LOCATION: Мактабларда иситиш тизими Қандай?

Мамлакатимизга кириб келган аномал ҳаво оқими барча тизимлар сингари таълим соҳасига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Зарур эҳтиёт чоралари кўрилса-да, иситиш тизимидаги қатор камчиликлар сабаб таълим даргоҳларида таътил муддати узайиб кетди. Жумладан, 11 январь санасида бошланиши керак бўлган III чорак дарслари босқичма-босқич 23 январь санасидан йўлга қўйилди. Ҳозирда пойтахтимизда мавжуд 335 та таълим муассасасидан 309 тасида узлуксиз таълим йўлга қўйилди. Қолган мактабларда эса иситиш тизимларидаги муаммолар бартараф этилгунга қадар вақтинча масофавий таълим жорий қилинган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўқувчилар таълим оладиган синфхоналарда ҳаво ҳарорати +18 даражадан паст бўлмаслиги лозим. Талаб доирасида иссиқлик таъминланмаган мактабларда мавжуд муаммо бартараф этилгунга қадар онлайн таълимни таклиф этишмоқда.

Ижодий жамоамиз билан мактабларда мавжуд шароитларни ўрганиш мақсадида йўлга отландик. Бизнинг илк манзилимиз пойтахтимизнинг Юнусобод туманида жойлашган 96-мактаб бўлди.

Мактаб биносига кирганимизда танамизга илиқлик югурди. Ўқувчилар енгил мактаб формасида бош кийимсиз бемалол юришибди.

Фойеда бизни мактаб директори Дилафрўз Мағрупова кутиб олди.

– Бу йилги аномал совуқ мактаб фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказди. Шуни ҳисобига таътил муддати чўзилди. Таътил вақтида ҳам ўқитувчилар ўқувчилардан хабар олиб турди. Ва ниҳоят, 23 январь болаларимизни ўқишга қабул қилиб олдик. Мактаб раҳбари сифатида ота-оналар билан гаплашганимда давомат паст бўлади, деб ўйлаган эдим. Аммо натижа мен кутгандан анча яхши бўлди. Синфхоналаримиз илмга чанқоқ ўқувчи ёшлар билан тўла. Ҳокимлик ҳамда туман халқ таълими бўлими ходимлари ҳам ўз ёрдамларини аяшмаяпти. Иссиқлик босими кунлик назоратда ушлаб турилибди. Эътироф этиш жоизки, мактабимизда энг тушиб кетган босим 14-15 даража илиқни ташкил этди. Бугунги кунда эса бу кўрсаткични 18-20 даражагача кўтаришга муваффақ бўлдик. 331-МТТ билан биргаликда локал қозонхонадан фойдаланган ҳолда ҳароратни меъёрда ушлашга ҳаракат қилаяпмиз.

Мактабда дарслар анъанавий тарзда ўтказилаётганидан хурсандман. Чунки, online дарслар кўпроқ талабалар учун тўғри келади, деб ўйлайман. Сабаби, мактаб ўқувчиси, барибир, ўйинқароқ бўлади. Агар назорат қилинмаса, дарсни истаган вақтида тайёрлаши ёки умуман тайёрламаслиги ҳам мумкин.

Режага кўра, кейинги манзилимиз Бектемир туманида жойлашган ва ҳозирги кунда online дарс машғулотлари олиб борилаётган 347-мактаб эди. Афсуски, мактаб директори Гулноза Алимовнанинг ташрифимизга рад жавобини берганлиги сабабли сафаримиз бошланмасдан ниҳоясига етди. Телефон орқали қисқагина мулоқот давомида шу маълум бўлдики, бугунги кунда мактабни узвий таълимга ўтказиш мақсадида туман халқ таълими бўлими ишчи гуруҳи аъзолари кун-у тун ҳаракатда экан. Ва яқин кунларда ушбу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини беришига умид қилинмоқда.

Шундан сўнг Чилонзор туманидаги 79-умумтаълим мактабига йўл олдик. Бу ерда бизни мактаб раҳбари Асила Ҳамроева кутиб олди.

– Биз бугундан ўқувчиларни қабул қилдик. Сабаби, 23 январь ҳолатига кўра, иситиш тизимимиз талаб даражасида эмас эди. Чилонзор туман ҳокимлиги томонидан иситиш тизимлари бўйича амалий ёрдам берилди. Йўлак ва синфхоналаримиз ойналари селофан билан қопланди, хоналарга қўшимча иситиш мосламалари ўрнатилди. Ҳозирда синфхоналаримизда ҳарорат энг совуғи +11 C, энг иссиғи +16 C, +17 C ни ташкил этади. Аномал совуқ пайтида ҳам биз ўқишни тўхтатиб қўймадик. Ўқувчилар билан ZOOM платформаси орқали дарслар ўтиб борилди. Ҳозирги кунда мактабимиз икки навбатда, ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Ўқувчилар учун анъанавий таълим самарали ҳисобланади. Чунки ўқувчи кўриб, ҳис қилиб, ўқитувчи билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиб боради. Оnline дарс мактабдаги муҳитни бера олмайди. Бизда 21 нафар биринчи тоифали, 18 нафар иккинчи тоифали ўқитувчилар таълим бериб келади. Биз ўқувчиларни кутиб олишга тайёрмиз.

Мазкур тумандаги 173-мактаб раҳбари Зулайҳо Камолова ҳам мактабдаги мавжуд шароитлар ҳақида маълумот берди:

– Мактабимиз 1962 йилда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда иссиқлик тизими марказлашган тизим асосида олиб борилади. Куз ва қиш мавсуми учун бизда тайёргарлик яхши амалга оширилган. Анъанавий таълимга қайтишимиз учун туман ҳокимлиги томонидан иссиқлик тизимидаги носозликлар бартараф этилди. Ҳозирги кунда бизнинг мактабда 982 нафар ўқувчи таҳсил олади. Синфларимизда давомат яхши. 24 январь куни 75% ўқувчи келган бўлса, ҳозирги ҳолатга кўра 85% ўқувчи келди.

Умида
Ҳақбердиева
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *