LOCATION: Пойтахт йўлларида

Кундан кунга чирой очиб бораётган пойтахтимиз Тошкентда, умуман республикамизда инсон қадрини улуғлаш, фуқаролар яшаш шароитини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, пойтахт йўллари кенгайтирилиб, жамоат транспортлари ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этилди. Хўш, бу чора-тадбирлар пойтахтимиз аҳолиси учун қанчалик қулай бўлди? Соҳа ходимларининг бу борада фикрлари қандай?

Ижодий жамоамиз билан ушбу саволларга жавоб излаб йўлга чиқдик. Саёҳатимизга Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги Ахборот хизмати раҳбари подполковник Қаҳрамон Худайберганов ҳамроҳлик қилди.

– Қаҳрамон ака, йўл патрул хизмати ходимларининг фаолиятларида сўнгги йилларда қандай ишлар амалга оширилди?

– Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ҳам бошқа соҳалар сингари кўплаб қарор ва қонунлар қабул қилинди. Тизимда бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган 2022 йилнинг февраль ойида юртбошимиз томонида ўтказилган танқидий йиғилишдан сўнг, бир қатор соҳада изчил ишлар амалга оширилди. Айниқса, Тошкент шаҳрида жамоат транспортларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда пойтахтимиз аҳолиси кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида транспорт воситаларининг кўпайишига ҳамда жамоатчилик транспортига бўлган эҳтиёжнинг ортишига олиб келади. Бундан 5 йил олдин пойтахтимизда 300 мингдан ортиқ транспорт воситаси рўйҳатдан ўтган бўлса, бугунгги кунда бу кўрсаткич 600 мингдан ортди. Республика махсус комиссиясининг 3-баёнига асосан пойтахтнинг Кичик халқа айланма йўли ва унинг кўчаларида 60 тезликда ҳаракатланиш белгиланди. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳар Ички Ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан бу манзилларда фото ва видео қайд этиш ускуналари ва махсус тезликни чекловчи йўл белгилари ўрнатилмоқда. Транспорт воситасини бошқариш жараёнида ҳайдовчилардан тезликни оширмасликни, белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишларини сўраб қоламиз.

– Сўнгги пайтларда вояга етмаганлар билан содир бўлаётган турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Йўлларда болалар билан боғлиқ авария ҳолатларининг олдини олиш мақсадида амалдаги қонунчиликка мувофиқ 30 тезликда ҳаракатланиш белгиланган. Бундан ташқари, қўшимча чоралар ҳам жорий этилган. Бугунги кунда шаҳримиздаги 130дан ортиқ мактаблар серқатнов йўл бўйида жойлашган бўлиб, шу ҳудудларда ички ишлар ходимлари томонидан эрталаб ва тушлик вақтларида болаларнинг мактабга келиб кетишлари тўлиқ назоратга олинган. Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан вояга етмаганлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мактаблар ҳамда мактабгача таълим муассасалари ҳудудларида йўл ҳаракати хоналари, махсус майдончалар ташкил этилмоқда.

– Биламизки, йўл чизиқларини босиб ҳаракатланган ҳайдовчиларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилади. Лекин йўллар белгиланган сифат даражасида бўлмаса, масалан, йўл чизиқлари ўчиб кетган ҳолатларда ҳам жавобгарликка тортиладими?

– Албатта, йўл чиқизлари борасида ҳайдовчилардан турли эътирозлар келиб тушмоқда. Шу ўринда фуқароларимизга мурожаатим бор: агар қайсидир чорраҳада йўл чизиқлари ўчиб кетганлиги билан боғлиқ ҳолатлар аниқланса, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига мурожаат қилишлари мумкин.

Йўл-йўлакай Олой бозори қаршисида рейд тадбирларини олиб бораётган ЙПХ ходимларини учратдик. Баъзи бефарқ ҳайдовчилар томонидан тўхташ мумкин бўлмаган ҳудудда автомашиналарини қолдириб кетганликларини гувоҳи бўлдик. Албатта бундай ҳайдовчиларга тегишли чоралар кўрилди. Жамоат транспортлари учун ажратилган йўлларнинг фойдали жиҳатларини санаб турганимизда тадбиркор Хожакбар Расулов суҳбатимизга қўшилди:

– “Биз шу ерда анчадан бери тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келяпмиз. Биз учун бу жой жуда қулай эди. Бироқ, ишхонамизни олдидан ўтган йўлда жамоат транспорти учун алоҳида йўлларнинг ажратилиши бироз ноқулайлик туғдирмоқда. Олдин мижозларимиз машиналарини йўл четига қўйиб киришарди. Ҳозир машиналарини қўйиш учун жой йўқлиги ҳисобига келмай қўйишган. Ишхонани орқа тарафи аҳоли яшаш жойи бўлганлиги боис, у ерда ҳам жой йўқ. Фақат бир тарафни эмас бизни ҳам муаммоларимизни ўрганган ҳолда керакли қарор қилишларини мутасаддилардан сўрардик. Агар автобуслар шу йўлдан юришса ҳам, бемалол бир қатор машина жойлашади. Майли пуллик автотураргоҳ қуриб беришсин, майли йўлга қўйиш қанчадур вақт ичида мумкин бўлсин, биз тайёрмиз. Фақат биз – тадбиркорларни ҳам ўйлашлари керак. Шу ерда нечта тадбиркор бўлса, ҳаммада шу аҳвол. Ижара пулини ҳам зўрға топяпмиз. Мижозларимиз кескин камайиб кетишди.

Бир гуруҳ тадбиркорлар билан уларнинг мурожаатлари ҳақида гаплашиб турган пайтимизда ёнгинамиздан ўқдай бир нарса учиб ўтди. Не кўз билан кўрайликки, жамоат транспорти ўзига белгиланган йўлдан катта тезликда ҳаракатланмоқда. Йўлдан ўтмоқчи бўлган пиёданинг “капалаги учиб кетганидан” қайси тарафга юришини билмай қолди. Аҳолига қулайлик бўлиши учун яратилган шароитни суистеъмол қилиб, турли хавфли ҳолатларни келтириб чиқараётган айрим автобус ҳайдовчилари ҳатто ЙПХ ходимларини кўриб туриб ҳам тезликни пасайтиришмаётгани ачинарли ҳолат. Ижодий жамоамиз билан пойтахт йўлларидаги айрим ҳолатларни кўздан кечирдик. Фикрларимиз холис, хулоса ўзингиздан.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *