даражасида дин билан курашди. Шунинг учун биздаги сиёсий кайфият бошқа давлатлардан фарқ қилади. Диннинг ҳокимият даражасидаги институтга айланишининг турли сабаблари бўлади. Диний давлат – бу инсонларнинг охиратга тайёрланиши учун савобни давлат даражасида ҳимоя қилади, гуноҳ билан давлат сиёсати даражасида курашади. Конституцияга кўра, Ўзбекистон дунёвий, ҳуқуқий демократик ва ижтимоий ҳимоя кафолатланган давлат. Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар бўлди, аслида қонуниятлар ва қарашлар олдинги Конституцияда ҳам айтилган эди. Янги Конституцияда бу тушунчалар бир томондан мустаҳкамланди ва иккинчи томондан кенгайтирилди, алоҳида урғуланди. Ўзбекистон Конституцияга кўра ҳуқуқий демократик давлат дегани – бу сиёсий плюрализм кафолатланади, деганидир. Ўзбекистон Республикаси, яъни ҳокимиятнинг манбаи – халқ. Халқ ҳокимиятни шакллантиради дейилса, халқ истаганча сиёсий партиялар тузишга ҳақли ва бу сиёсий партиялар сайловларда иштирок этиш орқали халқдан мандат олади, Парламентга киради, ўзининг намоёндалари орқали сиёсий тизимга таъсир ўтказади. Халқ партиялар орқали ўзининг қарашларини, ғояларини, манфаатларини ҳокимиятга олиб чиқади. Ўзбекистонда сиёсий плюрализм Конституция билан кафолатланган. Конституцияда автоматик фундаментал даражада назарда тутиладиган қадрият. Яъни ҳокимиятни, давлатчиликни халқ шакллантирар экан, халқ битта одам эмас, битта ижтимоий куч эмас. Бу ерда сиёсий плюрализм бўлиши керак. Чунки 36 миллионлик халқнинг манфаатларини битта партия ҳам, бешта партия ҳам ифодалаши мумкин эмас. Мисол қилиб айтадиган бўлсак, Туркияда 2022 йилда сиёсий партияларнинг сони 105 та эди. Бу йил 122 тага етди. Бир йилнинг ичида 17 та янги сиёсий партия қўшилди. Сиёсий плюрализм халқнинг қўлида сиёсий эркинлик борми ёки йўқми, деган саволга жавоб беради.
– Яқин ўтган 2-3 ой ва келадиган 2-3 ойда биз катта сиёсий ўзгаришларни гувоҳи бўляпмиз ва бу ўзгаришлар ислоҳот, деб қараляпти? Савол туғилади: Биз қачон ўзгаришларни ислоҳот даражасида баҳолай оламиз?
– Конституциявий ислоҳотлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, аксарият ўзгаришларни ижобий, деб баҳолайман. Чунки, Конституцияда инсон ҳуқуқлари, шахснинг дахлсизлигига оид моддалар мустаҳкамланди. Асосий масала мана шу моддаларнинг ишлашидадир. Жамият ўзида кучли сиёсий ирода ва фаоллик топиб, моддаларнинг ишлашига эришишимиз керак. Конституцияни ишлаши ҳам, ишламаслиги ҳам жамиятдаги сиёсий маданиятга бориб тақалаверади. Миллат сифатида фақат танқид қилмасдан, қонунларнинг ишлаши учун ҳаракат қилишимиз керак. Яъни, миллатнинг малакаси шундай бўлиши керакки, миллат белгиланган мақсадга эриша олиши керак. Сўзимнинг охирида барчани фаол бўлишга, сиёсий-ижтимоий жараёнларда бефарқ бўлмасликка чақираман.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатда ҳар бир содир бўлаётган воқеа-ҳодисага бефарқ бўлмаслик керак. Ватандошлик жамиятини қуриш ҳар доим ҳам осон кечмаган. Бунга мустаҳкам сиёсий ирода ва кучли билим билан эришилган.
Умида Ҳақбердиева суҳбатлашди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *