Пойтахтимизда

Олмазор туманида жойлашган A.Чўлпон ҳамда A.Қодирий номидаги кутубхонага Татаристон Республикаси Миллий кутубхонаси раҳбари Мадина Фатиховна Тимерзянова ва Галина Валентиновна Пичигина ташриф буюришди. Олмазор туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган ҳунармандлар кўргазмаси, Тошкент маданият ва санъат коллежи томонидан тайёрланган концерт дастури меҳмонлар томонидан илиқ кутиб олинди. Меҳмонларга туманда аҳолини, айниқса ёшларни китобхонликка қизиқтириш мақсадида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Сергели туманида яшовчи Ўзбекистон Ушу терма жамоаси аъзоси Хонзодахон Aбдуллаева Индонезиянинг Тангеранг шаҳрида бўлиб ўтган мусобақада 70 та мамлакат спортчилари ичида энг юқори балл билан 8 та энг кучли спортчилар қаторидан жой олди. Aлбатта бу шунчаки тасодиф эмас. Шубҳасиз, бу муваффақиятлар ортида қанча меҳнат, матонат бор ва энг муҳими бу оила ва жамиятнинг эътибор маҳсули десак, тўғри бўлади. Чемпион қизимизга бундан-да юқори марраларни тилаймиз.

Миробод туманида 4-сектор ҳудудида “Қўйлиқ Ота” маҳалла биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу замонавий марказ Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳар туманларида «Замонавий маҳалла» комплексларини барпо этиш тўғрисида»ги қарорига асосан қуриб битказилди. Бинонинг очилиш маросимида маҳалла аҳолиси, нуронийлар, ҳокимликнинг масъул вакиллари иштирок этишди.

Чилонзор тумани Халқ депутатлари кенгашининг “1-Бешёғоч” ва “7-Новза” сайлов округларида бўшаб қолган ўринлар учун депутатликка сайлов ўтказилди. Ҳар иккала округда ҳам сайловлар қонунчилигимиз, унда белгиланган очиқлик, ошкоралик, эркинлик ва адолат каби
умумэътироф этилган демократик принципларга тўла мос ҳолда ўтказилиб, депутатлар сайлаб олинди. Сайлов натижасига кўра “1-Бешёғоч” округига 62,4 фоиз овоз билан “Адолат” СДП аъзоси, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри актёри Александр Сатимович Бекчонов сайланди. “7-Новза” округи депутатлигига эса 72,8 фоиз овоз билан Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси, Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Муҳаммадкаримович Холхўжаев сайланди. Ҳар икки депутатимизни сайланганликлари билан табриклаймиз ва халқ хизмати йўлидаги фаолиятларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Юнусобод туманида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бу соҳада фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент шаҳар тажрибаси асосида Юнусобод туманидаги 4-сектор ҳудудидаги ўндан ортиқ маҳаллаларда “Соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тиббий маданиятни ошириш” мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Мулоқотларда мамлакатимизда катта ёшдаги аҳолининг аксарияти ортиқча вазндан, қон босими ошишидан азият чекаётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бу эса, ўз навбатида,
қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, бош мия қон айланиши фаолиятининг бузилиши, бўғим касалликлари ва бошқа бир қанча хасталикларнинг ривожланишига олиб келиши қайд этилди. Ушбу ҳолатларни олдини олиш мақсадида туманда
“Соғлом Юнусобод” шиори остида тарғибот тадбирлари, ойлик акциялар ташкил этилиб, унинг доирасида тиббий кўриклар, спорт мусобақалари ҳам ўтказилмоқда.

Миржалол МАҲКАМОВ
тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *