Янгиланаётган Конституция – юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси матни эълон қилинди. Унга кўра, амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритиш, моддалар сонини 128 тадан 155 тага ошириш режалаштирилган. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, асосий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси чоғида фуқароларимиздан 220 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган бўлиб, ушбу таклифларнинг аксарияти лойиҳада ўз аксини топган.

Адвокатлар ҳуқуқларининг Конституция даражасида белгиланиши уларнинг жамиятдаги мавқеини оширишга хизмат қилади. Қолаверса, фуқароларнинг адвокатларга нисбатан ишончини янада мустаҳкамлайди. Бир сўз билан айтганда янгиланаётган Конституцияга кўра, адвокатура ҳам суд ҳамда прокуратура каби Конституциявий мақомга эга бўлмоқда. Бу бир томондан адвокатларнинг нуфузи ҳамда масъулиятини оширса, иккинчи томондан эса фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Жумладан, асосий қонунимизга инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга хизмат қилувчи адвокатура тизимига оид янги бобнинг киритилаётгани ҳам муҳим тарихий воқеадир. Мазкур боб орқали адвокатларнинг ҳуқуқлари ваколатлари кенгайтирилмоқда. Энг асосийси, бу янги боб жойлардаги учрашувлар, мулоқотлар давомида мутахассислар ҳамда халқимиз томонидан билдирилган таклифлар асосида шакллантирилди.
Хўш, юртимизда фаолият юритаётган адвокатларнинг мазкур боб хусусидаги фикрлари қандай?


Мақсуддин Сирожиддинов,
адвокат:

– Биз шу жиҳатни анча йиллардан бери орзу қилиб, умид билан кутган эдик. Шу билан бирга ушбу бобнинг киритилишига ҳаракат ҳам қилдик. Конституцияда бевосита адвокатлар мақоми эга бўлган боб ва моддалар бўлишини хоҳлаган эдик. Биз шу орзуимизга етдик, деб ўйлайман. Ҳозирги кунга келиб, ушбу бобнинг лойиҳага киришининг ўзи ҳам биз учун катта ютуқ, катта бир шижоат, дейиш мумкин. Суд жараёнидаги тенглик тўғрисида фикрлар юритилар эди. Мен энди шу тенгликни амалдаги қонунчилик билан мустаҳкамлаш билан бирга Конституцияда ҳам белгилаб қўйилмоқда. Бу бизга нима беради. Авваламбор, бирор бир фуқаро бошига ташвиш тушганида, у ўз ҳуқуқи сифатли, малакали ва шу билан бирга ишончли ҳимоя қилинишини истайди. Ишончли ҳимоя қачон амалга ошади? Биз албатта, малакали ёрдам кўрсатишимиз мумкин. Лекин фуқарога ишончли ёрдам керак бўлган бир пайтда, адвокатнинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлиб турса, ишончли ҳимоя ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Ишончли ҳимояни амалга ошириш учун эса, қонун ишлаши керак.
Суд жараёнида адвокатнинг мавқеи прокурор билан тенгма-тенг бўлиши керак. Адвокатнинг фикрлари, у келтирган далиллар иккинчи даражали, деб қаралмаслиги лозим. Адвокатнинг фаолиятига эса ҳеч ким аралашмаслиги шарт. Ана шу каби қоидалар янгиланаётган Конституцияда белгилаб қўйилмоқда.


Валишер Давлатов,
ТДЮУ кафедра мудири, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори:

– Адвокатура номли иккита яхлит моддадан иборат боб киритилмоқда. 1-модда адвокатура институтининг асосий вазифалари, унинг фаолиятини ташкил этиш ва фаолиятини асосий принципларига бағишланган бўлса, 2-моддаси эса бу адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва давлат томонидан муҳофаза этилишига бағишланган. Жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатлик фаолияти қонунийлик,
мустақиллик ва ўзини-ўзи бошқариш принципларига асосланиши қатъий қилиб белгиланмоқда. Яна бир муҳим нормалардан бири – бу адвокатлик фаолиятига аралашиш қатъиян тақиқланиши, адвокатлар ўзига ишонч билдирувчи шахслар билан ҳоли, тазиқ ёки чекловларсиз исталганча кўриш мумкинлиги ҳақидаги Конституциявий норма ҳам белгиланмоқда.
Конституцион ислоҳотлар жараёнида кутилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар таълим тизимидаги ислоҳотларни ҳам янада жадаллаштириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади. Хусусан, 41-моддага киритилаётган қўшимчалар мамлакатимизда таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.


Умида Раҳмонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

– Бугун Қонунчилигимиз билан тартибга солинган мактабгача ва мактаб фаолияти Конституцияда ўзининг бугунги кундаги истиқболини топмаган эди. Янгиланаётган Бош Қомусимизда эса нафақат давлат таълим ташкилотлари, балки нодавлат таълим ташкилотларида ҳам бир хил имконият яратиб бериш давлат томонидан кафолатланиши ва давлат таълими ҳам ҳар иккита йўналишда ҳам давлат назоратида бўлиши қатъиян белгилаб қўйиляпти. Бу нима беради? Бу албатта, фарзандларимиз келажаги ва уларнинг ривожланиши, қолаверса, мамлакатнинг ривожланиши учун бугунданоқ тамал тоши қўйилганлигини кўрсатади.


Сўнгги йилларда мактабгача таълим ташкилотларидаги 20 фоиздан юқори бўлган қамровимиз 72 фоиздан юқори натижага кўтарилди. Ҳар йили дунё рейтингида мактабгача таълимга қамров даражаси бўйича энг илғор мамлакатлар рўйхати эълон қилинади. Амалдаги ислоҳотлар натижасида мана шу рейтингда 1-ўринни эгалладик. Ва мактаб таълимида ҳам худди шундай натижаларга эришиб боряпмиз. Биз таълимни, тарбияни Конституциямиз орқали ҳам мустаҳкамлаб қўйсак, ана шунда қўяётган қадамларимиз залворли, кўзлаган натижаларимиз ҳам албатта ўз самарасини беради.
Амалдаги Конституциямизнинг 41-моддасидан фарқли ўлароқ киритиладиган ўзгаришлар билан давлатнинг узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотларини ривожлантириши, мактабгача таълим ва тарбияни ҳамда бошланғич профессионал таълимни кафолатлаши, шунингдек, алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбияни таъминлаш белгиланмоқда.
Давлат дастурига кўра, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да маориф соҳасида қатор ишлар амалга оширилади. Жумладан, 2023 йил 1 апрелдан мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида кўп хонадонли уйларнинг нотурар уйларида ва якка тартибда қурилган уй-жойларда янги муассасаларни ташкил этиш, жорий йил сентябрдан ҳар бир туман ва шаҳардаги битта мактабда ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиётини йўлга қўйиш каби ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Бош Қомусимизнинг 41-моддасига киритилаётган қўшимчалар эса таълим бериш ва касб-ҳунарга ўқитишнинг сифат жиҳатидан янги даври учун мустаҳкам қонун асос бўлиб хизмат қилади.
Бош қомусимизнинг 19-моддасига ҳам ўзгартириш киритилаётган бўлиб, ушбу моддани ўзгартириш билан давлат ва фуқароларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.
Айтиш жоизки, ҳар бир давлат ўз фуқаролари билан муносабатга киришар экан, алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Масалан, давлат фуқаролар учун хавфсизлик, фаровонлик, тинчлик ва яхши ҳаёт кечириши учун шарт-шароитлар яратиб бериш каби мажбуриятларга эга бўлса, фуқаролар қонунларга бўйсуниш, бурч ва мажбуриятларини бажариш каби масъулиятни ўз зиммасига олади. Янги таҳрирдаги Конституцияда ушбу принциплар алоҳида белгиланяпти. Бунда асосий урғу инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига қаратилмоқда. Мисол учун, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши белгиланмоқда.


Шерзод Зулфиқоров,
юридик фанлари доктори, профессор:

– Бизни ҳозирги кундаги энг асосий ислоҳотларимизнинг моҳиятида ҳам инсоннинг фаровон ҳаёти учун, жамиятда ўзини эркин ҳис қилиши, ҳаракатланиши учун барча шарт-шароитларни қилиб бериш масаласи ётади. Барча ҳам ўзига яратилган ҳуқуқларни қонун доирасида фойдаланмайди. Бу ҳолатда давлат тегишли қонун доирасида унинг қилган хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришга мажбур бўлади. Илгари бирданига қатъий жазо чораси қўлланилар эди. Бугун эса имконият яратиш масаласи назарда тутиляпти. Ҳуқуқий баҳо беришда ҳам давлат фуқаронинг манфаатларини устун қўйиб, шароит яратиб бериш имкониятларини кўриб чиқади. Ва шу орқали биз ҳуқуқий бир мақом яратиб беряпмиз. Мана шундан келиб чиқиб, Конституциямизнинг 19-моддасига киритилаётган ўзгартиришда ҳам айнан шу қоидалар Конституциявий нуқтаи назардан устуворлик аҳамият касб этмоқда.


Ҳуқуқий давлатда барча муносабатлар аниқ қоидалар билан тартибга солинган бўлиши керак. Аммо ҳаётда шундай вазиятлар бўлиши мумкинки, давлат ва инсон ўртасидаги айрим муносабатларнинг ечими қонунчиликда кўрсатимаган бўлади ёки турлича талқинлар сабаб ноаниқликларга олиб келади. Мана шундай ҳолатларда муаммо кимнинг фойдасига ва қандай тартибда ҳал этилиши муҳим аҳамият касб этади. Конституцияга киритилаётган ўзгаришга кўра, эндиликда мана шундай бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.


Баҳодир Исмоилов,
юридик фанлари доктори, профессор:

– Бу ерда гап тадбиркорлик соҳасида бўлиши мумкин ёки давлат органлари билан боғлиқ маъмурий муносабатларга киришиш пайтида қайси бир ҳужжат бор, эълон қилинмаган, қайсидир қоида ўрнатилган ёки ўрнатилмаган бўладиган бўлса, бундай ҳолатда давлат шахснинг манфаатларидан келиб чиқиб ҳал қилиши керак, деган ғоя назарда тутилмоқда. Шунингдек, ноқонуний қурилишлар экология ва атроф-муҳитга таъсир қилувчи бошқа фаолият турларининг зарарли таъсирларининг олдини олишнинг самарали механизми сифатида шаҳарсозликда жамоатчилик назорати ўрнатилишини Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйиш таклиф қилинмоқда. Конституциямизга янги норма 40 прем-2-модда киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган янги нормага кўра, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, атроф-муҳитга хўжалик фаолиятининг ва бошқа фаолиятнинг зарали таъсир кўрсатишига йўл қўймаслик маҳсудида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари эса қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши аосий қонунимизд акс этади.


Бекзод Наримонов,
Конституциявий комиссия эксперти,
ТДЮУ кафедра мудири:

– Бу норма нафақат янги қурилаётган бино-иншоотлар ҳақида маълумотга эга бўлиш, балки уларнинг қурилишидан аввал лойиҳа шакллантирилаётган пайтдаёқ уларга ўзининг муносабатини билдириши, экотизимга қанчалик зарар келтириши бўйича фуқарлик позициясини баён қилиш бўйича жуда кенг қамровли ишлар бошланишидан дарак беради. Албатта, бу ерда шаҳарсозлик нормаларига риоя этиш деганда, нафақат экологик ҳуқуқлар нуқтаи назаридан, балки фуқароларнинг эмин-эркин ҳаракатланиши, қулай шарт-шароитларда яшаши, ҳуқуқлардан фойдаланишида тадбиркорлар ёки маҳаллий ҳокимият органлари томонидан шаҳарсозлик нормаларига риоя қилишини тақозо қилади.


Қурилиш ишларини олиб боришда инсонлар ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган шаҳарсозлик нормаларига тўғри келмайдиган ҳолатларнинг олдини олиш талаби қонунчиликни янада мустаҳкамлашни тақозо қилмоқда. Маълумотларга қараганда, 2021 йил декабр ҳолатига 123 та шаҳарсозлик ҳужжати жамоатчилик муҳокамасига киритилган бўлиб, шундан 109 таси муҳокамадан ўтган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш соҳасига ахборот коммуникация технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат шаҳарсозлик кадастри географик ахборот тизими тест режимида ишга туширилган. Мазкур геопорталга мамлакатдаги 213 та шаҳар ва шаҳарчаларнинг бош режалари, 595 та ҳудудни архитектуравий режалаштиришни шакллантириш лойиҳалари, 16 та ҳудудни батафсил режалаштириш лойиҳалари, жами 824 та шаҳарсозлик ҳужжати жойлаштирилган. Шунингдек, фуқароларга мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш ва мурожаатлар юзасидан “Огоҳ фуқаро” тизими ҳам тест режимида ишламоқда. Мазкур платформа орқали ҳар бир фуқаро қурилаётган объектлар ҳақида мустақил тарзд ахборот олиши, ноқонуний қурилишларни аниқлаши, иншоотларда аниқланган қоидабузрликларни фото ҳамда видео материаллар кўринишида қайд этиб, уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориши мумкин. Бунинг учун иловани қурилиш вазирлиги расмий сайтидан ва бошқа интернет манбалари орқали юклаб олиб, фойдаланиш мумкин. Бу платформа ўзи яшайдиган ҳудуд, умуман юртига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро учун хизмат қилади. Бош Қомусимизга киритилиши режалаштирилаётган янги норма эса бир қатор хорижий давлатлар Конституцияларида ҳам мавжуд бўлиб, бундай ўзгаришнинг киритилиши келажакда кенг жамоатчилик ва фуқароларга ҳар қандай қурилиш объектларининг қонунчилигимизга мувофиқлигини назорат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди.

Ш. Зуфарова
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *