ТУМАНЛАРДА

Сергели туманидаги 300-сонли умумтаълим мактабида 4 та сектор раҳбарлари, ёшлар етакчилари ва ёшлар жамоаси учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув аввалида “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсум Тошкент шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган ёшларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шундан сўнг ёшлар ўз муаммо, таклиф ва ташаббуслари билан мурожаат қилишди.

Тадбирда 13 нафар ёш томонидан билдирилган мурожаатлар асосан, ўқув курсларига тўлов, паспорт олиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, IТ соҳасида иш бошлаш, субсидиялар асосида уй олиш, шунингдек, ногиронлиги бўлган ёшларнинг ордер олиш масалаларига доир бўлди. Барча мурожаатлар учрашувнинг ўзидаёқ ижобий ҳал этилди.


Янги ҳаёт туманидаги 2-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Унда мактаб ўқитувчилари, маҳалла фаоллари ва ўз соҳасида самарали меҳнат қилаётган тумандошлар таклиф этилди. Мактаб ўқувчилари томонидан намойиш этилган саҳна кўринишлари ва ҳарбий оркестрнинг чиқишлари йиғилганларга байрамона кайфият улашди.


Миробод туманидаги “Янги Қўйлиқ” МФЙда истиқомат қилувчи Шаҳзода Жумаева Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган “Беш ташаббус” олимпиадасида спортнинг шашка тури бўйича Республика босқичида олтин медални қўлга киритди.


Яшнобод туманидаги “Катта Қўйлиқ” МФЙда 25 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қизлар ўртасида маҳалла раиси кубоги учун спорт мусобақаси ўтказилди. Маҳаллада жойлашган 371-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг «Тарбиячи», 29-оилавий поликлиниканинг «Тиббиёт» ва 4-сектор хотин-қизларидан иборат «Маҳалла» жамоалари гимнастрада, дартс, волейбол, арқон тортиш, арғимчоқда сакраш, шашка, узунликка сакраш ва ҳалқа айлантириш бўйича ўзаро беллашдилар.

Таъкидлаш жоизки мусобақада ҳар уччала жамоа ҳам фаол иштирок этди. Умумжамоа ҳисобида «Тиббиёт» жамоаси ғолиб деб топилиб, мусобақанинг бош соврини бўлган кубокни қўлга киритди. Кейинги ўринларни эгаллаган жамоаларга диплом ва медаллар тақдим этилди. Саломатлик кунида ўтказилган спорт мусобақаси маҳалла аҳолисида катта таассурот қолдирди.


Учтепа туман ҳокими ва сектор раҳбарлари туман ҳудудида жойлашган корхоналарда бўлиб, вақтинчалик электр, энергия ва табиий газни тежаш учун ўрганишлар ўтказишди. Ўрганиш натижасида 19 та корхоналар ҳисобига жами бир кунлик истеъмоли бўлган 35 840 кВт тежалишига эришилди. Яна 7 256 та хонадонга муқобил электр энергиясини етказиб бериш имконияти яратилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *