Ҳаво ифлосланиши кўрсаткичлари қандай ишлайди?

Бугун инсоният кундан-кунга тараққий этмоқда. Урбанизация ва саноатлаштириш ўсмоқда ва бу ҳол замонавий ҳаётнинг натижасидан. Бироқ саноат қанчалик ривожланмасин унинг атроф-муҳитга зарари ҳам шу тарзда ошиб бормоқда. Бу инсоният учун катта хавф туғдираётган ва айни пайтда глобал масалага айланган муаммодир. Ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ ҳал қилиш ва ушбу йўналишдаги стратегияларни аниқлаш учун кўплаб маҳаллий ва хорижий ташкилотлар ишламоқда.

Жумладан, Ўзгидромет Тошкент шаҳри ҳавоси кўрсаткичлари, атмосфера ҳавоси ифлосланиши тўғрисида маълумотларни эълон қилди. Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси кузатувлари шаҳарнинг 8 та туманида жойлашган 13 та кузатув пунктида амалга оширилади. Пунктлар шаҳар шароитидан келиб чиққан ҳолда, турли функционал ҳудудларда, яъни турар жой, саноат, автомобиль йўллари олдида жойлаштирилган. Ҳаво ифлосланиши чанг, олтингугурт диоксиди, азот диоксиди, карбонат ангидрид, фенол, фторли водород, аммиак ва шу каби оғир металлар кўрсаткичлари бўйича аниқланади. Бунинг учун кузатув постларидан маълумотлар якшанбадан ташқари ҳар куни соат 7:00, 13:00, 19:00да ҳаво намуналари олинади.

Aтмосфера ҳавоси ифлосланиши даражасининг интеграл кўрсаткичи – бу атмосферанинг ифлосланиш индексидир (AII). У энг кўп миқдорда мавжуд бўлган 5 та модда бўйича ҳисобланади.

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси стационар ва кўчма манбалардан ажралиб чиқадиган зарарли моддалар миқдорига боғлиқ. Ҳавога зарарли моддалар чиқарадиган асосий манбалар автотранспорт, саноат корхоналари, қозонхоналар, металлургия конларидир.

Натижалар шуни кўрсатадики, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида азот диоксиди, углерод оксиди, Яшнобод туманида чанг, углерод оксиди, азот оксиди, Мирзо Улуғбек туманида кўпроқ чанг, азот ва углерод диоксидлари, Чилонзорда азот диоксиди, Миробод туманида фенол, азот диоксиди, Сергелида формалдегид ва азот диоксиди бир марталик максимал миқдори рухсат этилган меъёрлардан юқори эканлиги қайд этилган.

Умида ҲАҚБЕРДИЕВА

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *