ПОЙТАХТИМИЗДА

Бектемир тумани Давлат солиқ инспекцияси, ИИБ ҳамда туман департаменти масъул ходимлари томонидан ноқонуний савдоларнинг олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Текширувлар натижасида 3 турдаги 152 дона, умумий баҳоси 37 минг 800 сўмлик пиротехника ва 2 турдаги умумий суммаси 29 млн. сўмлик акциз маркасиз тамаки воситалари савдосига чек қўйилди.

Кириб келаётган Янги йилда инсон саломатлигига хавф солувчи воситалардан фойдаланмайлик. Зеро, саломатлигимизни асраш ўз қўлимизда!

Олмазор туманидаги 326-сонли мактабда «Китобхонлар байрами» тадбири доирасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи ва шоир Равшанбек Мамадиевнинг «Қалампир сепилган атиргул» асарининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда 7-ҳарбий синф ўқувчилари иштирокида одоб-ахлоқ, ота-онага бўлган чексиз ҳурмат, ҳаёт сабоқлари ҳақида қизғин суҳбат ўтказилди.

Учтепа туманидаги «Oazis» савдо мажмуасида жойлашган «IT HOUSЕ» ўқув марказида «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг замонавий касб-ҳунар ўрганиши учун Ёшлар жамғармаси томонидан 55 нафар ёшга тўлов маблағлари тўлаб берилди. Бундан ташқари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан маҳаллалардаги ётоғлик ва яккаю ёлғиз нуронийлар ҳолидан ҳам хабар олинди.

Яшнобод туманидаги “Жўрабек” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси томонидан 52-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун «Анҳор» кўнгилочар боғига саёҳат ташкиллаштирилди. Саёҳат давомида ўқувчилар аттракционларда мароқли дам олиш билан бирга концерт
дастури ҳам томоша қилди. Театрлаштирилган томоша ҳамда куй ва қўшиқлар болаларга хуш кайфият улашди.

Юнусобод тумани ҳокими Б.Абдувалиев бошчилигида дам олиш кунлари ободонлаштириш тадбирлари уюшқоқлик билан амалга оширилди. Дам олиш кунлари бўлишига қарамай, корхона ва ташкилот ишчилари ён-атрофларни тозалаб, саранжом қилишди. Ҳар куни эрта тонгдан юзлаб техникалар, минглаб ишчилар кўп қаватли уйлар ҳудудидаги чиқинди йиғиш пунктлари ва марказий кўчаларда тўпланган чиқиндиларни олиб ташиб кетиш учун йўналтирилмоқда. Икки кундан буён туманнинг 6 та маҳалла ҳудудидаги 124 та уйда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жами 115,2 кв. метр майдон ободонлаштирилди. 16 та электр шит тартибга келтирилди, 30 та кириш йўлакларига ҳаракат датчикли чироқлар ўрнатилди. Ободонлаштириш тадбирлари шаҳримизнинг барча туманларида олиб борилмоқда.

Божхона янгиликлари

Коррупцияга қарши шунчаки курашиб бўлмайди! Бу жараён таъсирчан ва самарали усулларни талаб этади. Давлат божхона қўмитаси раисининг ташаббуси билан давлат божхона хизмати органларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ўзига хос креатив усул қўлланилмоқда. Эндиликда божхона постларида ходимлар хизмат олиб бораётган хоналар, кириш йўлакларига уларнинг фарзандлари билан суратлари илиб қўйилади.

Дастлабки босқичда ушбу тажриба Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳамда “Самарқанд халқаро аэропорти” чегара божхона постида жорий қилинди. Ота-она сифатида фарзандининг эртасини, келажагини ўйлайдиган, уларнинг эркин ва фаровон Ватанда яшашини истайдиган божхона ходими ҳар куни ишда фарзандларининг нигоҳини ҳис қилиб турар экан, ҳалоллик ва фидойилик тамойилларидан асло чекинмайди. Келгусида ушбу тажриба барча божхона постларида қўлланилади.

Миржалол МАҲКАМОВ

тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *