ЯНГИ КОНСТИТУЦИЯЕШЛАР НИГОХИДА

Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ.
Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев
БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан

Мамлакатимизда қонун устуворлиги йўлида амалга оширилаётган энг катта ислоҳот бу референдумдир. Бугунги кунда ушбу тарихий тадбирни кўтаринки кайфиятда ўтказиш мақсадида юртимиз бўйлаб тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар аҳолининг деярли барча қатламини қамраб олди. Хусусан, жамиятнинг энг илғор қатлами бўлган ёшлар ҳам бу масалада ўз сўзини айта оляпти. Бугунги суҳбатдошларимиз ўткир зеҳнли, билимга чанқоқ талаба-ёшлардир.


Тожибоев Оллоёр, Жамоат хавфсизлиги университети талабаси, Ҳарбий олий таълим муассасалари тарғиботчиси:
— Мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар давомида биз талабалар референдум олди тарғибот тадбирларида фаол иштирок этишни мақсад қилиб қўйдик. Ўзгартириш киритилаётган айрим нормалар бизнинг ҳам эътиборимизни тортди. Мисол учун, янги таҳрирдаги Конституциянинг 19-моддаси: “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари унга туғилгандан бошлаб тегишли бўлади”. Ушбу норма “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 1-моддасида келтириб ўтилган. «Халқаро ҳуқуқий ҳужжатда айни шу мазмундаги модда бўла туриб нега Конституцияга ҳам киритиляпти?» — деган савол туғилиши табиий. Демак, янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасига назар соладиган бўлсак, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади”. Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари мамлакатимизда тўғридан-тўғри кучга кириши учун ушбу моддалар жорий қилинмоқда. Инсон туғилганидан бошлаб унга тегишли бўлган табиий ва ажралмас ҳуқуқлар сирасига инсон ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, озодлиги, тенглиги, эркин бўлиши, хавфсизлиги, дахлсизлиги кабилар киради. Бу ҳуқуқлар қонунларда белгиланганлиги ёки белгиланмаганлигидан қатъи назар инсонга азалий тегишлидир, деб эътироф этилади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлиши, Ўзбекистон иштирокчиси бўлган инсон ҳуқуқларига оид 80 га яқин халқаро ҳужжатларда ҳам белгиланган. Айни шу мақсадда Конституциямизга киритилаётган муҳим модда инсоннинг фундаментал ва ажралмас ҳуқуқларини таъминлаш давлатнинг асосий вазифаси эканлигини, мазкур ҳуқуқларга эгалик қилиш учун бирор-бир расмийлаштирувларсиз кафолатланишини англатади. Эътиборимни тортган яна бир модда янги таҳрирдаги Конституциянинг 27-моддаси: “Шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас”. Ушбу норма жиноят процессуал қонунчилигида ҳам мавжуд ва бу айрим ҳуқуқшуносларда: «Амалдаги қонунчиликда бўла туриб нега Конституцияга ҳам киритилмоқда?» — деган саволни юзага келтирмоқда. Юқорида айтилганидек, Конституциявий норма тўғридан-тўғри амал қилади. Инсон ҳуқуқларининг поймол бўлишининг олдини олиш мақсадида ушбу ҳуқуқ Конституция билан мустаҳкамланиб қўйилмоқда. Бунга кўра, шахс жиноятда гумон қилиниб, қўлга олинганда қонуний равишда текширув ва тергов ишлари ўтказилади. Агарда унинг айби қонуний ва асосли равишда суд қарори билан тасдиқланмаса, 48 соатдан сўнг ҳеч қандай важларсиз қўйиб юборилиши шарт. Эътибор қаратадиган яна бир муҳим жиҳат, аҳоли учун Конституция унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қиладиган асосий ҳужжат бўлиши билан бирга Кодекслардан фарқли ўлароқ халққа яқин яъни тушунилиши осон бўлган ҳужжат ҳамдир. Бир сўз билан айтганда, янги таҳрирдаги Конституцияда инсон, давлат, жамият принциплари мужассам. Инсон қадри сиёсат даражасига кўтарилган бир пайтда ушбу муҳим тарихий референдум халқнинг хоҳиш-истакларини ўзида жамлаган деб айта оламиз.


Аҳмад Бердимуродов,
Жамоат хавфсизлиги университети талабаси:

— “Янги таҳрирдаги Конституциянинг ёшлар масалаларига оид бўлган 79-моддаси эътиборимни тортди: “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. Уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради”.
Ушбу норманинг киритилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатини Конституция даражасига олиб чиқиб қўйди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрдаги Халққа ва Олий мажлисга йўллаган мурожаатномасида ҳам таълим, инсон ҳуқуқлари, ёшларга эътибор соҳаларида муҳим масалалар кўрсатиб берилди. 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Тараққиёт стратегияси”нинг 46, 47, 48 мақсадларида ҳам ёшларга оид давлат сиёсатини юқори даражада ривожлантириш ишлари кўзда тутилган. Давлат ёшларни интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатларини шаклланишини ҳам қўллаб-қувватлайди. Шу билан биргаликда, ёшларга ғамхўрлик қилиш давлат ва жамият мажбурияти сифатида қаралади.
Турли вазиятларда инсонларда баъзида юридик ёрдам олишда ҳар хил қийинчиликлар юзага келади. Шу қийинчиликларни бартараф этиш мақсадида адвокатлик институтини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бизга маълумки, амалдаги Конституцияда Прокуратура ва суд тизимлари учун алоҳида боблар мавжуд. Лекин адолат ҳимоячиси бўлган адвокатлар ҳақида ҳеч қандай норма йўқ эди. Ҳуқуқий давлатдан фуқаролик жамиятига ўтишда адвокатлик институтининг роли муҳим. Бу модданинг киритилиши халқимизнинг ҳуқуқий онг ва тафаккурини, ҳуқуқий маданиятини оширишга хизмат қилади. Амалдаги қонунчиликда қонун олдида ҳамма тенг эканлиги кўрсатиб ўтилган. Лекин, фуқаролар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш учун ҳам давлат айбловини қўлловчи прокуратурага бориб, мурожаат қилишган. Ваҳолангки, фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот бу — адвокатура ҳисобланади. Тўғри, прокуратура ҳам қонунийликнинг бир хилда амал қилинишини назорат қилувчи ташкилот ҳисобланади. Лекин прокуратуранинг асосий вазифаси давлат айбловини қўллашдир. Аҳолиси 36 миллиондан ошаётган Ўзбекистонда 4500 га яқин адвокатнинг фаолият юритиши паст кўрсаткич ҳисобланади. Баъзи мамлакатларда ҳатто 8-10 кишига битта адвокатнинг тўғри келиши кузатилаётган бир пайтда адвокатларга эҳтиёжнинг яққол сезилаётганини кўрамиз.
Ҳар қандай шахс ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонида қўлга олинганда ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга чақирилганда бироз ўзини йўқотиб қўйиши, стрессга тушиш ҳолатлари кузатилиши бор гап. Бундай вазиятларда фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адвокат ёрдамини таъминлаш муҳим ўрин тутади. Бундай вазиятларда адвокат шахсга кўмакчи сифатида юридик ёрдам бериши ҳуқуқий маданиятнинг энг юқори бўғини деб кўрсатилган”.


— Янги таҳрирдаги Конституцияда суриштирув, тергов ва суд жараёнида инсон ҳуқуқларига оид 9 та энг муҳим кафолатлар:
Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт.
Шахс ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Айбдорликка оид барча шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак.
Агар шахснинг ўзига қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас. Шахс ўзига ёки яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас. Шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Ҳибсга олиш, қамоққа олиш ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади.
Ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон ва бошқа хабарлар сир сақланишини чеклашга ҳамда уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ фақат суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар бир фуқаронинг малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.


Умида Ҳақбердиева
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *