Янгиланаётган Конституция:
Судлар фаолияти давлат бюджетидан молиялаштирилади

Айтиш жоизки, мазкур қоида билан чинакамига судларнинг мустақиллигига ҳамда қабул қилинаётган қарорларнинг қонуний, шу билан бирга одилона тарзда қабул қилинишига эришилади. Унинг Бош Қомусимизда мустаҳкамланиши, келгусида турли важлар билан судларни қўлга олиш, уларга таъсир ўтказишга бўлган ҳар қандай ҳаракатларни йўққа чиқарилишини таъминлайди.

Судьялар олий мактаби доценти
Дилмурод Ортиқов:

– Бизда 2017 йилга қадар судларни молиялаштириш ҳокимият тизимига боғлаб қўйилган ва ўша ижро ҳокимияти томонидан судлар молиялаштирилган. Бу эса, албатта ишларнинг холис кўриб чиқилишига салбий таъсир, кўрсатган. Дейлик, маъмурий судлар мисолида айтадиган бўлсам, маъмурий судларда асосий жавобгар давлат органлари ҳисобланади. Давлат органларининг аксарияти – бу ижро этувчи ҳокимиятдир. Ижро этувчи ҳокимият жавобгар бўла туриб, айнан ижро этувчи ҳокимият судларни молиялаштирадиган бўлса, бу албатта, ишнинг холис кўрилишига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг айнан 140-моддасида судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджети ҳисобидан қопланишининг белгиланиши бу айнан судлар мустақиллигини таъминлашда асосий конституциявий ҳуқуқий асос бўлади. Конституцияга мана шу норманинг киритилишининг иккита муҳим жиҳати бор. Биринчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мустақил суд тизими шаклланади ва мустақил суд тизимининг энг устувор вазифаси бу албатта, молиявий мустақиллик. Иккинчидан, халқаро ҳамжамиятда ҳуқуқ устуворлиги индексидаги ўрнимиз ошади. Яъни, Ўзбекистоннинг бу соҳадаги нуфузи яна-да ортади. Сабаби, ҳуқуқ устуворлиги йўналишларидан энг муҳими айнан суд мустақиллиги ҳисобланади. Конституцияда бу норманинг белгиланиши, келажакда ҳам судлар молиявий мустақиллигини бардавом бўлиши ва мана шу судларни Конституцияда белгиланган асосий инсонлар ҳуқуқларини доимо тарзда ҳимоя қилишига замин яратади.


Янгиланаётган Конституция: шахсий сир, мулк ва ҳаёт дахлсизлиги

Конституциявий комиссия аъзоси
Зафар Худойбердиев:

  • Конституцияни давлат билан инсон ўртасидаги шартнома дейиш мумкин. Маълумки, ҳар қандай шартномада тарафларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланади. Агар янгиланаётган Конституцияда давлатнинг мажбуриятлари уч мартага ортаётган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари уч ярим бараварга ортмоқда. Шу нуқтаи назардан янгиланаётган Конституцияни чинакам инсон қадрини улуғлайдиган бош ҳужжатга айланаяпти, десак янглишмаймиз.
    Инсоннинг шахсий ҳаёти муқаддас тушунчага айланмоқда! Биргина 31-моддага эътибор қаратсак, унда ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ўзининг шахсий ҳаёти ва оилавий сирини ҳимоя қилиши, ўз мулкига эга бўлиши ва унинг дахлсизлигига ўзга шахсларнинг тажовузидан хавотирсиз ҳаёт кечириши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
    Кейинги йилларда телекоммуникация тармоқлари ва ахборот технологиялари ривожлангани сари ахборот ва маълумотларни узатиш, тарқатиш жараёнлари осонлашди ва халқ ичида оммалашди. Ҳозирги кунда 30 миллиондан ортиқ юртдошларимиз мобил алоқадан фойдаланади.
    Бугун ижтимоий тармоқ ва интернет сайтларида шахснинг шахсий ва оилавий сирига оид маълумотлари, минг афсуски, унинг розилигисиз олиниши, тарқатилишига гувоҳ бўляпмиз. Натижада кўпчилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз шахсий ҳаётига, шахсига оид маълумотларнинг тарқалишига оид ҳуқуқбузарликдан жабр кўрмоқда.
    Бундай шароитда фуқароларнинг шахсий маълумотлари, ёзишмалари ва биометрик маълумотларини сақлаш ва тарқатилишида ташқи таъсирлардан ҳимоя зарурати юзага келмоқда. Шу нуқтаи назардан Конституцияда дахлсизлик ҳуқуқи сифатида шахсий, оилавий сир ва маълумотларнинг ноқонуний тўпланиши ва тарқалиб кетиши чекланмоқда.
    Шунингдек, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар сир сақлан-иши ҳуқуқи берилмоқда. Бу ҳуқуқнинг чекланишига эса фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши кўзда тутилмоқда.
    Эндиликда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига ҳам эга бўлмоқда.
    Сир эмаски, бир неча йиллардан буён жамиятим-изда ўткир муаммолардан бирига айланган “снос” билан боғлиқ муаммо долзарблик касб этаётган эди. Бунга оқилона ечим сифатида ҳеч ким суднинг қарорисиз уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳамда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши ҳам мустаҳкамланмоқда. Янгиланаётган Конституциянинг халқимиз томонидан қўллаб-қувватланиши бу борадаги муаммоларга ҳам барҳам беради.

Юридик фанлари доктори, профессор
Феруза Муҳиддинова:

  • БМТ томонидан 2011 йилда интернетда шахсга тегишли бўлган маълумотларни ҳар бир давлат ҳимоя қилиши ҳам киритилган. Демак, бу жаҳон тажрибаси. Бундан ташқари, Европа давлатлари, дейлик Испания, Германия Конституцияларида ҳам ҳар бир шахсга тегишли бўлган маълумот унга тегишли бўлганлиги ва ҳеч бир фуқаро ушбу маълумотлардан нотўғри фойдаланишга, тарқатишга ҳаққи йўқлиги айнан қонунан ифодасини топган. Ўйлайманки, бугун бизнинг мана шу шахсга тегишли бўлган маълумотларимиз, телефонда сўзлашувларимиз бўладими ва бизнинг ўша ижтимоий тармоқдаги фикр-таклифларимиз бўладими, буларнинг барчаси бугунги кунда Конституциявий кафолат билан белгиланмоқда.

ТДЮУ кафедра мудири Шоҳжаҳон Хўжаев:

  • Ҳар бир шахс уй-жой дахлсизлигига эга эканлиги мустаҳкамланмоқда. Яъни бирон-бир шахснинг турар-жойига фақат шу ерда яшовчи шахсларнинг розилиги билан кириш мумкин. Шу жумладан, уй-жойда тинтув фақатгина суднинг қарори билан амалга оширилиши белгиланмоқда. Амалда бу қоида прокурор санкцияси билан амалга оширилади. Албатта, бу каби аралашув энди фақат суднинг розилиги билан амалга оширилади. Яъни судга нима асосда мазкур фуқаронинг уй-жойи текширилиши лозимлиги ҳақидаги ҳужжатлар тақдим этилади ва агар асослар ҳақиқатдан ҳам қонуний, зарур бўлса, шундагина текширув ўтказишга йўл қўйилади.
    Айтиш жоизки, янгиланаётган Конституцияга киритилаётган бу каби нормалар шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш билан бир вақтда маълумотларни ҳаққоний ифодалашга шароит яратади.

Янгиланаётган Конституция: интернет эркинлигининг асосий шартлари


Бугунги кунда рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологиялари ривожи бу тарақиётга эришишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Бу нафақат давлат ва жамият бошқарувини такомиллаштиради, балки ижтимоий соҳаларда ҳам одамларга катта қулайликлар яратади. Бугун қаерда рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат тизими жорий этилган бўлса, шу ерда аҳолининг оғири енгил бўлмоқда. Жумладан, ортиқча харажатларни қисқартириш, вақтни тежаш имкони яратилди. Яна бир муҳим афзаллик – ушбу тизим коррупцияга чек қўяди. Янгиланаётган Бош қомусимизда ҳам рақамли технологиялар соҳасига дахлдор қатор ўзгаришлар бор.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Дониёр Ғаниев:
– Қабул қилиниши кутилаётган Конституцион лойиҳада фуқароларга интернетдан фойдаланишга имконият яратилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни 33-моддага алоҳида норма сифатида киритиляптики, нафақат интернетдан фойдаланиш бу фуқароларнинг ҳуқуқи, балки бундан кейин давлат томонидан фуқаролар тезлиги юқори бўлган интернет тизимидан фойдаланишга имконият яратилиши мажбурият сифатида белгиланмоқда.


AMITY университети ректори
Бобур Абдуллаев

– Конституциямизга киритилаётган ўзгартиришларнинг асосий моҳияти Ўзбекистонда бўлаётган сўнгги йиллардаги ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. Масалан, айнан рақамлаштириш соҳасига оид моддага киритилаётган ўзгаришга кўра, давлат фуқароларнинг интернетга бўлган эҳтиёжини қондиради. Бу жуда муҳим модда ҳисобланади ва ўйлайманки, Янгиланаётган Конституциямизга киритилаётган бу каби ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ривожланиши, демократик ислоҳотларнинг ривожи учун ўз ҳиссасини қўшади.

Янгиланаётган Конституция:

ўқитувчиларнинг шаъни, қадр-қиммати давлат ҳимоясида
Янгиланаётган Конституцияга киритилаётган ўзгаришлардан яна бири педагоглар фаолияти билан боғлиқ. Жумладан, 52-моддада “Давлат ўқитувчиларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади”, — деб қатъий белгилаб қўйилмоқда.
Тошкент шаҳар Яшнобод тумани 155-сонли умумтаълим мактабининг Маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гўзал Бобоева:
– Конституцияга ўқитувчилар билан боғлиқ модда киритилаётганини — жамиятда ушбу касб эгаларига нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган қадам, дея баҳолаш мумкин. Чунки таълим сифатининг пасайиши — ўқитувчининг меҳнати қадрсиз бўлгани билан бевосита боғлиқдир.
Мустақилликнинг дастлабки машаққатли йилларидан бошлаб ижтимоий соҳа вакиллари, хусусан ўқитувчиларнинг обрўси ва мавқеи сезиларли даражада тушиб кетди. Ойлик маошлари, иш шароитлари ҳаминқадар бўлганининг устига уларни турли қўшимча юмушлар билан ҳам банд қилиниши ҳам кузатилди. Бундай шароитда ишлайдиган ўқитувчи сифатли таълим бериши мумкинми?
Ишонч билан айтишимиз мумкин-ки, бу борада сўнгги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, ўқитувчилар мажбурий меҳнат – пахта терими, ободонлаштириш ишларига жалб қилинишдан халос қилинди. Таълим даргоҳларидаги ортиқча қоғозбозликка ҳам чек қўйилди. Қонунчиликда белгиланган 6 та иш ҳужжатидан бошқа ҳисобот ва тақвимлар юритилиши қатъиян ман қилинди. Юксак салоҳиятли ўқувчиларни тайёрлаш маънавий бой ва интеллектуал ривожланган авлодни шакллантириш мақсадида Президент, ижодий ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, таълим сифатининг илғор андозалари қўлланилмоқда.
Қоғозбозликдан озод қилиш, ҳисоботларни қўлда ёзиш, ҳар бир дарс бўйича ҳар йили қайта-қайта кўчириладиган дарс режаларини такроран ёзиш ва ҳоказоларга чек қўйиш учун “Kundalik” электрон таълим платформаси кенг жорий қилинди.
Ва, энг асосийси, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари муттасил оширилмоқда. Умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ой қўшимча 20 фоиздан 50 фоизгача устама тўланади. Ўқитувчиларга имтиёзли истеъмол кредитларини бериш, олис ҳудудларга бориб ишлаётган юқори малакали педагоглар учун устамалар белгилаш жорий этилди.
Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналари ва «Болалар кутубхоналари» ходимларининг лавозим маоши миқдори 1,2 бараварга оширилди.
Мазкур норма давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг педагогларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг меҳнатга мажбурланишига, таълим-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай шаклларига, ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўришга хизмат қилади.
Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 685 мингдан ортиқ ўқитувчиларни давлат томонидан профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланишини кучайтирилиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми ҳамда обрўсини янада оширишга олиб келади.
Ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини таъминлаш каби вазифаларни Конституцияда белгилаб қўйилиши болаларимизнинг сифатли, замонавий таълим олишига, фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилади. Ўқитувчиларнинг аксарияти бюджетдан маош оладиган инсонлардир. Уларни маҳаллий амалдорлар яна текин хизматкорга айлантириб қўймаслиги учун ҳам ушбу норма жуда муҳим. Конституция орқали уларнинг мақоми оширилиши ўқитувчиларга бўлган эҳтиромни ва ушбу касбнинг қанчалик қадрли эканини кўрсатади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *